ЮНЕСКОнинг Бокудаги саммитига борган амалдорларимиз нима ҳақида сукут сақлашди?
Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессияси бўлиб ўтаётгани ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик.
«Ўзбекистон учун бу тадбир кўп сабабларга кўра муҳим саналади: бугунги кунда биз жаҳон маданий ландшафтининг ҳаққоний ва таъсир кучига эга қисмига айланиб бўлдик ва жамоатчиликнинг маданий меросни сақлаб қолиш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлари тушуниш ва қўллаб-қувватлашга эга бўлмоқда. Мамлакатга ҳурмат-эътибордан ташқари, бу туризм ва иқтисодиётнинг бошқа жабҳаларига салмоқли фойда ҳам келтиради. Фақат биз тўғрисўз ва очиқ бўлсаккина. Лекин, амалдорларимиз томонидан Бокуга олиб борилган ҳужжатлар ҳар доим ҳам бундай бўлавермаслигини кўрсатмоқда…» — деб ёзади Anhor.uz колумнисти Юрий Черногаев.
Ҳийлами ё алдов?
Шаҳрисабз, Бухоро ва Самарқанд ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси объектлари рўйхатида Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессиясида кун тартибидан ўрин олган. Бу уч шаҳар — тамаддун тарихидан ҳикоя қилади. Уларнинг сақлаб қолиниши — бутун инсоният ташвишидир.
Бокуда 180 та давлатдан келган уч мингдан ортиқ экспертлар айнан шуни намойиш этишга ҳозирлик кўришаётган эди. Муҳим шахслардан иборат Ўзбекистон делегацияси сессияга ҳар уч объект бўйича ҳисоботларни олиб боришди. Барча ҳужжатлар — юқори даражада усталик билан тайёрланган. Афтидан, бу ажойиб қоғозбозлик иши халқаро экспертлар томонидан муносиб баҳоланади, деб ишонилган.
Бутунжаҳон мероси қўмитаси (БМҚ) 10 июлгача ишлайди, лекин 5 июль куниёқ Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати ижобий хулосаларни эълон қилди: «ЮНEСКОнинг Бухоро шаҳри бўйича резолюциясида Бутунжаҳон мероси объекти бўйича Бошқарув қўмитаси ва юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш учун Идоралараро мақсадли гуруҳ ташкил этилгани мамнуният билан қайд этилган. Самарқанд борасидаги ҳужжатда БМҚ Бутунжаҳон мероси маркази ва ИКОМОСга 2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммитини ўтказиш учун Ўзбекистон томонининг инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларини «устуворлик асосида» кўриб чиқиш вазифасини қўйди. Резолюцияга Самарқанд шаҳрини хавф остида бўлган бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш тўғрисида ҳеч қандай қоида қўшилмади».
Бир қарашда, энди ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий қўмита, Маданият вазирлиги, Самарқанд ва Бухоро ҳокимликлари бемалол яшашлари мумкин, уларга ҳеч қандай эътироз йўқдек…
Аслида ҳаммаси аксинча…
Бу ерда таассуфли, бироқ муҳим бир тафсилот борки, у ТИВ матбуот хизмати хабари ҳамда сессия ҳужжатлари ўртасидаги тафовутни кўрсатиб турибди. Оригинал ҳужжатда — Бухоро ҳақидаги резолюцияда шундай дейилган: «Бутунжаҳон мероси қўмитаси докладида Бухоро тарихий шаҳрининг аслини ва бутунлигини сақлаш ва бошқариш ҳамда ҳимоя қилиш жиддий ташвиш уйғотмоқда. ИКОМОС миссияси ҳудуд атрибутларининг OUV (Outstanding Universal Value) — бемисл универсал ва умумбашарий қиймати бузилгани ҳақида хабар берган. Янги лойиҳалар йирик миқёсдаги қурилишлар ва инфратузилмаларни ривожлантиришни ўз ичига олган, бироқ улар архитектура ёдгорликлари ва шаҳар топографияси бузилишига олиб келган. 2018 йилги миссия лойиҳаларнинг давом эттирилиши ҳам, зарар етган ёдгорликларда лозим бўлмаган усуллар ва материаллар билан гўёки тиклаш ишлари олиб борилиши ҳам объектнинг бемисл универсал ва умумбашарий қиймати (OUV) учун тиклаб бўлмас салбий оқибатлар келтириб чиқаришини қайд этган. 2018 йилги миссия объектни бошқариш тизими самарасиз, деган хулосага келган. Қўмитанинг қайд этишича, объектни сақлаш ва уни реставрация қилишнинг тегишли принципларини ишлаб чиқиш ва объектнинг бемисл универсал ва умумбашарий қийматини (OUV) ҳимоялаш учун пухта ҳуқуқий база билан таъминлаш тезкор вазифа сифатида қолаверади».
Бутунжаҳон мероси қўмитаси қабул қилган қарорда «ҳукумат томонидан эълон қилинган Бутунжаҳон мероси объекти буфер зонасида қурилиш ишларига мораторий (агар унга амал қилинаётган бўлса) таъсир доирасини кенгайтиришни, шунингдек, Бутунжаҳон мероси маркази/ИКОМОСнинг қўшма миссиясини объектга аллақачон кўрсатиб бўлинган таъсирни баҳолаш, шунингдек, унга хавф туғдирувчи омилларни таҳлил қилишни сўрайди». Охирроғида янада жиддийроқ: «Бухоро тарихий маркази» объектининг сақланганлик ҳолати Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 2020 йилдаги 44-сессияда кўриб чиқилади». Бу сўзлар ташвишдан бошқа яна бир нарсадан гувоҳлик беради: энди бизнинг «қоғозларимиз»га ишонч йўқ. Бизни текшира бошлашади.
Нега Шаҳрисабз ҳақидаги ҳақиқатни яширишяпти?
ТИВ матбуот хизмати хабарида Шаҳрисабз ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, гарчи шаҳар Бутунжаҳон мероси қўмитаси сессиясида муҳокама қилинган бўлса-да.
Бутунжаҳон мероси қўмитаси Ўзбекистонни икки йил ичида Шаҳрисабзнинг тарихий марказини реабилитация қилиш вариантларини кўриб чиқиш, Бутунжаҳон мероси объекти ҳудудида қурилиш ишларига тўлиқ мораторийни сақлаб туришга чақирган. Бундан ташқари, ЮНЕСКО Ўзбекистонга Темурийлар даври тарихий ёдгорликларини мерос рўйхатига қўшиш учун ариза беришни таклиф қилган, чунки «Шаҳрисабз — Амир Темур ва унинг шажараси ҳокимияти остида шаҳарнинг дунёвий ривожланиши чўққисига етганининг муҳим ёдгорлигидир».
Бутунжаҳон мероси қўмитаси шунингдек, «2016 йилда Шаҳрисабзнинг тарихий қисмида олиб борилган кенг миқёсдаги бузилиш ишлари туфайли хавф остида қолган Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани»ни қайд этди. 2018 йилда ЮНЕСКО Шаҳрисабзни Бутунжаҳон мероси рўйхатидан ўчириш масаласини муҳокама қилган, бироқ ҳукумат тегишли чоралар кўрилишига ишонтирган.
2019 йилнинг январида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитаси миссияси ваъда берилган ишлардан бирортаси бажарилмаганига дуч келган ва Шаҳрисабзни «йўқ бўлиш хавфи остида қолган объектлар» руйхатида қолдиришган. Бу шармандали рўйхатда Шаҳрисабз билан ёнма-ён Афғонистоннинг Бамиён водийсида «толибонлар» томонидан йўқ қилинган Будда ҳайкаллари ҳам турибди.
Самарқанд ҳақида. «Биз сизнинг ақл билан иш кўришингизга ишонамиз»
Самарқанддаги вазият БМҚнинг 43-сессиясида жиддий тарзда кўриб чиқилган. Бу шаҳар дунё тақдирига эга ва жаҳон ҳамжамияти ўзининг бу борадаги масъулиятини ҳис қилмоқда. ТИВ матбуот хизматининг шаҳар «хавф остида бўлган бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилмади», деб рапорт бериши асло бизнинг хизматимиз эмас. ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори Мехтильд Ресслер Ўзбекистон делегациясига қарата: «Биз сизнинг ақл билан иш кўришингизга ишонамиз», деган.
Мерос рўйхатидаги Самарқанднинг карточка паспортидан кўчирма:
«Сўнгги йилларда, хусусан, 2018 йилнинг июнь ойида Бутунжаҳон мероси марказига ташвишлантирувчи бир неча хабар келиб тушган: бевосита объект яқинида олиб борилаётган қурилиш лойиҳалари унинг бемисл универсал ва умумбашарий қийматига (OUV) ҳаққоний хавф туғдиради. Айниқса, бу хусусий секторда анъанавий уйлар оммавий равишда бузилиши билан боғлиқ».
2019 йилнинг январида Бутунжаҳон мероси маркази Ўзбекистондан махсус доклад тақдим этишни сўраган, бироқ БМҚ хабарига кўра, у тайёрланмаган. 2019 йилнинг мартида Ўзбекистон бошқа докладни тақдим этган, унда Самарқанднинг янги бош режаси, тарихий марказ ва буфер зонасининг деталлаштирилган лойиҳаси, янги ҳаракатланиш схемаси тайёрланаётгани баён қилинган. БМҚ ҳужжатида бу ишлар ҳақиқатда амалга оширилмагани қайд этилган, ҳудуд ҳамда буфер зонани комплекс картографиялаштириш ва ободонлаштириш 2022 йилда ўтказилиши мўлжалланаётган Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти саммитига атаб 16та меҳмонхона қурилиши учун қайта кўриб чиқилмоқда.
Саммитгача шаҳарнинг марказий кўчаси ёнидаги уйлар қайта тикланади, канал, «Регистон Плаза» ва «Афросиёб» меҳмонхоналари модернизация қилинади. Буфер зоналар чегарасида иккита саноат зонасини ободонлаштириш режалаштирилган. Турар жой биноларига туташ участкаларда кўкаламзорлаштириш таклиф этилмоқда. Аэропорт йўли бўйлаб турар жой бинолари бузилади. Бевосита буфер зоналар чегарасидан ташқарида хусусий қурилмалар бузилади ва Темурийлар услубида қайта қурилади, «фаолият кўрсатмаётган завод шаҳар эҳтиёжлари учун қайта ташкил этилади».
Ўзбекистон «Устувор лойиҳаларни лойиҳалаштиришда амал қилинадиган принциплар» ҳужжатини тақдим этган, бироқ БМҚ докладида қайд этилишича, ҳужжат гарчи назарий жиҳатдан мақбул бўлса-да, унинг амалий йўналганлиги қай даражада экани номаълум.
БМҚ маълумотига кўра, Самарқанд ЮНЕСКОдан сўнгги 20 йил ичида шаҳар ландшафтини сақлаб қолиш учун 130 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ олган. Ҳокимият хатти-ҳаракатлари туфайли натижа бутунлай тескари: тарихий ландшафт хавф остида.
«Таклиф этилаётган лойиҳалар учун асосни таъминловчи ҳужжатларнинг назорати жуда муҳим. Юқорида қайд этилган воситалар хусусий қурувчининг манфаатларини ўйлаб эмас, «жонли» шаҳарни асраш, унинг аҳолиси талабларини эътиборга олиб ва мерос қадриятларини сақлаб қолиш асосида ишлаб чиқилиши керак», — Бутунжаҳон мероси марказининг хулосаси шундай.
Бутунжаҳон мероси бўйича комиссия Ўзбекистон ўз докладида Самарқанддаги бузилишлар бўйича бирорта тафсилот келтирмаганини қайд этиб ўтган. «Шу пайтгача бузилган қурилмалар ва тозаланган участкалар ҳақида бирорта ҳужжат тақдим этилмаган, тугалланган, жорий ёки режалаштирилаётган янги биноларнинг режалари ва чизмалари йўқ. Шаҳарда амалга оширилаётган йирик қурилиш лойиҳаларининг сони ва хили кўп, улар 2022 йилгача бўлган муддатда улгуриб қолиш учун катта тезликда олиб борилмоқда. Хусусий мулк чегараларида бир қатор участкалар бузилишини тақозо этадиган «Самарқанд шаҳар туристик зонаси» кўп функцияли лойиҳаси халқаро саммит лойиҳаларига ҳам, ҳаттоки Бош режага ҳам тааллуқли эмас. Бу шунчаки хусусий ташаббус», — дейилади БМҚ комиссияси ҳужжатида.
2018 йил Самарқанд вилояти ҳокимлиги учун шармандали ва фош қилувчи йил бўлди. Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев шаҳар участкалари сотувини йўлга қўйган. Жиноий иш материалларида айтилишича, Жўраев 1 млн 850 минг доллар миқдорида пора олган ва бу пуллар ашёвий далил сифатида унинг сейфидан чиқарилган. Ўнлаб қурилиш компаниялари раҳбарлари ўтган йилнинг июль ойида Ўзбекистонни шошилинч тарк этишган. Ўшанда Ўзбекистон маданият вазири Баҳодир Сайфуллаев Самарқанднинг тарихий марказидаги қурилишлар атрофидаги вазият республика учун катта бошоғриқ бўлишини айтиб ўтган эди. Мана, шу кунларга ҳам етиб келганга ўхшаймиз…, — деб ёзади Юрий Черногаев.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилоятининг амалдаги ҳокими Эркинжон Турдимов февраль ойида Самарқанд шаҳридаги қурилиш соҳасидаги коррупция ҳақида гапириб, «Қурилишдаги пинҳона келишувлар, ҳужжатлардаги сохталиклар, тендер танловлари ёпиқлиги соҳадаги қонун бузилишлари ҳамда коррупцияга йўл очган. Айниқса, қадимий шаҳардаги айрим тарихий мерос объектларига зарар етган. Бу ҳолат UNESCO маъмуриятининг эътирозига сабаб бўлган», — деган эди.
1 июль куни ўтказган йиғилишда Э.Турдимов яна Самарқанд вилоятида барпо этилаётган қурилишлар, жумладан, турар жойлар билан боғлиқ коррупцион схемалар ҳақида гапирган.
«Шаҳарда ҳамма ёқ «ўйин». Коррупция! Қурилишга рухсат бериш учун имзоланган қарорларнинг асли йўқотиб юборилган. 85та қарорнинг асли йўқ. «Қани қарор?» десак, «Йўқ қарор. Умуман, бу қарор бўлмаган бўлишиям мумкин», деган жавобни эшитамиз», — деган Э.Турдимов.
«Яширадиган нарса қолгани йўқ ўзи: «Ўтириб ер сотамиз», дея коррупциялашган раҳбарларни айблар экан, Турдимов шаҳар марказидаги қурилишлар борасида яна огоҳлантириш берган: «Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида бирорта янги уй қуриш мумкин эмас. Давлат раҳбарининг бу борада топшириғи бор. Уй-жой қуриш учун қарор чиқариш мумкин эмас. Шу ерга ҳам қарорлар чиқарилган. 2018 йилнинг июль ой ўрталарида Бош вазирнинг мораторий борасидаги баённомаси тасдиқланган эди. Ўша баённомадан кейин ҳам қарорлар имзолаб берилган. 2018 йил декабрда, 2019 йил февралда чиққан қарорлар бор.
Лойиҳа бўйича шаҳар марказида меҳмонхона қуриш мумкин, лекин кўп қаватли уй қуриш мумкин эмас. Қурганларнинг иморати ҳам бузилади. Ҳали кўрасизлар, «шохим бор», деб юрганларники ҳам бузилади», — деган Самарқанд вилоят ҳокими йиғилишда.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024