Спорт | 14:59 / 17.07.2019
11426
3 дақиқада ўқилади

ЎФА Турғунбоев бўйича баёнот берди. Халқаро юридик ташкилот у ҳамон «Пахтакор» футболчиси эканини аниқлади

Фото: Tribuna.uz

Азиз Турғунбоев трансфер масаласи кўп можароларга сабаб бўлди. Унинг иккита клуб билан шартнома имзолагани охир-оқибат ўзига қимматга тушди. 9 июлда дисквалификацияси тугаган Азиз «Навбаҳор» билан шартнома имзолади.

ЎФА Азиз Турғунбоев борасида баёнот билан чиқди. Унда айтилишича, халқаро юридик ташкилот Азизнинг ҳамон «Пахтакор» футболчиси эканини аниқлаган. ЎФА эса инсонийлик омилини инобатга олган ҳолда ҳар икки жамоани дўстона келишувга чорлаган.

«Биласиз, Азиз Турғунбоевнинг аввал «Пахтакор» билан, кейин эса «Навбаҳор» клуби билан шартнома имзолагани аниқланган ва бу Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича регламентнинг 5.43 бандига зид экани сабаб футболчи 2019 йилнинг 9 июль санасига қадар футболга алоқадор барча турдаги фаолиятдан дисквалификация қилинган эди.

Охирги кунларда бу масалани бетараф халқаро юридик ташкилот ўрганиб чиқиб,  чиқарилган қарор ҳуқуқий нормаларга тўлиқ тўғри келмаслиги ва юридик томондан футболчи ҳамон «Пахтакор»га тегишли эканлигини аниқлади. 

Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчининг келажак фаолиятига салбий таъсири бўлмаслиги ва кўп сонли футбол мухлислари истагини ҳисобга олган ҳолда «Пахтакор» клуби  «Навбаҳор» клуби билан дўстона келишувга эришиб, бу масалага нуқта қўйишди. Натижада Турғунбоев «Навбаҳор» клуби билан янги шартнома имзолади.

Бу каби баҳсли масаланинг халқаро миқиёсга кўтарилиши миллий футболимизнинг жаҳон футболи ҳамжамияти олдидаги обрўсига ҳам салбий таъсир этиши мумкин эканини яхши англаб, мазкур масалада футбол манфаати учун бир тўхтамга келишгани боис Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳар икки клубга ҳам миннатдорчилик билдиради ва миллий терма жамоамизга номзод футболчининг яшил майдонга қайтиб, янада чиройли ўйинлар намойиш этиши ва Ўзбекистон терма жамоасига фойда келтиришига умид билдиради»,- дейилади баёнотда.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид