Жамият | 15:16 / 10.07.2019
51025
6 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда профилактика инспектори ва унга ёрдамчи посбон юк машина ҳайдовчисини калтаклашди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманининг «Газарак» маҳалласида «To‘palang MG Holding» МЧЖга қарашли «MAN» русумли юк ташиш машинаси ҳайдовчиси Абдусалом Нуровни «Чилонзор» маҳалласининг участка профилактика инспектори Қувондиқ Эшмирзаев ва посбон Турсун Раҳматов калтаклашган. Бу ҳақда А.Нуровнинг ўзи Kun.uz таҳририятига мурожаатида маълум қилган.

Kun.uz таҳририяти ихтиёрига воқеа рўй берган вақтда ёзиб олинган аудиоёзув келиб тушди. Унда кимдир А.Нуровни ҳақоратлаб ургани, Нуровнинг ялиниб раҳм сўрагани овозлари тасвирланган. Этика қоидаларига кўра, уни эълон қила олмаймиз.

Абдусалом Нуровнинг ўзи Kun.uz мухбирига бўлиб ўтган воқеани қуйидагича ҳикоя қилиб берди:

«Мен 24 июнь куни соат 23:20ларда тунги сменада, барча ҳужжатларга эга бўлиб туриб, «Газарак» маҳалласидаги стадион қурилиши учун шағал олиб бораётганимда юқоридан оқ тусли «Матиз» русумли машина узоқни ёритувчи чироқларини ёқиб тушиб кела бошлади. Мен икки-уч марта чироқни пасайтиришга ўз автомашинамни чироғи билан ишора қилдим. Бироқ, «Матиз» ҳайдовчиси кўзни қамаштирувчи чироқни пасайтирмади. Шундан кейин «Матиз» ёнимдан ўтаётганида норозилик тариқасида сигнал чалиб ўтиб кетдим.

Шундан сўнг юкни тўкаётган чоғимда «Матиз»даги ҳайдовчилар ўша ерга етиб бориб, мени машинадан тушириб, ҳақорат қилиб аёвсиз калтаклашди. Уларнинг ҳар иккиси формада эди, иккиси ҳам спиртли ичимлик ичиб олишганди, кейинчалик билсам базмдан қайтишаётган экан.

Қўшнилар чиқиб ажрата олмади. Бир соатлардан сўнг бошлиғимни чақиртириб келишди. Бошлиғим Салимов мени уларнинг чангалидан ажратиб олди.

Мен давлатнинг формасини кийиб олган муштумзўр зўравонларга қонунчилигимизда белгиланган жазо берилишини талаб қиламан. Бундан ортиқ даъвом йўқ», —деди А.Нуров.

Ўзининг ҳикоя қилиб беришича, ўша куни А.Нуров уйига бориб ётган. Аввалига бўлиб ўтган воқеа ҳақида ҳеч кимга билдирмасликка қарор қилган. 25 июнь куни эрталаб ўрнидан тура олмагач, болалари «тез ёрдам» чақириб, Сариосиё туман тиббиёт бирлашмасига олиб боришган. Беморнинг сўзларига кўра, уни бу ерда экспертиза қилишдан бош тортишган, аввалига ҳеч қандай ҳужжат тўлдиришмаган. Сариосиё туман ИИБ мазкур ҳодисани бости-бости қилишга уринган. Фақат А.Нуровнинг ўзи ва яқинлари томонидан прокуратурага мурожаат қилинганидан сўнггина, 26 июнь куни А.Нуров Денов туманида экспертизадан ўтказилган, хусусий «Денов кардио Шифо» клиникасида бош қисмидан жароҳат олгани, Денов туман тиббиёт бирлашмасида эса саккизинчи қовурғанинг ёпиқ синиши ташхиси қўйилган.

Биз жабрланувчи А.Нуров билан 6 июль куни гаплашганимизда, шифохонага ётқизилганига 10 кун бўлса-да, ҳануз ҳеч ким ҳолидан хабар олмаётгани, бирорта тергов суриштирув ишлари олиб борилмаётганини маълум қилган эди.

Сариосиё туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Нуриддин Қодировнинг Kun.uz мухбирига билдиришича, 1966 йилда туғилган, «Тоқчиён» МФЙ «Маржона» маҳалласида истиқомат қилувчи А.Нуров 2019 йил 25 июнь куни соат 14:00да туман тиббиёт бирлашмасига келтирилган ва қайддан ўтказилган. Тегишли тарзда тиббиёт баённомаси тузилиб, шифохонага ётқизилган. Барча текширувлардан ўтказилган. Рентгенга туширилгач, чап томонлама 8-қовурғанинг синиб силжиши — ёпиқ синиши ташхиси қўйилган. Мия чайқалиши ташхисланмаган. Етказилган жароҳат ўртача оғирликдаги ҳисобланади. Н.Қодировнинг айтишича, бундай ҳолатларда шошилинч хабарнома берилади ва бу ҳолатда ҳам шундай хабарнома ИИБга берилган. Сўнгра бемор Денов туман тиббиёт бирлашмасида экспертизадан ўтказилган.

«Бемор икки кун шошилинч тез ёрдам бўлимида ётганидан сўнг, кейин умумий жарроҳлик бўлимига ўтказилган ва даволаниш курсини ўташда давом этмоқда. Барча таҳлиллар олинган, бошқа ички касалликлари ҳам аниқланиб, қўшимча касалликларидан ҳам фориғ этиш устида ишлаяпмиз», — деди Н.Қодиров.

Биз мазкур масала юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ матбуот хизматига мурожаат қилганимизда мазкур воқеа ҳайдовчи томонидан тасвирланганидан бироз бошқача бўлгани таъкидланиб, ҳозир иш билан прокуратура шуғулланаётгани маълум қилинди, холос. Иш бўйича бошқа бирорта аниқлаштирувчи тафсилот тақдим этилмади.

Воқеа иштирокчиларидан нариги тарафнинг версиясини тинглаш учун Қувондиқ Эшмирзаевга қўнғироқ қилиб боғлана олмадик.

Айни пайтда бизга маълум бўлишича, Сариосиё туман прокуратураси мазкур иш юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб бормоқда, воқеа иштирокчилари ва гувоҳлар сўроққа тутилган, воқеа юз берган жой бориб ўрганилган.

Мазкур воқеа нима билан тугаши, айбдорлар аниқланиши ва уларга қандай жазо қўллангани ҳақида келгусида қўшимча маълумотлар тақдим этамиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид