Ўзбекистон | 12:30 / 21.07.2019
32882
3 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинган Чустдаги мактаб директори ишдан кетди. ХТБ мудири ва ҳоким ўринбосарига ҳозирча жазо йўқ

Наманган вилояти Чуст туманидаги 9-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Равшаной Алимовна Исмоилова билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 97-моддаси 2-бандига мувофиқ бекор қилинди. 

Kun.uz манбаси хабар беришича, мактаб директори ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган.

«Фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллари учун пулли компенсация тўлаш ҳамда у билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиб бериш туман халқ таълими бўлими марказлашган ҳисобхона бош ҳисобчиси томонидан амалга оширилсин», дейилади Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи В.Ражаповнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғида.

Чуст туман халқ таълими бўлими мудири Шавкатбек Йўлдошевга 3 кун муддатда 9-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчиси лавозимига номзод тавсия этиш вазифаси топширилган.

16 июль куни Kun.uz сайтида Чуст шаҳри марказидаги 9-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчилари таътил вақтида мактабдаги қурилиш ишларида ишлатилаётгани ҳақида «Чустдаги мактаб муаллималари қурилиш ишларида жавлон уришмоқда. «Ўз хоҳиши» билан...» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатни ўз назоратига олди.

17 июль куни Халқ таълими вазирлиги ушбу мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақидаги хабарларни ўрганаётгани, ушбу ҳолатга йўл қўйганларга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги доирасида чора кўрилиши ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида Наманган вилоятининг бошқа бир тумани Косонсойда мактаблар ўқитувчилари бетон қуйиш ишларига жалб этилган, бу иш вазирликлар томонидан ўрганилгач Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинчалик бажарувчи Ф.Н. вазифасидан озод этилган, Косонсой туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мубилло Исомиддиновга маъмурий жазо (жарима) қўлланганди.

Чуст туман халқ таълими бўлими мудири Шавкатбек Йўлдошев

Чустда эса туман халқ таълими бўлими мудири Шавкатбек Йўлдошев ва туман ҳокими ўринбосари Зуҳриддин Бойбоевга чора кўрилгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Мавзуга оид