Ўзбекистон | 12:00 / 19.07.2019
84785
2 дақиқада ўқилади

Бош прокурор ўринбосари лавозимдан озод этилди. У вилоят прокурорлигига тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Акмалхўжа Юсупович Мавлонов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан адлия катта маслаҳатчиси Мавлонов Акмалхўжа Юсупович Наманган вилояти прокурори лавозимига тайинланди», дейилади Бош прокуратура хабарида.

Акмалхўжа Мавлонов 2018 йилнинг августидан буён Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. У энди 2019 йил мартидан буён Наманган вилоятига прокурорлик қилиб келган ва шу кунларда ишдан олинган Рашид Раҳматов ўрнида иш бошлайди.

Наманган вилоятининг аввалги прокурори Рашид Раҳматов июль бошида, Отабек Муродов бош прокурорликдан олиниб, унинг ўрнига Ниғматулла Юлдашев тайинланишидан кўп ўтмай лавозимини тарк этган эди.

Мавлонов прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2002 йилда Давлатобод туман прокуратурасида бошлаб, Наманган вилояти прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2006 йилдан Бош прокуратура бошқарма прокурори, катта прокурори, Марғилон шаҳар прокурори (2017 йил мартигача), Сирдарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари (2017 йил), Хоразм вилояти прокурори (2017 йил 8 октябридан 2018 йил 25 февралигача) лавозимларида фаолият юритган. 2018 йилнинг февраль ойидан 2018 йилнинг августигача Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган.

Мавзуга оид