Ўзбекистон | 07:16 / 11.07.2019
6451
3 дақиқада ўқилади

Риэлторлик фаолиятига лицензия бериш нега тўхтатилди?

Фото: Shutterstock

Давлат активларини бошқариш агентлигининг маълумот беришича, риэлторлик фаолиятига лицензия бериш ўтган йили 2018 йилнинг июнь ойида тўхтатилган.

2018 йил 11 апрелда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПФ-5409-сонли Президент фармонига асосан, тадбиркорликнинг бошқа йўналишлари қаторида риэлторлик фаолиятини лицензиялаш жараёнини соддалаштириш вазифаси қўйилди. Ушбу фаолиятни амалга ошириш учун лицензия ва малака сертификатини бериш Давлат рақобат қўмитаси зиммасида бўлган.

Шунингдек, мазкур Фармоннинг 5-иловасига асосан, риэлторлик фаолиятини лицензиялаш 2018 йил 1 июндан бошлаб (ортиқча оворагарчиликларни олдини олиш мақсадида фуқаролар доимий яшаш жойларидан лицензия олишларини таъминлаш учун) маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига юклатилган.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Давлат рақобат қўмитаси томонидан 2018 йил май ойида «Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида» ги  қарорга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мақсадида масъул вазирлик ва идоралар билан келишиб, Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳаси киритилган.

Бугунги кунда риэлторлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда риэлторлик хизматлари соҳасини ҳудудларда ривожлантириш мақсадида ҳукумат томонидан риэлторлик фаолияти учун лицензия бериш тартиби қайта кўриб чиқилмоқда. Бунда риэлторлик фаолияти учун лицензия ва риэлторлик малака сертификати бериш ваколати жамоат ташкилотлари (Риэлторлик ташкилотлар ассоциацияси) томонидан амалга оширилиши ёки бошқа давлат органлари масъул бўлиши таклифи ҳам киритилган. Ҳозирда тегишли идоралар томонидан ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, риэлторлик фаолиятини лицензиялаш ва риэлторларни сертификатлашни тартибга солиш жараёни давом этмоқда.

Риэлторлик фаолияти республика учун нисбатан янги соҳа бўлгани учун унинг қонунчилик базасини халқаро тажрибани ўрганган ҳолда шакллантириш бирмунча вақтни талаб қиляпти.

Айни вақтда, жами 272та жисмоний ва юридик шахсларга риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар берилган бўлиб, республиканинг барча ҳудудларида риэлторлик ташкилотлари фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда риэлтор бўлиш истагида бўлган жисмоний шахслар Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан риэлторлар малака сертификатини олиб, риэлторлик ташкилотларида ўз фаолиятларини олиб боришлари мумкин. Юридик шахс сифатида лицензия олиш жараёни юқорида айтилган сабаб туфайли вақтинча тўхтатилиб турибди.

Мавзуга оид