Жаҳон | 11:49 / 19.07.2019
23204
4 дақиқада ўқилади

Германия АЭС ва ИЭСдан «муқобил энергетика»га ўтмоқда: бунинг сабаби нима?

Фото: Picture Alliance

2019 йилнинг биринчи ярмида Германияда қуёш, шамол, сув ва биомассадан олинган энергия АЭС ва ИЭСдан олинган энергиядан кўпроқ бўлди. Бунга қандай эришилди ва бу нимани англатади?

Липпендорф шаҳрида EnBW энергетика концерни кўмир электростанцияси блокини вақтинча ўчирди. Сабаби эса жуда ғайриоддий: уни бундан буён уни ишлатиш шунчаки бефойда. Ис гази ажралишига қўйилган квоталар учун нархлар ошиб бормоқда, қулай об-ҳаво шароитида электр энергиясини муқобил манбалардан кўпроқ олиш мумкин. 

Натижа узоқ куттирмади: олти ой давомида Германияда қайта тикланадиган энергия манбаларидан кўмир ва атом электростанцияларидагига нисбатан кўпроқ энергия ишлаб чиқарилди. Қуёш, шамол, биомасса ва сув орқали олинган электр энергияси улуши 47,3%ни ташкил этди.

Кўмир ва АЭСларга 43,4% электр энергияси тўғри келди, яна 9,3% электр энергияси газ, қолган 0,4 фоиз энергия бошқа манбалардан, хусусан нефтдан олинди. Фраунхофер номидаги қуёш-энергетика тизимлари институти ана шундай маълумотни тақдим этди.

Энергия ишлаб чиқаришда кўмирнинг улуши кескин қисқармоқда

Agora Energiewende аналитика маркази ходими Фабиан Хайннинг таъкидлашича, бу вазият айни пайт учун хос бўлиб, унинг узоқ вақт шундай бўлиб қолиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. 2019 йилнинг биринчи ярми жуда шамолли бўлди: натижада шамол электр станциялари ишлаб чиқарган энергия ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20%га кўп бўлди. Қуёш батареялари ёрдамида олинадиган энергия миқдори 6%, газли ИЭСларда эса 10%га ошди.

Кўмирли ИЭСларда электр энергияси ишлаб чиқариш қимматга тушмоқда

Мамлакат умумий энергетикасида атом энергиясининг улуши ўзгармади, кўмирнинг улуши эса пасайди. 

Эмиссион квоталар нархи ошиб бораётганлиги сабабли кўмир ёрдамида электр энергияси ишлаб чиқариш борган сари қимматга тушмоқда. Газли электр станциялари ҳам атмосферага CO2 газини чиқаради, аммо бу кам миқдорда бўлиб, самаралироқ ишлайди.

Газли электр станциялари фойдалироқ бўлди

Одатда газ хомашёси кўмирга нисбатан қиммат бўлади. Бироқ 2019 йилнинг биринчи ярмида газ нархи арзон бўлди, шунинг учун газ билан ишловчи электр станциялари фойдалироқ бўлди. 2019 йил 29 июнь ҳолатига TTF савдо майдончасида газнинг бир мегаватт-соати нархи 10 евро атрофида бўлди, бир йил илгари у қарийб 20 евро эди.

Энергия ва сув таъминоти корхоналари федерал бирлашмасининг (BDEW) изоҳлашича, газ нархи тушишига қишнинг иссиқ келиши сабаб бўлди, шунинг учун омборларда кўп газ қолди. Бундан ташқари, Европада суюлтирилган табиий газни қабул қиладиган бир нечта янги терминаллар очилди.

Шу билан бирга, қуёш ва шамолдан электр олиш ҳажмининг ўсиши ва кўмир электр станцияларининг қуввати пасайиши атмосферага ис газининг ажралиб чиқиши қисқаришига олиб келди. 

Бирлашманинг таъкидлашича, Германия 2030 йилга келиб мамлакат энергетикасида "яшил электр" улушини 65%га етказишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид