Ўзбекистон | 07:35 / 10.07.2019
34396
10 дақиқада ўқилади

Президент қарори: Ўзбекистонда нефть-газ сектори ислоҳ қилинмоқда, «Ўзтрансгаз» «Ўзбекнефтгаз» таркибидан чиқарилди

Фото: EPA

Ўзбекистон Республикаси президенти “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, геология қидирув ишлари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва нархларни шакллантириш ишларининг самарасизлиги республика иқтисодиёти ва аҳолисининг энергия ресурслари билан тўлиқ таъминланмаслигига, нефть-газ тармоғи корхоналари молиявий ҳолатининг ёмонлашувига олиб келди.

Жумладан, сўнгги 20 йилда табиий газ қазиб олиш ҳажми 8 фоизга ошгани ҳолда мамлакат корхоналари томонидан уни қазиб олиш ҳажми 29 фоизга пасайди, 2008-2018 йилда тасдиқланган табиий газ захиралари 4 фоизга қисқарди, ўтган 5 йил давомида табиий газнинг табиий захиралари ўрнини тўлдириш бўйича ўртача кўрсаткич 70 фоизга яқин ҳажмни ташкил этди.

2017-2018 йилларда молиявий маблағларнинг етишмаслиги ва моддий-техник ресурсларнинг тақчиллиги натижасида табиий газ қазиб олишнинг ўсиши прогноз кўрсаткичларига нисбатан 42 фоизни ташкил этган холос.

Тартибга солиш функциялари ва тижорат фаолиятини ўзида бирлаштирган бошқарувнинг эскирган ва шаффоф бўлмаган тизими нефть-газ тармоғи корхоналарида замонавий менежментни жорий этишга, уларнинг молиявий барқарорлиги ва рентабеллигини оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Республика иқтисодиёти ва аҳолисининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, нефть-газ тармоғи корхоналарини молиявий соғломлаштиришни таъминлаш, қабул қилинган халқаро амалиёт асосида соғлом рақобатни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, замонавий рақамли технологияларни ва илғор бошқарув усулларини жорий этиш мақсадида:

Халқаро консалтинг компаниялари ва халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича республика ишчи комиссияси тузилди.

Республика ишчи комиссияси (А.Н.Арипов) бир ой муддатда:

а) амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “йўл хариталари”ни тасдиқлайди ва бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратади:

углеводород хомашёсини қазиб олиш ҳажмларини кўпайтириш;

газ-транспорт тизимини модернизация қилиш;

табиий газни қазиб олиш, қайта ишлаш, етказиб бериш ва сотишни ҳисоб-китоб ва назорат қилиш ишларини такомиллаштириш;

инвестициявий лойиҳаларни танқидий ўрганиш ва мақбуллаштириш, шунингдек, уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш;

нефть-газ тармоғи корхоналарида молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва нарх шаклланишини такомиллаштириш;

б) Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг ҳар бир йўналиши бўйича ишчи комиссиялар таркибини тасдиқлайди;

в) ташкил қилинаётган ишчи комиссиялари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш учун халқаро молия институтлари, хорижий ҳукуматлар молия ташкилотлари (ХМИ/ХҲМТ) ва консалтинг компанияларини жалб қилиш чораларини кўради;

г) Энергетика вазирлигида бошқарув ходимлари сони 20 штат бирликдан ошмаган, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, ХМИ/ХҲМТ техник кўмаклашиш маблағлари (грантлари) ҳисобидан молиялаштириладиган нефть-газ тармоғини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш бўйича лойиҳа офиси ташкил қилинишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Монополияга қарши курашиш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлигининг Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагида тайёрланган ва қуйидагиларни назарда тутувчи “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва самарали ташкилий тузилмасини шакллантириш бўйича таклифларига розилик берилди:

“Ўзбекнефтгаз” АЖга “Ўзбурғунефтгаз” АЖ, “Ўзнефтгазқазибчиқариш” АЖ, “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ, “Ўзнефтгазмаш” АЖларни қўшиш, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ижро этувчи аппарати таркибида тугатилаётган бўғинларнинг вазифалари ва функцияларини бажарувчи тегишли бўлинмаларни ташкил этиш орқали тизим бошқарувида ортиқча бўғинларни қисқартириш;

“Ўзтрансгаз” АЖни “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидан чиқариш ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “Ўзтрансгаз” АЖ устав капиталидаги улушини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига (Агентлик) бериш;

“Ўзтрансгаз” АЖнинг газ таъминоти бўйича ҳудудий филиаллари негизида “Ҳудудгазтаъминот” АЖни ташкил қилиш ва Агентликни унинг акциядори этиб белгилаш.

Қуйидагиларга:

а) “Ўзтрансгаз” АЖга:

табиий газни кейинчалик ягона оператор сифатида етказиб бериш, жумладан, экспорт ва импорт қилиш учун газ қазиб олувчи ва қайта ишловчи ташкилотлар, шу жумладан, маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимлар асосида фаолият юритувчи қўшма корхоналар ва хорижий компаниялардан харид қилиш;

тўғридан-тўғри шартномалар асосида магистрал газ қувурига уланган истеъмолчиларга, шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан комиссия шартномалари асосида газ тақсимлаш тармоқларига уланган истеъмолчиларга табиий газни сотиш;

б) “Ҳудудгазтаъминот” АЖга:

газ тақсимлаш тармоқларини ва тегишли ускуналарни хавфсиз эксплуатация қоидаларининг норматив талабларига риоя қилган ҳолда эксплуатация қилиш;

суюлтирилган газни харид қилиш, етказиб бериш, сақлаш ҳамда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига сотиш функциялари юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Агентлик, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланди:

“Ўзнефтмаҳсулот” АЖ тасарруфидаги фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи 1 381 та автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчаларини тадбиркорлик субъектларига аукцион савдолари орқали сотиш ҳамда олис, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашнинг муқобил тизимини жорий қилиш;

газ таъминоти бўйича вилоят, туманлараро (шаҳар) филиалларига ёки уларнинг участкаларига бириктирилган газ таъминоти объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида газ тақсимлаш тармоқлари ва тегишли ускуналарни эксплуатация қилиш ва истеъмолчиларга табиий газни сотиш функцияларини бажариш учун хусусий операторлар бошқарувига босқичма-босқич бериш;

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг таркибига кирувчи корхоналарнинг асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган, шу жумладан, аввал қабул қилинган ҳукумат қарорларига мувофиқ сотиш кўзда тутилган активларини, сотувга қўйилган пайтдан бошлаб бир ой давомида талабгорлар бўлмаган тақдирда бошланғич нархни қадам-бақадам пасайтириш йўли билан сотиш;

“Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибига кирувчи ташкилотларнинг бозорлар, савдо ва чорвачилик комплекслари устав капиталидаги улушларини маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига бериш;

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг таркибига кирувчи корхоналарнинг сервис ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар устав капиталидаги улушларини Агентликка бериш;

табиий газни ва суюқ углеводородларни қазиш, қайта ишлаш, ташиш, узатиш ва сотишнинг барча босқичларида ресурслар ҳисобини юритиш бўйича электрон ускуналарни қўллаш орқали уларнинг алоҳида ҳисоби юритилишини жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига углеводород хомашёси янги конларини аниқлаш, захираларни кўпайтиришни таъминлаш мақсадида республика углеводород хомашёси захираларини жадал ривожлантириш ва қайта тиклаш, геология қидирув ишларининг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш бўйича функцияларни бериш.

Ҳозирги босқичдаги энг муҳим вазифа сифатида қуйидагилар белгиланди:

а) “Ўзбекнефтгаз” АЖ учун – 2024 йилга келиб углеводород хомашёси, шу жумладан, табиий газ қазиб олиш ҳажмини 42,3 миллиард метр кубга ва суюлтирилган газни 1,5 миллион тоннага етказиш, шу билан иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг эҳтиёжларини тўлиқ қондиришни, шунингдек, компаниянинг даромади ортишини, шу жумладан, қуйидагилар ҳисобидан таъминлаш:

инвестиция киритишнинг хорижий амалиётда кенг тарқалган шартлари ва механизмлари асосида қазиб олиниши қийин бўлган конларда углеводород хомашёсини қазиб олишга дунёнинг йирик нефть-газ компанияларини жалб қилиш;

мустақил хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда нефть-газ тармоғи корхоналарининг операцион самарадорлигини ошириш ва харажатларини мақбуллаштириш, шунингдек, уларнинг қарз юкламасини камайтириш;

ишлаб чиқилган конларда замонавий технологиялар асосида углеводород хомашёси қазиб олишнинг унумдорлигини ошириш;

2020-2022 йилларда миллий нефть-газ ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича халқаро тендер савдоларида иштирок этиш учун камида 6 та хорижий нефтсервис ташкилотларини жалб қилиш;
хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, шу жумладан, “Рақамли кон” концепциясини амалга ошириш асосида иш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш;

халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда нефть-газ тармоғидаги инвестиция лойиҳаларини танқидий ўрганиш ва маҳаллий нефть-газ қазиб олувчи корхоналарнинг реал молиявий имкониятларига қараб мақбуллаштириш;

б) “Ўзтрансгаз” АЖ учун – шу жумладан, қуйидагилар ҳисобига газ транспорт тизимининг “заиф” жиҳатларини бартараф этиш ва унинг транзит салоҳиятини ривожлантириш:

газ қувурлари ва компрессор станцияларини, шу жумладан, ХМИ/ХҲМТ маблағларини жалб этиш орқали қуриш, реконструкция қилиш;

ер ости газни сақлаш станцияларида табиий газни сақлаш ҳажмларини ошириш;

юқори босимли газ тақсимлаш пунктларида табиий газ оқимларининг мониторинги ва бошқаруви тизимини (SCADA) ҳамда автоматлаштирилган назорат тизимларини жорий этиш;

в) “Ҳудудгазтаъминот” АЖ учун – табиий газни истеъмолчиларга етказишда йўқотишларни, шу жумладан, қуйидагилар ҳисобига камайтириш:

фаолият кўрсатаётган газ тақсимлаш пунктлари ҳамда тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш;

2022 йилга қадар Табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини барча турдаги истеъмолчилар учун тўлиқ жорий этиш;

давлат-хусусий шериклик шартлари асосида газ тақсимлаш тармоқлари ва тегишли ускуналарни эксплуатация қилиш, шунингдек, истеъмолчиларга табиий газни сотиш функцияларини бажариш учун газ таъминоти объектларини хусусий операторлар бошқарувига босқичма-босқич бериш.

Мавзуга оид