Light | 15:38 / 11.07.2019
29097
6 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Истанбулнинг янги мега-аэропортига саёҳат!

Жорий йилнинг апрель ойида Истанбулда дунёнинг энг улкан ва замонавий аэропортига айланиши кутилаётган янги аэропорт иш бошлади. У ўзининг ҳайбати, бежирим дизайни ва кенглиги билан биринчи дақиқаларданоқ ҳайратга сола бошлайди. KUN.UZ мухбири мазкур аэропортга ташриф буюриб, махсус репортаж тайёрлашга муваффақ бўлди.

Қуйида сиз янги аэропортнинг суратларини томоша қилган ҳолда, объект ҳақидаги 5та қизиқарли фактни билиб олишингиз мумкин.

 1. Қурилиш босқичи ва жараёни

Туркия ҳукумати 2013 йилда янги аэропорт қурилишига тендер эълон қилган эди. Натижаларга кўра, IGA концерни бошқарувни қўлга киритди.

Манба: 12fly.com.my

Лойиҳа қурилиши тўрт босқичдан иборат бўлиб, у 2023 йилда тўлиқ битиши кутилмоқда. Биринчи босқич қурилиши 2018 йилнинг октябрь ойида ниҳоясига етган эди. 

Манба: 12fly.com.my

Инвесторлар ва ҳамкорлар мазкур лойиҳага 11 млрд. евро ажратишгани ҳақида хабар мавжуд. Қурилиш якунига қадар инвестиция қиймати 22 млрд. еврога етиши мумкин.

Янги аэропорт дизайнини британиялик Скотт Браунинг яратди. Бино интерьерида ислом ва турк санъатига хос нақш ва орнаментлардан фойдаланилган.

2. Аэропорт тузилиши

Янги Истанбул аэропорти шаҳар марказидан шимоли-ғарбда 35 км.да, Арнавуткёй провинциясида жойлашган. У биргина улкан терминалдан иборат бўлиб, 5 блок ҳамда 114 гейтдан иборат.  

A, B, D, F — халқаро рейслар, G — маҳаллий рейслар учун мўлжалланган.

Қурилиш ишлари якунлангач, янги аэропортнинг умумий майдони 76,5 млн метр квадратни ташкил этади. Бино томи эса  — 461 000 кв.м. бўлиб, бу 58 футбол майдони ҳажми билан тенг дегани.

Аэропортнинг барча бўлинмаси ишга туширилгач, у барча рақобатчиларидан катталиги жиҳатдан ўзиб кетиши кутилмоқда. Тасаввур қилинг, у яқиндагина қурилган Пекин аэропортидан (майдони 23 млн квадрат метр) 3,5 баробар катта бўлади.

3. Яратилган шарт-шароитлар

Бу ерда сайёҳларнинг дам олиши учун барча шароитлар мавжуд. Бош терминалда Duty Free дўконларининг майдони – 55 000 кв. метр бўлиб, у ерда жаҳон брендларининг энг сара маҳсулотларини топиш мумкин. Айрим маҳсулотлар чегирма асосида ҳам сотувга қўйилган.  

Шунингдек, туркларнинг миллий брендлари, люкс тоифадаги дўконлар, турк миллий маҳсулотлари, либослари, заргарлик буюмлари, ширинликларини харид қилиш мумкин бўлган бозорни ҳам топиш мумкин.

Эндиликда аввалгидек, егуликлар харид қилиш учун узоқ навбатда турилмайди. Сабаби, кафе ва ресторанларга жами 32 000 кв. метр майдон ажратилган. Тўғри, аэропорт ҳудудида ҳозирги вақтда ҳали барча ресторанлар ишга тушиб улгурмаган бўлса-да, қурилиш якунига қадар кўплаб брендлар иш бошлаши кутилмоқда.

Аэропортда ям-яшил ҳудуд мавжуд. Дизайнерлар бино қиёфасига замонавийлик билан бир қаторда эко-табиат услубида ҳам ёндошишган. Ҳудудда 5 миллионга яқин дарахт экилган.

 

4. Аввалги Отатурк аэропортидан фарқи

Йўловчилар ва маҳаллий аҳолининг фикрига кўра, янги аэропорт эскисига нисбатан анча қулай, ёруғроқ ва шинам. Отатурк аэропорти сўнгги 15 йил ичида йўловчилар оқимининг кўплиги, тинимсиз қатновлар, тирбандликлар сабабли рейтинги жуда ҳам пасайиб кетган эди. Унда бор-йўғи 41 гейт мавжуд эди. Шунингдек, чегара назоратидан ўтиш учун 2-3 соатгача вақт йўқотиш мумкин бўларди.

Тор дўконлар, кафелардаги навбатнинг узунлиги, кутиш залида ўриндиқлар етишмаслиги, бизнес-лаунждаги узоқ кутишлар Отатурк аэропорти йўловчилари орасида норозиликларга сабаб бўлди.

Эндиликда, янги аэропорт йилига 90 млн. кишини қабул қила олади. Яқин келажакда эса бу кўрсаткич 200 млн.га етиши мумкин.

5. Аэропортда юзага келиши мумкин бўлган кичик муаммолар   

Агарда сиз Истанбул аэропортига илк маротаба ташриф буюрган ёки транзит орқали бошқа давлатга учаётган бўлсангиз, чиптада белгиланган гейтни текширишингизни тавсия қиламан. Сабаби, аэропорт шу қадар улканки, сиз бир бурчакдан иккинчисига боргунингизга қадар 40 дақиқа вақт кетишини сезмай қоласиз.

Шунингдек, яна бир қизиқ жиҳат, аэропорт ичидаги ходимларнинг деярли кўп қисми инглиз тилини яхши билмайди. Улар кўпроқ турк тилида мулоқот қилади. Шу сабабли, вақтни зое кетказмай, белгиланган манзилга кўрсаткичлар орқали тезроқ етиб олинг.

Яна бир ноқулайлик: аэропортда бепул WI-FI топиш амри маҳол. Аэропортнинг расмий интернет провайдери сиздан рақамингизни киритиб, рўйхатдан ўтишингизни талаб қилади. Табиийки, агарда турк мобиль рақамингиз бўлмаса, Wi-Fi’га улана олмайсиз. Агарда интернет жуда ҳам зарур бўлса,”Старбакс” кафесидан бир пиёла қаҳва олиб, бепул интернетдан бемалол фойдаланишингиз мумкин.

Нима бўлганида ҳам, мазкур аэропорт ўзининг катталиги билан ҳар қандай йўловчини ўзига ром эта олади. Унда сиз ўзингизни митти одамчалардек ҳис этасиз. Муҳими, белгиланган гейт эшигига кеч қолманг!

Сафарингиз хайрли бўлсин!

Феруза Авазова тайёрлади

Мавзуга оид