Ўзбекистон | 14:36 / 16.07.2019
35493
4 дақиқада ўқилади

Видео: Ўринғоч кўлидаги бугунги ҳолат қандай?

Сўнгги кунларда ижтимоий медиа саҳифалари, шу жумладан, хорижий ОАВда Тошкент вилоятидаги Угом-Чотқол миллий боғи Ўринғоч сой ҳавзасида қонунга хилоф равишда ўрнатилган шийпонлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Атроф-муҳит ҳимоячилари ва экосайёҳлар нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги энг ноёб табиий кўллардан бири ҳисобланувчи Ўринғоч кўли бўйида дам олиш учун айвон ва шийпонлар қурилгани, чойхона хизмати ҳамда ижарага қайиқлар тақдим этилаётганидан ўзларининг норозиликларини изҳор қилишди. 

Уларнинг фикрича, табиатнинг бундай инъомини келажакка авлодга бекаму-кўст етказишнинг биргина йўли бу ерда инсонлар дам олишини чеклашдир. Kun.uz тасвирга олиш гуруҳи кенг муҳокамага сабаб бўлган кўлда нималар қилингани, бугунги кундаги ҳолати қандайлиги, қурилган шийпонлар ҳақиқатда бузилганми, деган саволларга жавоб топиш мақсадида ушбу кўл томон отланди. 

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Биз куннинг иккинчи ярмида етиб борганимиз сабабли, айни шов-шувларга сабаб бўлган Ўринғоч кичик кўли атрофидаги вазиятни ўрганиш билан чекландик. Ҳақиқатда, кўл атрофида одамлар дам олганининг аломатлари, ўчоқ ва кул ўринлари, шиша ва пластик идишлар кўзга ташланди. Кўл ҳудудининг ичкарироқ қисмига борилса, одамлар ташлаб кетган чиқиндилар ва баклажкалар сони орта боради. Атрофдан қўланса ҳид ҳам димоққа урилади. 

Биз, Ўринғоч кўлида аслида нима бўлганини сўраб, Бурчимулла давлат ўрмон хўжалиги экотуризм муҳандиси Маҳмуд Ташходжаевга мурожаат қилдик. 

-  Мана бир неча кун аввал интернетда Ўринғоч кўли хусусида турли хабарлар тарқалди. Бу хусусда фуқаролар ўз қарашларини билдирди. Натижада бу ерда ташкил этилган дам олиш масканлари бузилган. Ҳозирги вақтда кўл атрофида нималар қилиняпти?

«Биз қонун-қоидалар бузилганини олдини олдик. Табиатни муҳофаза қилиш мақсадида чоралар кўриб, айвонларни ҳаммасини йиғиштиряпмиз».

-  Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 14 июлда эълон қилган хабарида тадбиркорларга ижарага берилган деган сўзлар ҳам бор эди. 

«Бу ерда туризмни ривожлантириш мақсадида шарт-шароитлар барпо қилинган эди. Ёши катталар келади, кўпинча Ўринғоч кўлига. Айвонларда улар ўтирарди. Тепага ёшлар гуруҳ бўлиб чиқарди».

-  Савол туғилади, одамлар дам олишидан чиққан чиқиндиларни тозалаш ишлари олиб борилармиди? Ким шуғулланарди бу каби ишлар билан?

 «Шартнома асосида бу ерни ижарага олган йигитлар махсус қўйилган идишларга чиқиндиларни йиғиб, кечқурун уларни олиб кетишарди», - деди Маҳмуд Ташходжаев. 

Биз ушбу кўл сув сатҳи ёз мавсумида қанчалик пасайишига қизиқиб, суҳбатдошимизга яна савол билан мурожаат қиламиз. 

Унинг айтишича, ҳозирда унинг сатҳи 5 метрлар пасайган бўлиб, август ойи ўрталаригача 10 куб метр сув қолишини билдирди. Айрим ҳолларда, Ўринғоч кичик кўли суви қуриб қолиш ҳоллари ҳам кузатилади. Эрта баҳорда эса, яна сув билан тўла ҳолига қайтади.  

Эслатиб ўтамиз, 14 июлда ЎзР Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Бурчимулла давлат ўрмон хўжалигига мансуб Ўринғоч сой ҳавзасида қонунга хилоф равишда ўрнатилган айвонлар олиб ташланганини маълум қилди

Денгиз сатҳидан 1227 метр баландликда жойлашган ноёб Ўринғоч кўл ҳавзасида сув нефрит (кристалл) тусида жилоланади ва айнан шунинг учун бу кўл халқ орасида Нефрит кўли деб ҳам аталади.

Мавзуга оид