Жамият | 22:49 / 12.07.2019
45048
4 дақиқада ўқилади

Комбайн учун «доля» сўралганмиди? Оқдарё туман ИИБ раҳбари бу саволга жавоб берди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоят Оқдарё тумани ИИБ бошлиғи ғалла ўрими вақтида фермерлардан комбайнни бериш учун товон пули талаб қилгани ҳақида хабар тарқалганди. Бу ҳолатни ўрганиш учун Самарқанд вилоят ИИБ томонидан ишчи гуруҳ тузилди ва Оқдарё туман ИИБ бошлиғи ҳолатга изоҳ берди.

Оқдарё тумани ИИБ бошлиғи Баҳодир Ибрагимовнинг айтишича, туман фермерлари давлатга ғалла сотиш режасини 5 кун аввал бажариб бўлишган ва ички ишлар ходимлари режа тўлганидан сўнг ғалла йиғимига аралашмайди: «Биз режа тўлиқ бажарилганидан сўнг ғалла йиғимига аралашмаймиз, бизнинг ишимиз давлатга ғалла сотиш режаси тўлиқ бажарилгунига қадар ўрим майдонлари ва комбайнларнинг хавфсизлигини таъминлаш. Бундай гап қаердан чиққанини билмайман, балки кимдир туман номига доғ туширишни хоҳлагандир»,- деб Ибрагимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Оқдарё туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосарининг айтишича, комбайнлар фермерларнинг ерларига қараб тақсимланмоқда: «Ҳар куни эрталаб МТПларда комбайн тақсимланади. Бу жараёнда ИИБ қатнашмайди, ҳаммасини ўзимиз ҳал қиламиз»,- деб ўринбосарнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда Самарқанд вилоят ИИБ томонидан тузилган ишчи гуруҳ раҳбари сифатида қатнашган вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари - кадрлар бошқармаси бошлиғи Фарҳод Хатамов ҳам ички ишлар ходимлари давлат режаси бажарилганидан сўнг ғалла ўрими ишларига аралашмаслигини маълум қилди.

Учрашув давомида Оқдарё туман ИИБ бошлиғига йиғилишдан кетишга рухсат берган подполковник Хатамов фермерларга мурожаат қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар борасида фикр сўради ва агар туман ИИБ раҳбари чиндан қандайдир товламачилик қилган бўлса, вилоят ИИБ унга нисбатан қонуний чора кўришини маълум қилди.

Йиғилишда Оқдарё тумани фермерлари ва МТП раҳбарлари қатнашишди, аммо улардан бирортаси интернетда тарқалган маълумотларни тасдиқламади. Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Хатамов тармоқда тарқалган мажлис суратини фермерларга кўрсатди ва улар сурат чиндан кечаги, яъни 11 июлдаги мажлисдан олинганини тасдиқлашди. Аммо фермерлар учрашув вақтида зал тўла бўлганини, тармоқда тарқалган сурат учрашув бошланишидан аввал олинган бўлишини тахмин қилишди. Туман ИИБ бошлиғи Ибрагимов эса у мажлисда умуман қатнашмаганини маълум қилди.

Kun.uz расмий вакиллардан холи тарзда фермерлар билан учрашди ва улардан тарқалган гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин эканини сўради. Йиғилишда қатнашган фермерлар эса бу йил йиғимдан нолишга асос йўқлигини айтишди: «Одамларда режани тўлдирганидан сўнг 8-10, ҳатто 31 гектаргача ўрилмаган ғалла қоляпти. Қанақасига нолиш мумкин?»,- дейди фермерлардан бири. Kun.uz мухбири барча фермерларга йиғимга боғлиқ қандайдир муаммо бўлса, мурожаатчининг номи сир сақланган ҳолда суриштирув ўтказишини айтди. 

Ҳурматли ўқувчи, нафақат оқдарёлик, балки бошқа ерларда ҳам айни дамда долзарб мавзу бўлиб турган ғалла йиғим-терими билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар бўлса, Kun.uz'га мурожаат қилишингиз мумкин. Биз холис суриштирув ўтказиб, масалага ойдинлик киритишга тайёрмиз.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Мавзуга оид