Жамият | 14:15 / 13.07.2019
17034
7 дақиқада ўқилади

Хартум қишлоқнинг сувга ташна аҳолиси ёхуд Андижон туманидаги муаммолар «коллекция»си

Сув инсон ҳаёти учун қанчалик муҳимлиги ҳақида ҳар куни эсланади. Уйингизда ҳамма нарса бўлса-ю, оби ҳаёт бўлмаса чикора.

Навбатдаги мурожаат Андижон вилояти, Андижон тумани, Хартум ҚФЙ, Ўрикзор маҳалласидан келиб тушди. Бу ерда бир неча йиллардирки аҳоли сувсизликдан, йўлсизликдан ва бошқа бир қатор муаммолардан азият чекмоқда.

Ҳолатни ўрганиш учун ҳудудда бўлдик. Ҳафтанинг иш куни бўлганига қарамай кўпчилик бўлиб кутиб олишди.

Видео: Mover (tas-ix)

«Порталга ёзавериб, хижолат ҳам бўлиб қолдик»

«Бизда сув йўқ деб бўлмайди. Сув бўлади, фақат қиш ойларида. Бу уйлар 90-йилларда берилган. Ўшандан бери аҳоли йиғилиб йиғилиб, шу маҳаллалар ташкил топди. Ўтган йиллар давомида давлат томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган. Маҳалла барчасини ўз кучи билан қилиб келмоқда. Йўл четидан катта труба ўтган. Ёнига катта 20 тонналик сув йиғувчи идиш ўрнатганмиз. Труба бизнинг ҳудудга келиб тугайди. Шундан сув тушиб туради. Агар сув тўлса, насос билан ҳайдаймиз. Сув қишда чиқади, бироқ ёз келганида сув тўхтайди ва сувсизлик бошланади. Бир ҳафтада бир тўлади. Текширувга вилоят, туман «Сув оқова»си раҳбарлари келган. Бизга кўкарган дарахтларни пеш қилишади. Советлар пайтида бу ерлар колхозга қарашли бўлган ва пахта экилган. Шу вақтларда насосдан сув чиқариб берилган. Кейин ободонлаштириш вақтида насосни бузиб ташлашди. Оқибатда ҳозир ҳамма сувсиз қолди. Тағин текширувчилар келиб биздан томорқага экин экишимизни талаб қилишади. Қандай қилиб ахир? Сув йўқ-ку?», дейди Усмон Юсупов.

Усмон Юсупов

«Ҳаводан сўнг энг зарури сув бўлса керак. Биз эса ёз ўтиб кетишини кутиб яшаймиз. Сентябрь ойларида сув чиқа бошлайди. Йўл масаласида мурожаат қилсак, келиб «шу кварталда қилиб берамиз», «бунисида қилиб берамиз» деб ортга суришади. Ҳеч нарса қилинмаган эди, қайта мурожаат қилдик. Кейин келишганида шағаллаб беришни ваъда қилишди. Орадан маълум вақт ўтиб, тизим ўзгарганини, энди бу иш билан улар шуғулланмасликларини айтишди. Ёнимизда янги коттежлар бор. У ерда бу муаммолар йўқ», дейди Дилмурод Қосимов.

Дилмурод Қосимов

«4-5 йилдан бери мурожаат қиламиз. Мурожаатни туман ҳокимидан бошлаганмиз. Бир марта берган аризамиз йўқолиб қолди. Кейинги хатларимизга мана 3 йилдирки жойига чиқиб ўрганмай жавоб хатлари қилинаверди. Бу йилмас, кейинги йилги дастурга киритилди, деган жавоблар берилаверди. Порталлар очилганидан кейин қайта мурожаатлар қилдик. Жойига келишди, ўрганишди. Далолатномалар қилинди. Асфальтлаш дастурга киритилган, лекин ҳалигача бир иш қилинмади. Порталга ёзавериб, ўзимиз ҳам хижолат бўлиб қолдик. Сув бўйича ҳам, йўл бўйича ҳам вилоят раҳбарлари 2-3 марта келишди. Тўғрироғи, ўзимиз бориб олиб келдик. Лекин ўзгариш бўлмади. Тез ёрдам машинаси келиб ботиб қолаёзган ҳолатлар ҳам бўлди», дейди Баҳодир Муҳаммадиев.

Баҳодир Муҳаммадиев

Маҳалла аёлларига сўз

«Бизнинг маҳаллада 20 йилдан тортиб 3 йилгача шу ерда яшаётган одамлар бор. Ёзда сув, қишда газ ва свет муаммоси бўлади. Худдики, ташландиқ бир аҳолига ўхшаб қолганмиз. Албатта ўксинамиз. Бир кунда бир соат сув келиб қолса, ҳамма югуриб қолади. Иложи йўқ катта темир идишларда тўплаймиз. Лекин бу соғлиққа зарар-ку? Кир ювишга, болаларни ювинтиришга сув бўлмай қолади. Бир грамм сув ҳам биз учун тиллага тенг. Қишда газ йўқлигидан, ёзда эккан дарахтларимизни кесиб ўтин қилишга мажбур бўляпмиз. Қишда ташқарига чиқиб Андижон шаҳри тарафга қарасангиз чарақлаб туради. Бизда эса зим-зиё. Бир тараф коммунизм, бир тараф капитализмдек туради. Кўчалар ёмонлигидан лой кўчаларда оёқ кийимимизга елим пакет кийиб ўтамиз», дейди Зулфия Ҳайитова.

Зулфия Ҳайитова

«Менга ўғлим аравача қилиб берган. Унга бочкамизни юклаб пастдаги маҳаллага тушаман. Шу ёшда бўлиб кечаси ҳам сув олиб чиқаман. Мен бир аёл сифатида гапиряпман. Гигиена аёл кишига кўпроқ керак. Лекин қаёқдан сув топамиз? Ичишга ҳам йўқ-ку? Болаларимизни ювинтиргани ҳам йўқ. Ёмғир ёққанда қаёқдандир сув келиб қолади. Ундан мажбур чой дамлаймиз. Болалар ичиши билан ичи ўтиб кетади. Касалликлар ҳам кўпайиб кетди. Аёллар учун, оила учун энг кераги сув. Кимдир қизини чиқараман дейди, кимдир бошқа тўй қиламан дейди. Иккита қўй боқиши керак. Лекин бизда бунга шароит йўқ. Меваларимиз, гулларимизга гугурт чақинг ёниб кетади», дейди Робия Юнусова.

Робия Юнусова

Мурожаатчилар билан бирга маҳаллани айландик.

«Сувнинг маҳаллага келиб уланган қисми доим болалар нигоҳида бўлиб, агар шу жой намланса дарров уйига югуришади. Сув келибди деб хурсанд бўлишади-да», дейди аёллардан бири.

Бу кимгадир кулгили туюлиши мумкин, лекин бу ҳолат асли йиғлагулик.

Одамлар ислоҳотлар сабаб сув келишидан умид қилиб уйига лимон, пальма ва бошқа мевали дарахтлар экиб қўйиб, хато қилган - ҳовлилар чўлга ўхшаб қолган.

Шу паллада Андижон тумани ҳокими қабул ўтказаётганини эшитдик ва мутасаддилар идорасига йўл олдик. Аҳоли билан учрашаётган туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов вазият ўрганиб ҳал қилинишини, қабул кунлари келишса атрофлича ўрганиб чиқишини айтди.

Сув муаммоси бўйича эса туман «Сув оқова» хизмати раҳбари Дилшод Қўлдошевдан изоҳ олдик.

«Ўрикзор» МФЙ Ёрқин ҳаёт кўчаси тепаликда жойлашган. Ўша жойдан ўтган 600 мм.ли труба бор. Муддатини ўтаб бўлган. График асосида тармоққа сув берамиз. Маҳаллага сув чиқариш учун иншоот ўрнатилди. Махсус мотор ўрнатдик. Ўша маҳалладан бир одамни ишга ҳам олдик. Энди ҳозир ичимлик сувига эҳтиёж юқори бўлгани туфайли график асосида беряпмиз. Боғишамолдан келган линия бири Хартумга кетса, бири Асака туманига кетади. Ёзнинг иссиғида график асосида эрталаб ва кечқурун берамиз. Ичимлик суви тўлиқ таъминланиши учун 2019-2021 йилги президент дастурига киритилган. Андижон-Хонобод магистрал тармоғи қурилиши бошланди. Эски тармоқлар ҳам янгиланиб маҳалла тўлиқ сув билан таъминланади. Унгача жадвал асосида сув берамиз. Ҳозир трубаларимиз жуда эски. Ёз кунлари ичимлик сувига эҳтиёж жуда юқори. Сувни яна қўштирамиз», дея изоҳ берди мутасадди.

Дилшод Қўлдошев

Мутасаддининг сув масаласи ҳал этилиши бўйича ваъдаларини олдик. Бу ваъда бажариладими ёки йўқ? Буни олий ҳакам - вақт измига топширамиз.

Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид