Жамият | 22:10 / 21.07.2019
40656
5 дақиқада ўқилади

«Апрелдан бошлаб ғишт ва қум ташишга жалб қилиндик». Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Чустдаги ўқитувчилар билан суҳбат ўтказди

Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши вакиллари Наманган вилояти Чуст туманидаги 9-умумтаълим мактаби ўқитувчилари таътилда бўлишларига қарамай мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақидаги маълумотни тўлиқ ўрганишди.

Kun.uz сайтида мазкур мавзуда «Чустдаги мактаб муаллималари қурилиш ишларида жавлон уришмоқда. «Ўз хоҳиши» билан...» сарлавҳали мақола эълон қилинган, бу мавзу ижтимоий тармоқда кенг мунозара қилинган, «Севимли ТВ» мухбири ҳам ҳолат юзасидан журналистик суриштирув ўтказиб, аслида мактабда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилмагани ва бу ҳақдаги хабарлар ёлғонлиги айтилган видеолавҳа тайёрлаганди.

Касаба уюшмаси томонидан ташкил этилган ўрганиш жараёнида Наманган вилояти, Чуст тумани халқ таълими бўлими мудири Шавкатбек Йўлдошев ҳамда 9-мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари билан суҳбат ўтказилган. Педагоглар суҳбат давомида шу йилнинг апрель-июль ойларида 9-мактабда бошланган қурилиш ишларига навбатма-навбат жалб қилинганликларини сўзлаб беришган.

Таълим муассасасидаги барча ўқитувчилар июнь ойидан қонуний, буйруқ асосида меҳнат таътилига чиққан бўлишларига қарамай, қурилиш ишларида қум ва ғишт ташишга, мактаб ҳудуди ва унинг атрофини тозалашга мажбур бўлишган.

«Апрель ойидан буён эркак ўқитувчилар умуман дарс ўтмади, чунки қурилишда ишлашди. Аёл ўқитувчилар эса соғлиги кўтармаган ҳолда мардикор олиб келишга мажбурланди. Ишлаётган эркак ўқитувчиларга овқат пулини ҳам йиғиб бердик. Бунинг орқасидан оилада турли муаммоларга дуч келяпмиз. Келмайлик десак, директор «Сентябрдан сенга дарс йўқ. Ўрнингга бошқасини оламан!», деб дағдаға қилади. Деярли тўрт ойдан буён босим остида ҳар шанба-якшанба кунлари қурилишда ишлаб, охири журналистларга мурожаат қилишдан бошқа иложимиз қолмади. Айтинглар, қайси замонда яшаяпмиз ўзи?», дейди ўқитувчилар касаба уюшмаси бош мутахассиси Лазокат Турикова билан суҳбат вақтида.

Муаллималар мактабда муҳит яхши эмаслигини, директор томонидан қонунлар мунтазам равишда бузилишини, доимий таҳдид остида ишлашлари, қурилиш ишларига ҳатто соғлиги ёмон бўлганлар ҳам мажбурланганини билдиришган.

Касаба уюшмаси вакилларига педагоглар ўз норозиликларини ёзма равишда тақдим қилишган. Шунингдек, видео ва аудио маълумотлар ҳам олинган.

Вазиятга тегишли қонунлар талаби бўйича ёндашадиган бўлсак, ободонлаштириш ва қурилиш ишларига жалб қилиш учун ходимларнинг ёзма розилик хати ва иш берувчининг ёзма буйруғи бўлмаган.

Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 130-132-моддаларига кўра, ходимларни дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланади. Иш берувчининг фармойиши бўйича, айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоат шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб, белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади.

Меҳнат кодексининг 157-моддасига асосан, иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунларидаги ва байрам кунларидаги ишлар учун икки баробар миқдорда ҳақ тўланади.

Касаба уюшмаси бош мутахассиси Лазокат Турикова ўрганишлардан сўнг Чуст туман халқ таълими бўлими мудирига тақдимнома киритиб, Чуст туманидаги 9-мактабда дам олиш кунлари ва меҳнат таътили даврида ободонлаштириш ишларига жалб қилинган 50 фоиз атрофидаги ўқитувчилар рўйхатини тузиб, Меҳнат кодексининг 130, 131, 132 ва 157-моддаларига асосан «отгул» бериш ёки икки ҳисса иш ҳақи чиқариб беришни, тумандаги мактаблардаги ҳолатлар бўйича мониторинг ўтказишни, туманда меҳнат ҳуқуқлари бўйича семинар ташкил қилиш каби талабларни баён қилган.

Республика кенгашининг «Ходимлар ҳуқуқини тиклаш бўйича тақдимнома»сига асосан Чуст туман халқ таълими мудири Шавкатбек Йўлдошев буйруғи қабул қилиниб, ижро учун йўналтирилган. Мазкур буйруққа асосан, дам олиш кунлари ва меҳнат таътили даврида ободонлаштириш ишларига жалб қилинган 40 нафар ўқитувчи рўйхатда белгиланган муддатларга асосан, таътил пайтида ишлаган кунлари учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 124, 130, 131, 132 ва 157-моддаларига асосан, жорий йилнинг август ойида тўлиқ дам олишади, яъни уларга август ойи бошидан қонуний таътилдан қайтган кунларидан бошлаб сентябрга қадар «отгул» берилади (дам олишади), шу билан бирга иш ҳақи тўланади.

Бундан аввалроқ, Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан чиқарилган расмий буйруққа асосан 9-мактаб директори Равшаной Исмоилова директорликдан бўшатилгани хабар қилинганди.

Элмурод Эрматов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид