Ўзбекистон | 12:30 / 08.07.2019
38532
2 дақиқада ўқилади

«Ўзатом» бўлажак АЭСга қандай ном берилиши мумкинлигини маълум қилди

Фото: Ҳасан Пайдоев

Жиззах вилоятида қурилиши режалаштирилаётган атом электр станцияси Ўзбекистон АЭС номини олиши эҳтимолга яқин. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов хабар берди.

«Ном ҳақида ўйлашга ҳозирча эрта, ҳали АЭСни қуриш керак. Катта эҳтимол билан, объект Ўзбекистон деб аталади», - деди Мирзамаҳмудов.

Шу билан бирга, у Ўзбекистондаги биринчи АЭС учун энг яхши ном бўйича танлов ўтказилиши мумкинлигини истисно қилмади.

Жорий йилнинг 29 июнь куни атом электр станцияси қурилиши учун танланган Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинидаги ҳудудда муҳандислик-тадқиқот ишларининг иккинчи босқичи бошланди.

Атом электр станцияси қурилиши учун танлаб олинган тахминий майдонларда муҳандислик-тадқиқот ишларининг биринчи босқичи якунлангани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди. Унда Навоий ва Бухоро вилоятларининг Тўдакўл сув омбори яқинидаги 4 та, Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида жойлашган 3 та майдонда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилгани ва ўрганишлар натижасида Жиззах вилоятининг Тузкон кўли яқинидаги ҳудуд атом электр станцияси қурилиши учун мақбул жой сифатида танлангани эълон қилинди. Айнан мана шу атом электр станцияси қурилиши учун танланган ҳудудда муҳандислик тадқиқот ишларининг иккинчи босқичига старт берилди. 

Мавзуга оид