Жамият | 20:22 / 11.07.2019
40844
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳоли энг кўп қандай ҳолатлар сабаб ўз жонига қасд қилаётгани маълум қилинди

Ўзбекистонда 2019 йилнинг 4 ойи давомида суицид кўрсаткичи таҳлил қилинди. Унда эркаклар салмоғи юқорилиги (57.3 фоиз эркаклар, 42.7 фоиз аёллар) қайд этилди. Эркакларда бу ҳолат уларнинг оилали, фарзандли бўлган вақтига, мустақил ҳаёт кечираётган даврига тўғри келмоқда. Улар орасидаги суицидларининг асосий сабаблари моддий таъминотга боғлиқ.  “Республикада ўз жонига қасд қилиш ҳолати ёшариб бормоқда. Ҳозирда бу кўрсаткич шу даврга нисбатан 3.6 фоизга камайди”, - дейилади Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова тақдим этган маълумотда.

Боситхонованинг таъкидлашича, Ўзбекистонда аҳоли суицидига қуйидагилар сабаб бўляпти:

·       Руҳий касаллик, асабий характер, хулқ-атворида салбийлик аломатлари юқори бўлиши, руҳиятдаги ўзгаришлар (45 фоиз).

·       Оилавий жанжаллар, хусусан, эр-хотин, қайнона-қайноталар, эрнинг қавм-қариндошлари ёки ўзининг бошқа бировлар билан жанжаллашиб қолиши (13,7 фоиз).

·       Моддий-маиший жиҳатдан кам таъминланганлик (2,3 фоиз).

·       Гиёҳвандликка ружу қўйиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўя олмаслик (1,7 фоиз).

·       Рашк туфайли (0,7 фоиз).

·       Ишхонадаги келишмовчиликлар, бошқа бировнинг шахсга тегадиган даражада ҳақорат қилиши (0,3 фоиз).

·        Бошқалар (севгани билан жанжаллашиб қолиши, ўқишга кира олмаслиги, фарзанд касаллиги ёки йўқлиги, пулини йўқотиш, бошқалар билан зиддият) (17,6 фоиз).

Қўмита раиси Боситхонова суицид воситалари ҳақида қўшимча маълумот берди. Унга кўра, ўз жонига қасд қилганларнинг 66,8 фоизи ҳаётни тарк этган. Суицид воситалари орасида ўзини осиш бирмунча кенг тарқалди, бу 76,8 фоиз ҳолатда аниқланди, ўзини ёқиб юбориш суицид воситаси сифатида кам қўлланиладиган усул ҳисобланиб, ундан суицидентларнинг 1,5 фоизи фойдаланади.

Мавзуга оид