Иқтисодиёт | 11:24 / 09.07.2019
46998
9 дақиқада ўқилади

«Нима учун Афғонистонга электр энергияси сотамиз?» — Энергетика вазири ўринбосари билан суҳбат

Сўнгги кунларнинг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуси электр-энергияси нархининг либерализация қилиниши, яъни бозорга мосланиши, оддий тил билан айтганда ошиши билан боғлиқ. Бу мавзу «Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш» номли мақола орқали сайтимизда ҳам атрофлича ёритилди. Хўш, аксарият аҳолининг кўнгли тўлмайдиган бу ислоҳотдан қандай мақсад кўзланган?

Мавзуга оид саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон республикаси Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев билан суҳбатлашдик.

– Шерзод ака, соҳага киритилаётган субсидиялар ҳажми қай даражада? Улар қачон бутунлай тўхтатилади? Электр энергия тармоғи тўлиқ эркинлаштирилиши, давлат умуман аралашмайдиган мутлақ эркин бозор қачон юзага келади?

– Ҳамма гап субсидия деганда нимани тушунишда. Соҳамиз ўз харажатини ўзи қоплайди, яъни зарарга ишламайди, бевосита давлатдан қандайдир маблағ олмайди. Аммо тизимни модернизация қилиш, эски ускуналарни алмаштириш, янги лойиҳаларни ишга туширишда албатта давлат маблағлари ёрдамга келади. Маҳсулот таннархи ва сотув нархи ўртасидаги тафовутга келсак, айрим корхоналаримизда таннарх ҳатто сотув нархидан анча қиммат, айримларида арзон. Лекин умумий миқёсда олинса, бир-бирига мутаносиб келади.

Шу саволга алоқадор бир ҳолатни айтсам. Агар энергия ишлаб чиқариш ҳудуди билан унга энг кўп эҳтиёж бўлган (яъни аҳоли зич, ишлаб чиқариш юқори) ҳудудларни солиштирсак, икки харита бир-биридан кескин фарқ қилади.

– Ўзи бу соҳага давлат мутлақо аралашмайдиган, тўлиқ талаб ва таклифга асосланган бирор мамлакат борми?

– Қизиқ савол. Жавоби – йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Сабаби аниқ, электр энергияси ҳануз кўп жиҳатдан фойдали қазилмаларга бевосита боғлиқ ва улар табиий монополиялар ҳисобланади. Шундай экан, қандай қилиб давлат аралашувисиз иш олиб бориш мумкин? Ҳаммаси давлат аралашуви қай даража эканлигида. Мана яқинда Туркияда айни шу мавзу юзасидан йирик халқаро тадбир бўлиб ўтди ва бу давлат тажрибаси кўпчиликка мисол тариқасида келтирилди. Давлат соҳа ривожи учун ҳаммага қулай ва тенг имкониятлар яратади, лозим бўлган жойда ўз кафолатлари билан ёрдамга келади. Мисол учун, табиий бойликларнинг кафолатланган таъминотини яратади, харид тизими учун ҳуқуқий асосни йўлга қўяди. Энг муҳими, янги йўналиш бўлган қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

Биз ҳам ана шу йўналишда ишлашимиз лозим. Масалан, ҳозир шу даражага етдикки, қуёш ва шамол энергиясини ишлаб чиқарувчиларни фақат танлов асосида бозоримизга киритамиз, яъни талабгор кўп. Энди улардан қайси биригадир ноқулай ҳудуддан кам майдон берсак, табиийки маҳсулоти таннархи ошиб кетади ва рақобатга дош бера олмайди, қулай, яъни қуёшли ҳудуддан катта майдон ажратсак, ўз-ўзидан нархлар тушади. Ислоҳотлардан ана шундай тенг имкониятлар яратиш мақсадлари ҳам кўзланади.

– Юнусобод туманида синов тариқасида жорий қилинган тарифлаш тартиби қандай натижалар берди? Дастлабки таҳлил мавжудми?

– Бу кичик бир ҳудудда синов тариқасида жорий қилинди ва бемалол айтиш мумкинки ўзининг ижобий самарасини берди. Сабаби электр энергиясига маълум лимит белгиланган, ортганига қимматроқ тўлаш шарт қилиб қўйилган хонадонларда сарф анча камайди. Чунки бозор механизми бу, ҳамма ўз чўнтагини ўйлаши табиий. Шундай экан, нега бутун республика бўйича қўллаш йўлга қўйилмаяпти, деган савол туғилиши мумкин. Бу лойиҳанинг ҳамма тушуниши керак бўлган нозик жиҳати бор. Ўзбекистон фақат пойтахт ёки бошқа йирик шаҳарлардангина иборат эмас. Айтайлик, Тошкент шаҳри учун бу лойиҳа тўғри келиши мумкин, мисол тариқасида бир оилага ойига 200кВт*соат ижтимоий нархда, бундан ортгани учун тижорий нархда ҳақ ундирсак. Лимит оилага етиши мумкин, ортиқчасини «бойлик учун сарф» дейлик, яъни бундан ортиғи зарурий эҳтиёжлар учун сарфланмаган. Аммо қишлоқ жойларда вазият бутунлай бошқача. Қишда иссиқлик тизими йўқ, газ йўқ, кўмир, ўтин танқис. Бундай пайтда қишлоқ аҳолиси нима қилади? Ўша «свет» бор пайтида уйни иситиб олишга, овқатини тайёрлашга мажбур бўлади ва ўз-ўзидан лимитдан ўтиб кетади. Хўш, биз бу ҳолатда бир мамлакатнинг икки хил шароитдаги аҳолисига бир хил талабни қўя оламизми? Мана буниси энди катта савол.

– Аҳоли сони ошиб бормоқда, ишлаб чиқариш кўпаймоқда, энергияга талаб кўтарилмоқда. Буни ҳаммамиз биламиз. Бу кетишда доимий танқислик ҳолатига тушиб қолмаймизми?

– Менда республика бўйлаб энергия сарфининг ҳар йиллик, ойлик ва ҳатто кунлик таҳлиллари мавжуд. Ўтган йилнинг айни шу кунлари билан солиштирганда республика бўйича сарф 6-6,5 фоизга ошганини кузатиш мумкин. Тасаввур қилиш учун айтайлик, бир йил ичида бизга худди Сурхондарё каби бир вилоят қўшиляпти. Аммо тан олайлик, узилишлар нисбатан камаймоқда-ку? Албатта, соҳада камчиликлар кўп, танқидга ҳамиша нишон бўламиз. Лекин ютуқларимиз ҳам талайгина. Қатор электростанцияларни ишга туширяпмиз, 2030 йилгача режамизни аниқ тузиб олганмиз. 2019 йилнинг ўзидаги режаларимиз билан танишсак: Намангандаги Тўрақўрғон электростанцияси – йиллик 900 мегаватт, Навоий иккинчи буғ-газ электростанцияси – 450 мегаватт, Тахиатош – 230 мегаваттли биринчи блоги бу йил, 280 мегаваттлиси 2020 йилнинг биринчи чорагида ишга тушади.

Янги қурилмалар ишга туширяпмиз, замонавий газ қурилмалар ўрнатяпмиз, уларнинг фойдали иш коэффициенти 50-55 фоиз. Советлар пайтидагидан қолган станцияларимиз 30 фоиз атрофида. Демак тизим йирик модернизацияга муҳтож. Инвесторлар шунинг учун зарур, улар учун либерал нархларни йўлга қўйиб беришимиз керак. Ислоҳотлардан мақсад бу тизим орқали даромад қилиш эмас, балки халқимиз, тадбиркорларимиз эҳтиёжини қондириш. Шундай пайтда халқимиздан ҳам, ишбилармонлардан ҳам имкон қадар энергия тежовчи қурилмалардан фойдаланишни илтимос қилган бўлардим.

– Икки йилча муқаддам соҳага оид анжуманлардан бирида аҳоли томонидан аҳоли ва тадбиркорлардаги катта қарздорлик, юзлаб миллиардлар ҳақида гапирилиб, шу маблағлар ундирилса, инвесторга ҳам эҳтиёж қолмаслиги айтилганди? Шундан кейин МИБ тузилди. МИБнинг фаолиятингизда ижобий таъсири бўлдими?

– Бўлди. Сабаби йиғимлар миқдори ошди, тўлов маданияти яхшиланди. Энг муҳими, ноқонуний уланишлар сони кескин камайди ва бундай ҳолатлар билан шуғулланувчи яхлит ташкилот пайдо бўлди. Олдин ҳам қоидалар бор эди, лекин жавобгарликка тортувчи ташкилот аниқ эмас, борларининг ваколатлари тўлиқ эмасди. Лекин барибир халқимиз тўловлар масаласига жиддий эътибор беришлари керак.

– Кўпчиликни қизиқтирган савол: нима учун биз электр энергиясини Афғонистонга сотамиз? Ўзимизда танқис бўлган маҳсулот, пули тўланмаслик хатари каби жиҳатлар ҳисобга олинмайдими?

– Бу ерда икки томон кўзланади. Сиёсий томон. Ўзбекнинг қадимий мақоли бор – қўшнинг тинч, сен тинч. Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши учун энг кўп жон куйдираётган давлатлардан биридир. Агар нотинчлик кучайса, истаймизми йўқми, биз ҳудудга қўшимча эътибор қаратишимиз керак, яъни нимадандир ютганимиз билан ниманидир ютқазамиз.

Иккинчиси масаланинг иқтисодий томони – Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси умумий ишлаб чиқаришимизнинг икки фоизини ҳам ташкил қилмайди, яъни кўп эмас. Қолаверса, биз ўзимиз харид қилаётгандан қимматроқ нархда сотамизки бу маълум миқдорда даромад олиб келади. Кўпчилик ўйлаганидек тўлов хатари ҳам йўқ – Афғонистон ойма-ой, ўз вақтида, олдиндан тўлов қилади. Тўғри, уларда аҳолидан йиғим кўрсаткичи 40 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Лекин донор давлатлар кўмаги билан ҳеч қачон қарз бўлиб қолишмайди.

Бундан ташқари, ҳозир Сурхон–Пули-Хумри йўналишида 201 километрли йирик узатиш линиялари лойиҳаси устида ҳам ишлаяпмизки, бунинг қурилиши бизнинг ишчиларимиз томонидан амалга оширилади. 2022 йилда ишга тушадиган лойиҳага кўмак бериш учун Ўзбекистон томонидан 45 млн АҚШ доллари миқдорида чегирма берилади, яъни биз бу қурилишидан даромад олмаймиз. Лойиҳа ишга тушгунича биз келажакда ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам оширамиз ва экспортни кўпайтирамиз.

Яна бир жиҳат – мамлакатимиз ўз географик, геополитик жойлашуви бўйича жуда қулай давлат ҳисобланади. Келажакда шундай тизим яратамизки, энергетик хабга айланиб, транзитдан катта даромад оламиз ва муҳими барча мамлакатлар бундан манфаатдор бўлишади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Мавзуга оид