Ҳовуздаги қуртлаётган сув: Ургутдаги бир қишлоқ аҳли ҳаттоки кир ювишга яроқсиз сувни ичишга мажбур бўлмоқда
Ургут туманининг «Бешёғоч» маҳалласидаги ўнлаб ҳовузлар беш мингдан зиёд аҳоли яшайдиган қишлоқ аҳли учун асосий ичимлик суви манбаи бўлиб турибди.
Зарафшон дарёси суви Дарғом каналидан насос орқали тортиб олиниб вақти-вақти билан маҳалладаги ҳовузларга етказиб турилади. Аҳолининг лойқа дарё сувини истеъмол қилиши бизни бир ўйга солса, одамларнинг ана шу лойқа сувнинг ҳам мунтазам етиб келмаётганидан азият чекаётганидан минг ўйга тушасиз. Кўпинча, ҳовуздаги лойқа сув ҳам эскириб, қуртлаб кетаркан. Бундан ҳам ёмони, муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. Аҳоли йиллар давомида ичимлик сув муаммосидан азият чекиб келмоқда.
Маҳалла аҳли бугунгача, туман ҳокимлиги, прокуратураси, халқ қабулхонаси, «Сувоқова» давлат унитар корхонаси каби қатор идораларга мурожаат қилган. Ичимлик сув муаммоси ҳал этилмагач, дарё сувининг мунтазам келиб туришига ёрдам сўраб вилоят сув хўжалиги бошқармаси, «Зарафшон» ирригация тармоқлари ҳавза бошқармаси, насос станциялари бошқармаларидан ҳам сўраб кўрган. Афсуски, истеъмол учун мутлақо яроқсиз сувни ҳам доимий тарзда етказиб бериш ҳал этилмай қолаверган.
— 36 йилдан бери шу қишлоқда яшайман, хонадонлар ҳам, болалар боғчаси тарбияланувчилари ҳам, мактаб ўқувчилари ҳам барчамиз ҳовуздан сув ичамиз. — дейди бешёғочлик Мавлуда Ёқубова. — Очиқ ҳовузлар, ҳар хил нарса бор унда. Сув камайиб кетгач, ҳовуздаги сув ҳам қуртлаб кетади. Яқинда қишлоқда сув иншооти ишга тушиб ҳаммамиз хурсанд бўлиб қолгандик. Кўпга бормай, у ҳам ишдан чиқди.
Аҳоли айтган, сув иншоотини бориб кўрганимизда ростданам сув чиқмас экан. Кейин билсак, бу иншоот ишлаган вақтда ҳам у орқали кунига фақатгина 15 дақиқа сув бериларкан. Бу вақт ичида саноқли одамларгина идишларини тўлдириб олиш имкони бўлгани учун сув келиш вақти чинакам тортишув майдонига айланади.
— Айниқса, сўнгги ўн йилда ичимлик сувидан қаттиқ қийналдик. Чунки Дарғом каналидан қишлоғимизга сув тортиб берадиган насос ҳар доим ҳам ишлайвермайди. Қолаверса, сув қувури бошқа қишлоқлар оралаб келади. Ўша қишлоқлар аҳли эса қувурларни тешиб ташлашган, — дейди яна бир яшовчилардан бири.
Хонадонларда бўлганимизда аҳоли сув сақлайдиган идишларни кўрсатаркан, улар тубида тўпланган қум ва бошқа чўкиндиларга гувоҳ бўлдик. Аёллар сув таркибида қум кўп бўлгани учун кир ювиб болаларига бирор марта мутлақо тоза кийим тайёрлаб беролмаслигини маълум қилди. Ҳаттоки кийим ювишга яроқсиз бу сувни улар йиллар давомида ичиб (!) келишмоқда.
Хизмат тақозоси билан ичимлик сув муаммо бўлган қатор ҳудудларда бўламиз. Фарқи шуки, бошқа ҳудудларда кунда-икки кунда, борингки, ҳафтада бир марта махсус техникаларда аҳолига сув етказилади. Мисол учун, Самарқанд вилоятининг ўзида, Нарпай туманида бунга гувоҳ бўлганмиз. Аммо Ургутнинг Бешёғочида аҳоли лойқа, сасиган ва қуртлаган сув ичишига мутасаддиларнинг ҳеч нарса қилмасдан «чидаб» келаётганига ҳам қойил қолиш керак. Ҳеч қурса битта техника шу мақсадда ажратилмаганини биз бошқача тушунолмадик.
Дарвоқе, туман давлат санитария эпидемиология маркази ҳартугул тегишли ташкилотларга хат чиқарган экан. Жумладан, марказ раҳбари Д.Худойназаров туман «Сувоқова»га мурожаат қилиб «Бешёғоч» маҳалласидаги сув иншооти ишламаётгани, унинг таъмирлангунига қадар махсус техникаларда аҳолига сув етказиб бериш лозимлигини маълум қилган.
Туман «Сувоқова» корхонаси эса жавоб хатида махсус техника йўқлиги, сув иншооти куйгани ва жорий йилнинг 3-чорагида иншоот қурилиш ишлари бошланиши ҳақда маълум қилган.
Шу куни Самарқанд вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонаси директори ўринбосари Равшан Аҳмедов билан Ургут туманининг ўзида суҳбат уюштирдик. Р.Аҳмедов Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 июнда имзоланган йиғилиш баёни матни билан бизни таништириб, Ургут туманида 7 та ичимлик суви иншооти қурилиши учун 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилганини маълум қилди. Жумладан, туман ҳокимлиги таклифи билан «Бешёғоч» маҳалласида сув иншооти қуриш ва тармоқ тортиш учун 485 миллион сўм маблағ ажратилган экан.
Қисқаси, туман ва вилоят мутасаддилари жами 25 кун ичида Бешёғочда сув иншооти ишга тушишини маълум қилишди. Аҳоли яна 25 кун истеъмолга яроқсиз сувни ичишга мажбур. Аммо шу муддат ичида ваъда бажарилишидан жуда жуда умидвор.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.
ТАҲРИРИЯТДАН: Кўплаб вилоятлар, жумладан, Самарқандда аҳолининг томорқа имкониятларидан самарали фойдаланиш борасидаги ўтказилаётган турли йиғилишлар ва тадбирлардан хабаримиз бор. Шуни маълум қиламизки, «Бешёғоч» маҳалласи аҳли томорқадан умуман фойдаланмас, ҳовлисида бирор-бир турдаги маҳсулот етиштирмас экан. Йўқ, бу уларнинг ишёқмаслиги, дангаса ва боқимандалигидан эмас, шунчаки экин учун ҳам сув керак. Таъбир жоиз бўлса, бешёғочликлар суғориш учун бериладиган сувни ичиб қўймоқда. Оқибатда эса оддий сабзавотларни ҳам бозордан сотиб олишмоқда. Фикримизча, мутасаддилар ушбу муаммони ҳам атрофлича ўрганиб чиқишлари зарур.
Мавзуга оид
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:38 / 17.11.2024
Самарқандда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024