Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АДУдаги турнақатор навбатлар ва унинг сабаблари: Андижондаги бошқа ОТМда ҳолат қанақа?
Олий ўқув юртлари минглаб талабаликни орзу қилган абитуриентлар билан тўлган палладамиз. Таълим даргоҳларидаги қабул жараёнини кузата туриб, ёшларни ўқишга бўлган қизиқишидан кўнгил кўтарилди. Бироқ, айрим ОТМларда ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида камчиликлар юзага келмоқда.

Маълумки, бу йил ҳужжатлар қабул қилиш жараёнига қатор ўзгартириш ва янгиликлар киритилган. Энди абитуриент ОТМга ўзи билан 10 та қоғоз ҳужжатларни, иш папкаси, суратларни кўтариб келмайди. Қабул электрон тарзда амалга оширилмоқда. Абитуриент қўлида — шахсни тасдиқловчи ҳужжат, маълум ўқув юртини битирганлик ҳақидаги диплом ёки шаҳодатнома бўлиши кифоя.
Андижон шаҳридаги мавжуд олий таълим муассасаларида бўлиб, абитуриент ва ота-оналарга яратилган шарт-шароитлар билан танишдик.


Андижон давлат университети биносига яқинлаша бошлашингиз билан йўлдаги машиналар тирбандлигини кўрибоқ қабул бошланганини сезасиз. АДУ ҳовлиси «ўқитувчи бўламан», деган ўспирин қиз-йигитлар билан тўла. Талаба бўлишни орзулаган ёшлар оқимининг кўплиги қабул комиссиясига қийинчилик туғдирмоқда. Кириш йўлагидаги тумонат ёшлар навбат нималигини билмайди. Тирбандлик, бир-бирини ҳурмат қилмаслик авжида. Тонг саҳардан келиб навбат кутиб турган абитуриентлар бор экан. Вазиятни ички ишлар ходимлари тартибга солиб туришибди.



Университет қабул комиссияси масъул котиби Азаматжон Маматюсупов билан дилни хира қиладиган ҳолат бўйича суҳбатлашдик.
«Бу йил университетимизнинг кундузги бўлимига 37та таълим йўналиши бўйича 2115та, сиртқи бўлимга эса 13та таълим йўналишида 875та, жами 2990та квота ажратилган бўлиб, 15 июндан қабул жараёнини бошлаганмиз.
Ҳужжат топширувчиларнинг кўплигидан тартибсизлик ва узундан-узоқ навбатлар келиб чиқяпти. Охирги икки кун давомида, коллежларда дипломлар берилганлиги учун абитуриентлар оқими яна кўпайди. Қабул ҳайъатига 220 нафар ходим ва 170 та компьютер жалб қилинган бўлса-да, улгуриш қийин бўлмоқда. 8 июль куни университетимизга 3400 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Шу кунгача қабул қилинган ҳужжатлар сони эса 18 мингдан ошган.



Тирбандликни келиб чиқиш сабаблари ДТМ дастурида узилишлар жуда кўп. Дастур жуда секин ишлайди. Банк томонидан тўловларни қабул қилишида ҳам муаммолар мавжуд», — дейди мутасадди.
Андижон машинасозлик институти. АДУдаги жараён билан танишгач, Андижон машинасозлик институтида бўлдик. Бу ерда навбат кутаётган абитуриентлар сони 50-60 нафар эди. Олийгоҳга жорий йил 16 йўналишда 820та квота ажратилган. Қабул комиссияси шу кунга қадар 3378 нафар абитуриентни рўйхатдан ўтказибди. 8 июль куни 1465 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Ёшлар бир-бир ярим соат давомида ҳужжат топшириб, институтдан чиқиб кетишмоқда. Бу ерда ҳам асосий муаммо ДТМ дастуридаги узилишлар.


Тошкент давлат аграр институти Андижон филиалида ҳам қабул комиссиясида навбат у қадар муаммо эмас. Бир соат давомида ҳужжат топшириш имконияти бор.

Андижон давлат Тиббиёт институтида 9 июль кунига деярли рекорд даражасида ҳужжат қабул қилинган. 9 июль ҳолатига – 6548 нафар. Бу республика бўйича энг кўп абитуриент қабул қилиш бўйича биринчи ёки иккинчи кўрсаткич дегани. Институтга 7 йўналиш бўйича ажратилган квота сони 520та. 8 июль куни 1250 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Олий таълим муассасаси қабул комиссиясига 80 нафар ходим бириктирилган. Институт дарвозасидан ҳужжат топшириш учун қадам босиб кирган абитуриент бир, бир ярим соат давомида жараёндан ўтиб, чиқиб кета олади.


Вилоятнинг барча ОТМларидаги қабул билан танишгач, айни пайтда абитуриентлардан ҳужжат қабул қилаётган Давлат хизматлари марказлари фаолияти билан танишдик.
Давлат хизматлари марказида
Маълумки, Давлат хизматлари агентлиги абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида Давлат хизматлари марказларида ҳужжатларни 24 соат давомида қабул қилишни жорий этди. Биз ҳужжатлар қабул қилиш жараёни билан боғлиқ саволлар билан Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилоят Бош бошқармаси бошлиғи Жамшидбек Раҳмонов билан суҳбатлашдик.


«Маълумки, бу йилги қабул жараёнидаги янгиликлар, жумладан Давлат хизматлари марказлари орқали ОТМларга ҳужжатларни қабул қилиш абитуриент ва уларнинг ота-оналари учун жуда катта қулайлик туғдирмоқда. Андижоннинг чекка туманида яшовчи оила вакилининг бошқа вилоятга ёки Тошкентга бориб ўзи ёқтирган олийгоҳга ҳужжат топшириши жуда катта ноқулайлик ва оворагарчиликларни юзага келтирар эди. Бу йилдан абитуриентлар ҳужжатларни қуйидаги бешта олий таълим муассасаларига Давлат хизматлари марказлари орқали топширишлари мумкин. Булар —Тошкент давлат юридик университети, Қорақалпоқ давлат университети, Гулистон давлат университети, Фарғона давлат университети ва Самарқанд давлат университети.
Вилоятдаги Давлат хизматлари марказларида абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш жараёни давом этмоқда. Шу кунгача қабул қилинган ҳужжатлар сони 9 июль санасига 1090 тани ташкил этди. Бу жуда оз. ДХМларда бу лойиҳа янги йўлга қўйилганлиги ва бизга вилоятдаги ОТМларга хизмат қилиш вазифаси юклатилмаганлиги учун шундай бўлса керак. Марказларимизда эса қабул жараёнини самарали ўтказиш учун ходим ва моддий техника базаси етарли даражада», — дейди Жамшидбек Раҳмонов.
Муаммолар нимада?
Юқорида келтирганимиздек, Андижондаги барча ОТМларида — ДТМ дастуридаги узилишлар, банк тўловларини қабул қилишдаги муаммолар мавжуд. Қабул 15 июндан бошланган, бироқ аксарият коллежлар дипломларини 6 июлдан бера бошлаган. Коллеж дипломини деярли бир кунда қўлга киритган абитуриентларнинг катта оқими бирданига ОТМларни «қамалга олди». Иккинчи ва учинчи йил ўқишга киришни ният қилганларга қабулни йил давомида ташкил қилиш ҳам ўз самарасини берган бўлар эди.
Бундан ташқари, абитуриентлар бу йилги қабул жараёнидаги янгиликлардан деярли хабардор эмас экан. Жорий қабулда абитуриентларга яратилган шароитлардан бири — ҳужжатларни хоҳлаган олий таълим муассасаси қабул комиссиясидан ўзи топширмоқчи бўлган олий таълим муассасасига топшириб рўйхатдан ўтиш имконига эгалигида. ОТМлар томонидан мазкур янгиликларни кенг аудиторияга етказиш учун деярли ҳаракат қилинмаган. АДУ қабул комиссияси вакили маҳаллий телевидение ва институт сайти орқали чиқишлар қилинганини айтди. Бундай овоза қилиш эса қандай «самара берганини» кўрдик.
Давлат хизматлари марказлари орқали янада кўпроқ ОТМларга қабул ташкил этиш хизматини жорий қилиш зарурият эканлиги ҳам сезилиб қолди.
Қабул жараёни тугашига оз фурсат қолган. Буёғига абитуриентлар сони кўпайиб бориши аниқ. ДТМ ва ОТМлар эса зудлик билан вазиятдан чиқиш чораларини кўришлари зарур.
Элмурод ЭРМАТОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
22:14 / 27.05.2025
«Насаф» «Андижон»ни мағлуб этиб, Ўзбекистон Суперкубоги эгаси бўлди
23:01 / 26.05.2025
Андижонда дарахт Cobalt устига қулаб тушди
19:26 / 26.05.2025
Андижонда танишлари орқали 100 минг доллар кредит олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди
07:50 / 24.05.2025