Жамият | 02:50 / 11.07.2019
6840
2 дақиқада ўқилади

Далалардаги аланга табиатга зарар етказмоқда

Фото: KUN.UZ

Тошкентдан Бекобод шаҳри томон кетадиган катта автомобиль трассаси бўйлаб ястанган ғалла далаларининг ёқилиши оқибатида чиққан аччиқ қора тутун шу атрофдаги ҳали учирма бўлмаган полапонлари бўлган лайлак уяларини ҳам қамраб олди. Бу ҳақида XXI asr газетаси ёзмоқда.

Гувоҳларнинг хабар беришича, трасса бўйлаб олтита далани ёқиш ҳолати кузатилган. Тутундан шу атрофдаги лайлаклар безовта бўлган, уларнинг чинқириғи эшитилган.

Экологик партия Марказий Кенгаш Ижроия қўмита раиси ўринбосари Ислом Хушвақтовнинг баён этишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисмида дала ва аҳоли пунктларида сомон поялари, хазон ёки шох-шаббаларни, ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорида жарима солиниши белгиланган. Шунингдек, табиатга етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, тўланади.

─ Жарималар миқдорини ошириш керак, чунки жарима оз бўлгани учун фермерлар олдиндан жаримани тўлаб, ёқишда давом этиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай ножўя ишлар асосан тунда амалга оширилади, ваҳоланки, ерни намлаб шудгор қилса, табиатга бу даражада катта зарар етказилмасди, ─ дейди Экологик партия ахборот хизмати раҳбари Эркин Омонов.

Мавзуга оид