Жамият | 19:30 / 20.07.2019
97081
11 дақиқада ўқилади

Фактларга қарши юриш. Мухбир нега ҳамкасбига тош отиб, қурилиш майдонида ўқитувчиларни излаб юрибди?

Kun.uz таҳририятига жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Имкониятлардан келиб чиққан ҳолда энг долзарб, кўпчиликнинг муаммосини ҳал қилиб бериши мумкин бўлган мавзуларни танлаймиз.

Мурожаатни жойига бориб ўрганиш ҳам алоҳида мураккаб жараён. Баъзида йиллар давомида шаклланган, икки-уч тўплам ҳужжатларга жо бўлган муаммоли ҳолатларни таҳлил қилишга тўғри келади. Масала билан танишиб, унинг ичига кириб боргунча ақл шошади. Суриштирувлар барча зиддиятли томонларни тинглаган ҳолда олиб борилади.

Энг муҳими эса масалани тўғри ва холис ёндашув билан мақола ёки видеоматериал кўринишига келтириб эълон қилишда. Ҳамиша билиб-билмай, «оқни қора, қорани оқ», демадикмикин, кимнингдир манфаатини ҳимоя қилиб қўймадикмикин, ҳақиқатдан узоқ кетиб қолмадикмикин, деган хавотирлар бўлади.

Қарангки, бир неча кун олдин Kun.uz сайтида эълон қилинган «Чустдаги мактаб муаллималари қурилиш ишларида жавлон уришмоқда. «Ўз хоҳиши» билан...» сарлавҳали мақоладан кейин «Sevimli TV» мухбири ҳам Чустга бориб, «Zamon» кўрсатуви учун журналистик суриштирув ўтказибди ва мактаб ҳудудида ўқитувчиларни ва ҳатто мактаб директорини «топа олмасдан», «Ўқитувчилар таъмирлаш ишларига жалб этилганмиди?» сарлавҳали видеолавҳасида сайтдаги мақолада келтирилган фактлар ёлғонлигини «фош этиб» қайтибди...

Келинг, ҳаммасини бошидан бошлайлик.

Видео: Youtube

Воқеанинг асли

Чуст шаҳридаги 9-мактаб ўқитувчилари сайт таҳририятига таътил чоғида дам олиш ўрнига мактабдаги қурилиш ишларига мажбуран жалб қилинаётганликлари ҳақида фото ва видеолавҳалар жўнатиб ёрдам сўрашди.

«Наманган вилояти, Чуст шаҳридаги 9-мактаб ўқитувчилари меҳнат таътили даврида мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда. Ўқитувчилар директорнинг «Келмасангиз дарс соати берилмайди», деган дағдағасидан қўрқиб ишга чиқишмоқда. Бундай ишлар қачон тугайди? Ким биз ўқитувчиларни ҳимоя қилади?», дейилганди мурожаатда.

Маълум қилинишича, ишлар 12 июль кунидан бошланган.

Шундан сўнг, сайт вакиллари вазиятни ўрганиш учун Чустда бўлишди ва мактаб ҳудудида жазирама иссиқда қурувчилар билан тенгма-тенг меҳнат қилаётган муаллималарни учратишди. Турли юмушларни бажараётган педагоглар фотокамера нигоҳидан қочишга ҳаракат қилишган ва суҳбатлашишни исташмаган.

Мактаб директори Равшаной Исмоилова ўқитувчилар мактаб ҳудудида ишлаётганини тасдиқлаган.

«Мактабимизда «Обод марказ» дастури асосида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 1 августгача топширилиши керак.

Ўқитувчилар таътилга чиқишган. Фақат бир кунга ҳашар қилиб чақирдим. Ҳеч кимни мажбурлаб ишлатаётганим йўқ. Қайси ўқитувчи эътироз билдирибди? Фамилиясини айтмадими? Мактаб ичида-ку, ташқарида эмас-ку? Ҳашар қилиб чақиргандим. Мактаб атрофида ишлар кўп, биров четдан келиб қилиб бермайди-ку? Мен бир ўзим қила олмайман-ку?

Шукрона келтиришимиз керакки, мактабимиз қандай аҳволда эди-ю қандай бўляпти? Юргандик-ку ёмон шароитларда», деган мактаб директори.

(Унга қўшилган бошқа бир ўқитувчи эса ора-орада бир кундан келиб кетишаётганини айтган. Яъни, мактаб директори айтганидек фақат бир кун эмас. Таҳририятда бошқа куни ҳам ўқитувчилар тозалаш ишларида ишлагани тасвирланган видео бор. Қолаверса, мактаб директори бир сафар ўқитувчилар мактаб ичида ишлаётганини рўкач қилса, унинг давомидан мактаб атрофида ишлар кўплигини айтмоқда).

Мактабга туман халқ таълими бўлими мудири Шавкатбек Йўлдошев етиб келган. У Чуст туманидаги 9та таълим муассасасида қурилиш ишлари кетаётгани ҳақида гапириб, ўқитувчилар мактабда ишлаётганидан бехабарлиги, техник ходимлар ишлаётган бўлиши мумкинлигини айтиб турганида, ичкарида қурувчилар билан меҳнат қилаётган ўқитувчилар чиқиб келишган.

ХТБ бошлиғи уларни кўргач, «йўқ, булар техник ходимлар, ўқитувчилар эмас», дея олмаган.

Офтоб урмаслиги учун оқ ёпинчиқлар ёпинган аёлларнинг барчаси ХТБ бошлиғи олдида ўқитувчи эканликларини ва ўз хоҳишлари билан мактабга келиб, ишлаётганини айтишган. Ўзини бошланғич синф ўқитувчиси Саноатхон Абдураҳмонова деб таништирган ўқитувчи 10 июнь куни таътилга чиққанини айтади. Инглиз тили ўқитувчиси Бурайма Мамадалиева эса икки ой ичида иккинчи марта ишга чиқишгани ҳақида гапиради.

«Икки ой ичида иккинчи марта келишимиз. Ихтиёрий келдик. Агар биз ишласак мудиримиз ва мактаб директори бундан хижолат бўлса бошқа келмаймиз.

Энди-да. Айтмоқчиманки, ҳар куни жалб қилишмайди-да. Чунки ўзимиз ташаббус қилиб директорга телефон қилиб турамиз-да, биздан нима хизмат, нима қилиш керак деб. Ташаббус билан иккинчи марта чиқишимиз-да, тўғриси. Кимгадир малол келиб, шикоят қилган бўлса ўзига-да. Жавобгарлиги ўзига. Ишлашни истамагандир-да. Келмасинда унда.

Биз кўчадан ўтаётганимизда ҳамиша директор ўтирган бўлади. Кейин телефон қилиб, Равшаной биздан нима ёрдам, бизам ҳисса қўшайликми, деб сўраймиз. Бўпти эртага келинглар дедилар. Келиб озроқ тозалов қилдик», дейди Бурайма Мамадалиева.

Шундай қилиб, барча «қурувчи-ўқитувчилар» бир овоздан қурилишга ўз хоҳишлари билан келишганини жўр бўлиб изҳор этишган. Буларнинг барчасини аудиоёзувларда эшитиб олишингиз мумкин.

Эътибор қаратинг, мана шу суратдаги, сўри атрофида турганларнинг барчаси ўқитувчилар...

Бундан бир неча кун ўтиб тайёрланган лавҳада телеканал мухбири Чустдаги 9-мактабга бориб, қурилишда ишлаётган ўқитувчиларни излайди.

Ахир бу мактабда мажбурий меҳнат аниқланиб, бу масала ижтимоий тармоқда кенг муҳокама бўлаётган бир пайтда ўқитувчиларни яна мактабда ишлатилаётган ҳолда кўрмоқчи бўлиш мантиқданми?

Чуст тумани ҳоким ўринбосари Зуҳриддин Бойбоев телеканал мухбирига берган интервьюсида қурилиш ишларига ўқитувчилар ва шифокорлар жалб қилинмаганини айтиб ўтган.

«Бу ишларнинг барчаси тизимли равишда йўлга қўйилган. Қурилиш ишларига халқ таълими, мактабгача таълим ёки соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари жалб қилинмаган. Мутасаддилар, мактаб директорлари ва соғлиқни сақлаш бошқармалари, мактабгача таълим бошқармалари раҳбарларини йиғиб, соҳа ходимларининг бирортасини бу ишларга жалб қилмаслик кераклиги тушунтирилган», дейди ҳоким ўринбосари.

Ваҳоланки, юқорида ҳеч ким ўқитувчилар мактабдаги ишларга жалб этилганини инкор қилмаганди. У Чустдаги 4та мактабда «Обод марказ» доирасида ишлар олиб борилаётганини айтгани ва бу гап халқ таълими бўлими мудири Шавкатбек Йўлдошевнинг 9та таълим муассасасида қурилиш ишлари кетаётгани тўғрисидаги гапларига мос келмаётгани эса бошқа масала.

Мактабдаги қурилишларда ўқитувчилар ва техник ходимлар ишлаётгани устидан чиқмаган мухбир халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Даврон Араловдан ҳам интервью олган.

«Ўқитувчиларни ва техник ходимларни график асосида таътилга чиқарамиз. 1 июль куни мактаб директорлари ҳам тўлиқ таътилга чиқиб бўлган. Мана, ўзларинг ҳам кўриб турибсизлар, мактабда ходимлар, директор ўринбосарлари ва ҳатто директор ҳам йўқ. Айланиб, кўриб чиқдик», дейди мудир ўринбосари.

Ҳолбуки, Kun.uz сайти мухбири бир неча кун олдин шу мактабда бўлганида мактаб директори ҳар куни шу ердалиги яшириб ўтирилмаганди.

Телеканал мухбири «ижтимоий тармоқларда тарқалган» (яъни, Kun.uz сайтида) 10дан зиёд суратлар ичидан иккитасини танлаб, ўша суратдаги аёлларни топибди.

Мухбир ХТБ мудири Шавкатбек Йўлдошев, мактаб директори Равшаной Исмоилова ва суратлардаги йигирмага яқин ўқитувчиларни айланиб ўтиб, «Меҳнатобод» МФЙ ободонлаштириш унитар корхонаси иш юритувчиси Азиза Ўринова ҳамда ўша куни мактаб ҳудудида ишлаган ишчилар Зиёда Ўзозалиева ва Шоира Амануллаевани топиб, улар билан гаплашган.

МФЙ масъулининг тумтароқ гаплари бир неча марта кесилган ва жуда ишончсиз кўринган. Лекин гап бундамас.

Маълумки, маҳалладан жамоатчилик ишларига жалб қилинган аёллар асосан тумандаги ободонлаштириш ишларида фаолият юритишади.

Унда улар 9-мактабни таъмирлаш учун ёлланган бош пудратчи «Обиджон Акмалхон ҳамкор» МЧЖнинг қурилиш майдонида нима қилишяпти? Ёки бу аёллар қурилиш ташкилоти билан шартнома тузганми? Иш ҳақи оладими? Агар жамоатчилик асосида ишлаётган бўлса кўчада ўз ишини қилмайдими? Булар меҳнат инспекциясига саволлар.

Телевидение ижодкорлари суратлардаги қатор турган бошқа аёллар - ўқитувчиларни топиб гаплашишни исташмаган кўринади. Уларнинг юзлари суратларда аниқ акс этган бўлиб, раддиячи мухбир туман халқ таълими бўлимига мурожаат қилганида, мактаб директоридан сўраганида ўқитувчиларни топиш мумкин эди.

Лавҳа давомида мухбир жон-жаҳди билан 9-мактабда ўқитувчилар умуман мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганини исботлашга уринган, сайтда, телемухбир таъбири билан айтганда «ижтимоий тармоқ»да ёритилган масала қўштирноқ ичидаги «мажбурий меҳнат» деб аталган, мухбир мутасаддилар айтган гапларга ишониб қайтган. Ахир кимдир уни ҳақиқатни яширишга мажбурламагандир?

Лекин Kun.uz сайтидаги биринчи мақолада ўқитувчилар томонидан йўлланган мурожаатга фотолар ва видеолавҳалар илова қилингани айтилганди-ку? Умуман, телемухбир ишга киришишдан олдин мақолани ўқиганмиди?

Мутасаддилар мактаб ўқитувчиларини, умуман бюджетдан маош олувчи соҳалар ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиши ҳолатлари аввал ҳам бўлган, бугун ҳам бўлмоқда, бундан кейин ҳам давом этади. Шу кунларда ҳам республиканинг турли чеккаларида халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳалари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани тўғрисида кетма-кет хабарлар чиқиб турибди. Гоҳ Косонсойда ўнлаб мактаблардан сафарбар этилган ўқитувчилар бетон қуйишса, гоҳ Бухоро давлат университети ўқитувчилари тозалаш-қурилиш ишларида қатнашмоқда, гоҳ Марғилон шаҳрида коллеж ўқитувчилари уй бузиш ишларига жалб этилса, гоҳ Зомин туманида тиббиёт ходимлари магистрал йўлда тозалаш ишларига мажбурий олиб чиқилмоқда.

Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилаётганига шунча фактлар бўла туриб, нега «Sevimli TV» мухбири Умида Қўшоқова ўзини гўлликка солди, билиб билмасликка, кўриб кўрмасликка олди, ҳамкасбларига тош отди ва ишни тўлиқ ўрганмай туриб ўзини ғолибдек тутди? Телеканал нега ўз аудиториясига ёлғонни кўрсатмоқда? Нега ҳокимият вакиллари алдашмоқда? Нега бир-бирини инкор қилувчи гаплар билан шарманда бўлишлари ҳақида ўйлашмаяпти?

Чустдаги мактабда рўй берган мажбурий меҳнат воқеаси ҳам Бандлик ва меҳнат муносабатлар вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги томонидан ўрганилмоқда. Ишонч билдирамизки, воқеа чуқур таҳлил қилиниб, айбдорлар чора кўрилади.

Телеканаллар мухбирларини эса ҳадеб интернет сайтлари хабарларига раддия тайёрлашга шошилмасликка, лавҳа тайёрлаётганда воқеани чуқурроқ таҳлил қилишга, имкон қадар холис бўлишга чақириб қоламиз.

Қаршиев Азиз,
Элмурод Эрматов

Мавзуга оид