Иқтисодиёт | 17:40 / 22.07.2019
81544
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ер тасарруфи: кеча, бугун, эртага

Қишлоқда туғилиб ўсганман. СССР қишлоқ хўжалиги даврини кўрдим, мустақилликдан кейин шакллантирилган қишлоқ хўжалигини кўрдим, энди, мана, Шавкат Мирзиёев бошлаб берган янгиланиш даврини кўряпман ва бу даврлар орасида фарқларни кузатишга уриняпман. Мен сиз ўқувчига бугун ўз маҳаллам ҳаёти мисолида даврлар алмашиши қишлоқ ҳаётини ва қишлоқ хўжалигини қай тарза ўзгартиргани ҳақида айтиб бермоқчиман.

Собиқ СССР

Хусусий мулкчиликка тиш-тирноғи билан қарши турган СССР тузуми, табиийки, қишлоқ хўжалигини ҳам ўз қолипига солган эди — ҳаммаси давлат томонидан белгиланадиган режага мувофиқ юритилар, «бизга бунча картошка керак, бунча нон зарур», деб юқоридан белгиланар ва ўша режа бажарилар эди. Аммо ҳатто ўша СССР тузуми устида турганлар ҳам бир пайт келиб қишлоқ хўжалигада хусусий мулкчиликсиз ишлар битмаслигини англаб, хусусий томорқачиликка ўрин беришди. Бунинг натижасида, масалан, бир пайтлар (СССР даврида) маҳалладошларим ҳар йили сал кам ёппасига карам экишар ва «заготконтора»га топшириб, даромад олишар эди. Яна, масалан, СССР пайтидаёқ биз томонларда камдан-кам одам гўштни магазиндан сотиб оларди — қассобхоналарни гўшт билан айнан уйларда (томорқаларда) мол боқувчилар таъминлашар эди. Яъни, хусусий сектор ҳатто СССРнинг оғирини енгил қилиб турган. Аммо асосий улуш давлат измида эди.

Салкам ҳамма нарсаси давлатники, яъни нарсаларининг тайинли эгаси бўлмаган СССРда талон-торожликлар олдини олиш борган сайин қийинлашиб бораверди. Зеро, назоратчи идораларнинг ўзи секин-аста ўғриликка мубтало бўлди. Камчиликларни ошкор қилиш СССР тузумида ўта қийин кечгани боис тузум ўз-ўзини тузата олмади ва... охир-оқибат СССР қулади.

Мустақиллик

1991 йил. Парчаланган «иттифоқ» ачинарли манзарани ҳосил қилган эди — чилпарчин бўлган иқтисодий алоқалар мустақил давлатларни салкам очарчилик ёқасига олиб келиб қўйди. Очарчилик эса оммавий норозиликларга олиб келиши мумкин эди. Шундай пайтда Ўзбекистонни очарчиликдан (оммавий норозиликдан деб айтсак ҳам бўлади) миллионлаб қишлоқ оилаларига томорқа участкалари берилгани қутқариб қолди — миллионлаб қишлоқ одамлари ўзларини томорқаларга уришди, бозорлар маҳсулотга тўлди, минглаб тонна мева-сабзавот (асосан собиқ совет республикаларига) сотилди. Мамлакат қийин аҳволдан чиқиб олди.

Яъники, ерни одамларга эркин фойдаланишга бериш – тўғри, самарали йўл экан. Биз учун муҳим хулоса шу. Аммо, қийин аҳволдан ўтиб олингандан кейин, мазкур хулоса четда қолиб кетди – қишлоқ хўжалигида хусусий мулкчиликни шакллантиришдан воз кечилди. Буни 1921 йилда большевиклар ҳукумати қўллаган усул — НЭП (новая экономическая политика)га қиёсласа бўлади. Иқтисодий тангликдан чиқиб кетиш учун совет ҳокимияти ўшанда аҳолининг моддий манфаатга интилиш омилидан фойдаланган — хусусий мулкчиликка эркинлик берган эди. Тангликдан чиқиб кетиб, ишлар ўнглангандан сўнг эса бундан воз кечилган эди.

Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистон раҳбарияти олдида муҳим масала гавдаланди — колхозларни ислоҳ қилиш.

Колхозлар

Қишлоқ хўжалигида 70 йил ҳукм сурган колхоз тизими бозор иқтисодиётига зидлиги боис уни ислоҳ қилиш, моддий манфаатдорликка суянган янги тизимни юзага келтириш, қишлоқ хўжалигида эга ҳиссини шакллантириш, қишлоқларимизда миллиондан ошиқ эркин деҳқонлардан иборат янги формацияни юзага келтириш мумкин бўлди. Айнан шу тарзда Ўзбекистон ўзида юқори самарали аграр секторни барпо қилиши мумкин эди. Бироқ бу йўлдан борилмади.

«Колхоз» номига барҳам берилгани билан, колхознинг асл моҳияти сақлаб қолинди — қишлоқ хўжалигини давлат режаси билан юритиш принципи. Аввалига колхоз ерлари давлат режасига асосан пахта ва буғдой етиштиришга сафарбар этилган оилавий ширкатларга бўлиб берилди. Кейин бошқарувни осонлаштириш мақсадида йирик хўжаликлар — фермерчилик ташкил қилинди. Луғатга мурожат этиб, «фермер» сўзининг бутун дунёдаги таърифини ўқиймиз:

«Фермер — хусусий ёки ижарага олган ерида бозор талабига қараб ўзининг мустақил қишлоқ хўжалик фаолиятини юритувчи тадбиркор»

Таърифдан кўриниб турибдики, аслида фермер бу аввало — тадбиркор. Яъни ишларини табдир билан юритувчи мустақил тадбиркорлик субъекти. Бизда эса «фермерчилик» деб эркин қарор қабул қила олмайдиган, давлат буюртмасини бажарувчи синф юзага келтирилди. Шу сабаб қуйида «фермер» сўзини қўштирноқ ичига олиб ёзамиз.

«Фермер»чилик қандай жорий бўлди?

Йўл-йўлакай фермерчилик қандай йўлга қўйилгани ҳақида бироз. «Фермер» бўлишни истаганлар учун конкурс эълон қилинди, даъвогарларга қўйиладиган шартлар айтилди. Кейин кўплаб «қизиқарли», аммо аввалдан башорат этиш мумкин бўлган «оддий» ишлар юз берди. Ерлар фақат ўз ишининг устаси – ерда ишлашни биладиганларга берилди, десак, тўғри гапни айтмаган бўламиз, зеро, жараён коррупция ва таниш-билишчилик, ошна-оғайничилик муҳитида ўтди. Эҳ-ҳе, «кампания» қизиғида нималар бўлмади, дейсиз...

Маҳалламда яшовчи бир қанча «ширкатчи» деҳқон оилаларнинг кичик ерлари олиниб, ўша — янги тузилган «фермер»ларга берилди — ўнлаб оилалар давлат буюртмаси билан бўлса-да, юритиб турган ерлар битта «фермер»га ўтди. Натижада, маҳалламда кўплаб оилалар ишсиз қолди. Кейинроқ янада «йириклаштириш» бўлиб ўтди — бир нечта «фермер»нинг ери «ихтиёрий-мажбурий» тарзда битта, каттароқ «фермер»га олиб берилди. Яна қанчадан-қанча одам ишсиз қолди.

Ерига, етиштирган маҳсулотига, банкдаги пулига эга бўлолмаслик, пахта ва буғдой экиш мажбурияти, тинимсиз йиғилишлар, тортиб олишлар, ҳақоратлар эшитиш ва баъзида мушт ва тепки ейиш — булар «фермер»чилигимизнинг энг «ёрқин» томонлари. Умуман олганда, «фермер»чилигимиз одамларни мислсиз сарсон қилишдан иборат бўлди.

Фермер қандай бўлиши керак?

Аввало, дунё харитасининг бирор нуқтасида бизда бўлганидек фермерчилик йўқ — давлат режаси бўйича ерга ишлов берадиган тоифа «фермер» деб ҳеч бир ерда аталмайди. Ҳали айтганимиздек, «фермер» деб қарорларни ўзи қабул қиладиган мустақил деҳқон-тадбиркорга айтилади. Ва айнан шу омил — фермернинг мустақиллиги қишлоқ хўжалиги самарадорлигининг бош омили деб қаралади, зеро, мустақил фермергина ерга меҳрини беради, изланади, ерининг ҳар бир қаричидан фойда олишга уринади.

Ердан яхши фойда олаётган ривожланган давлатларга қарайдиган бўлсак, барчасида мустақил фермерни — бозор конъюнктурасига қараб нима етиштиришни ўзи белгилайдиган фермерга дуч келамиз. Ишлов бериладиган ери Ўзбекистонникидан ўнлаб баробар кам бўлган, аммо қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёда биринчи ўринларни эгаллаб турган давлатларда ҳам фақат ва фақат мустақил фермерларни кўрасиз.

Менинг маҳаллам

Келинг, энди мен туғилиб ўсган маҳалла мисолида қишлоқ хўжалигимиз қандай йўлга қўйилгани ҳақида бироз фикр юритсак. Маҳалламда:

1. 400га яқин оила яшайди.

2. 700 гектарга яқин экин ерлар бор.

Маҳалламдаги мазкур 700 гектарда ерда ҳозир, шартли равишда, етти «фермер» фаолият юритади, ҳали айтганимиздек – давлат буюртмасига биноан пахта ва буғдой етиштиради. Бу «фермер»лар ерга меҳрини беряпти, деб ҳам айтиш қийин. Чунки фермер нима экишни ва бошқа тасарруфларни ўзи ҳал қилолмайдиган, бир амаллаб давлат режасини ўтаб бераётган зўрма-зўраки «фермер»дир.

Демак, бир томонда 700 гектар овора қилинаётган, эски СССРдан қолиб кетган услубда ишлатилаётган ерлар, иккинчи тарафда тоғни урса талқон қиладиган, ерда ишлашнинг «кўзини ўядиган», аммо бола-чақасини овора қилиб, ўзи чет элда ишлаб юрган, ўзга иқтисодиётга хизмат қилиб келаётган ёш оила бошлиқлари...

Зўрма-зўракиликнинг зарарлари

Маҳалламнинг ерлари — йилига уч марта ҳосил олса бўладиган ерлар. Асл деҳқондан сўрасангиз бундай ерларда ҳозиргидек пахта ва буғдойни эмас, бошқа маҳсулотларни етиштириш кераклигини, пахта ва буғдойдан кўра ўн баробар кўпроқ фойда олиш мумкинлигини айтади. Зўрма-зўракилик ва давлат томонидан белгиланадиган режага суянадиган эскича тизим эса на ернинг сифатини, на бозор конъюнктурасини, на деҳқон қўлларининг сероблигини, деҳқон ердан эркин фойдалансагина том маънода самара ҳосил бўлиши каби факторларни ҳисобга олади.

Маҳаллам ёшлари ҳақида яна бир бор

Маҳалламдаги кўпчилик оилалар — ёш оилалар. Ёш оила бошлиқлари эса, ҳали айтганимдек, аксар ерда ишлашни биладиган, ерни тушунадиган, қандай ерда нима етиштиришни биладиган, озроқ ер бериб, нима қилишни ўзига топширсангиз, ерни гуллатадиган ёшлар. Чунки улар бир йили бўлмаса иккинчи йили ижарага ер олиб экин экиб келишяпти. Фақат...

Шу десангиз, бу деҳқончилик тушмагур шу пайтгача турган-битгани қимор бўлиб келди — бир марта, омадингиз чопиб, фойда қилсангиз, бошқа йили «тушиб» қоласиз. Чунки «чегара» деган сунъий омил бор – маҳсулот экспорти учун йўллар бир йил очиқ турса, иккинчи йил ёпилиб қолади ва маҳсулотингиз сув текин бўлиб кетади. Айнан шу омил сабаб қишлоқ аҳлининг деҳқончилик қилиш истаги йилдан-йилга бирмунча талафот кўриб келяпти. Зеро, бор-будингизни тикиб, деҳқончилик қилсангизу, «тушиб» қолсангиз ҳафсалангиз пир бўлади-да! Ўтган йили, масалан, айнан шундай сунъий омил сабаб Сурхондарёда машаққат билан, минглаб гектар ер майдонида етиштирилган пиёз пишган жойида шундоқ ерда қолиб кетди...

Яхшиямки, жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти соҳаси либераллаштирилди ва ишлар ўрнига тушяпти.

Энди савол: Ўзбекистонда ер тўғри тасарруф қилиняптими? Бу ҳақда кейинги чиқишимизда суҳбатлашамиз.

Шокир ШАРИПОВ.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид