Жамият | 14:30 / 06.07.2019
33806
2 дақиқада ўқилади

Пранкни мактаб ўқувчилари амалга оширган. Самарқанддаги «трамвай воқеаси» бўйича расмий маълумот берилди

5 июль куни интернетда Самарқандда тиббий ниқоб кийган ўспирин йигит бекатда трамвайга югуриб кириб, йўловчиларнинг юзига номаълум суюқликни сепиб, қочиб кетди, деган мазмунда хабар тарқалди. Хабарларда юзларига ушбу суюқлик теккан йигитлар шу заҳоти ҳушини йўқотгани, қолган йўловчилар эса, ваҳимага тушиб, трамвайдан югуриб тушиб кетгани айтилганди.

Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, воқеа 2019 йил 4 июль куни бўлиб ўтган. Соат 19:40 атрофида Самарқанд шаҳридаги 1-трамвай йўналишининг чой фабрикаси бекатида 2003 йилда туғилган, Самарқанд шаҳридаги 33-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Д.Т. йўловчиларнинг юзига номаълум суюқлик сепган. Йўловчилар орасида бўлган унинг олдиндан келишган шериклари эса атайин ўзини ҳушини йўқотганликка солган. Трамвайдаги бошқа йўловчилар воқеадан қўрқувга тушган. 

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасига кўра, қолган иштирокчилар ҳам мактаб ўқувчилари бўлиб чиқди. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 33-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси А.И, 7-синф ўқувчиси С.М. 42-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Т.Ю, 11-синф ўқувчиси А.И, 43-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Д.Б, 8-синф ўқувчиси Р.М.лар экани аниқланган. Ўқувчилар мазкур воқеани тасвирга олиб ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган.

Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан мазкур воқеа юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда. Вилоят халқ таълими воқеа юзасидан муносабат билдирди. Унга кўра, воқеа ёзги таътил даврида содир бўлгани учун мактаблар маъмуриятига чора кўрилмаган бўлиб бу даврда масъулият ота-оналарнинг зиммасида ҳисобланади.  

Мавзуга оид