Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Аксарият тадқиқотларимиз ривожланган давлатларга бой бериб бўлинган соҳаларга қаратилган» — ЎзФА тадқиқотчиси билан суҳбат
«Илм-фан жуда қиммат соҳа ва катта инвестиция талаб қилади. Рақобатбардош илмий натижа олмоқчи бўлсак, аввал дунёдаги илғор лабораториялардаги шароитни яратишимиз зарур... Аксарият тадқиқотларимиз ривожланган давлатларга бой бериб бўлинган соҳаларга қаратилган. Таълим ўз моҳиятини шаклга бой бериб бўлди... Бизнинг саноат технологик жиҳатдан анча қолоқ. Инновациялар ишлаши учун иложи борича иқтисодни эркинлаштириш, унга таъсир этувчи салбий ричагларни юмшатиш талаб этилади».
Kun.uz таҳририяти бугунги илм-фан ва таълим, инновацион тадқиқотлар, нанотехнология ва уларнинг аҳамияти ҳақида Ўзбекистонда илмий фаолият билан шуғулланаётган тадқиқотчилар билан суҳбатлар ташкил этишни бошламоқда. Шу мақсадда ЎзФА Ион-плазма ва лазер технологиялари институти таянч докторанти Рустам Ашуров билан суҳбат уюштирди. Унда илм-фан, саноат ва иқтисодиётга алоқадор бир-бирига боғланган тизимли муаммолар, мулоҳазалар, таклифлар, шунингдек, ион-плазма ва лазер технологиялари соҳасида амалга оширилаётган тадқиқотлар хусусида сўз боради.

- Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, илмий фаолияти ҳақида маълумот берсангиз?
- Ион-плазма ва лазер технологиялари институти Ўзбекистонда физикавий электроника, иссиқлик физикаси, оптика ва лазерлар физикаси, шунингдек, плазма технологиялари бўйича етакчи илмий муассаса ҳисобланади. Ҳозирда институтда 8 та илмий лаборатория фаолият юритмоқда.
- Бизда лаборатория деганда тўрт девор хона, пробиркалар, химикатлар тушунилади. Умуман, лаборатория ҳақидаги фикр-тасаввурларимизни тиниқлаштириб олсак.
- Лаборатория илмий ғояларни шакллантирувчи, уларни тўғри ёки нотўғри эканлигини тажрибалар ёки назарий тадқиқотлар орқали тасдиқлаш учун зарур шарт-шароит ва қурилмалар жамланмасидир. Тадқиқотчида қанақадир ғоя уйғонади ва у тажрибалар орқали ўз ғоясининг тақдирини ҳал қилади. Илмий ғоянинг тақдири эса, тадқиқотчининг салоҳиятидан ташқари, бевосита лабораториянинг имкониятларига ҳам боғлиқ. Аслида, лаборатория ташкил қилиш кўпчилик ўйлагандек осон иш эмас. Айниқса, экспериментал тадқиқотлар талаб қиладиган табиий ва аниқ фанларда.

Лаборатория фақат химикат ва пробиркалардан иборат, дейиш бироз янглиш тушунча. Лаборатория мукаммал бўлиши учун, энг аввало, тадқиқотлар тури ва характеридан келиб чиқиб бино лойиҳаланади. Қаердадир ўта нозик оптик қурилмалар учун “паразит” тебранишларнинг олдини олиш мақсадида бино фундаментидан алоҳида кўтарилган платформа талаб қилинса, қаердадир қўшимча таъминот учун алоҳида шахталар керак бўлади. Шу сабабли илмий лабораториялар жойлашган бинолар одатда мураккаб ва махсус лойиҳалаштирилган бинолар ҳисобланади.
Шундан сўнг экспериментал лабораторияларнинг инфратузилмалари шакллантирилади: сув тозаловчи қурилмалар, турли газларни транспорт қилувчи қувурлар ва компрессорлар, ҳаво тозалаш ускуналари, умумий ва махсус канализация. Кўпгина замонавий илмий тадқиқотлар ўтказилувчи жойда ўта тоза шароит мавжуд бўлиши талаб этилади. Чунки илмий тадқиқотлар натижалари бевосита лаборатория муҳитига боғлиқ. Шу сабабли махсус тоза хоналар (clean room) ташкил қилинади ва бундай муҳитда тадқиқотлар олиб боришда махсус маданият шаклланган. Афсуски, Ўзбекистонда бундай маданият етарлича шаклланмаган, яъни тадқиқот натижаларига ташқи муҳит таъсири сезиларли.

Илмий натижаларимиз дунёда етарлича рақобатбардош эмаслигини маълум миқдорда шу омил билан боғласа бўлади. Ривожланган давлатларда тадқиқот ўтказиладиган лабораториянинг тозалик шароитларига ўта жиддий қаралади. Юқорида санаб ўтилган шароитлар яратилгандан сўнг лабораторияни жиҳозлаш зарур бўлади. Ана шу ерда лаборатория ташкил қилаётган шахсдан тадқиқотлар, ғоялар ва қўйилаётган мақсадлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш талаб қилинади. Чунки лаборатория учун айнан қайси қурилмани харид қилишни билиш ва уларга техник талабларни тўғри туза олишнинг ўзи бир санъат.
Афсуски, янги жиҳозланган кўпгина лабораторияларимизда қурилмалар ўйланган ғояни амалга ошириш учун етарли имкониятга эга бўлмаётгани ёки қурилмалар таркибининг нотўғри тузилганлиги бизда бу каби кўникмага эга олимлар саноқли эканлигидан далолат беради. Одатда лабораторияда қурилмалар объект яратувчи қурилмалар ва ўша объектни бизга зарур бўлган хоссаларини тўлиқ кузатиш ва ўрганиш имконини берувчи аналитик қурилмалардан иборат бўлади.
Шуни таъкидлаш жоизки, илм-фан жуда қиммат соҳа ва катта инвестиция талаб қилади. Илмий тадқиқот қурилмалари етарлича қиммат. Аммо рақобатбардош илмий натижа олмоқчи бўлсак, аввал дунёдаги илғор лабораториялардаги шароитни яратишимиз зарур.

- Яқинда Халқаро пресс клубнинг Фанлар академиясига бағишланган сессияси бўлиб ўтди. Унда президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов бугун илм-фанда амалий тадқиқотлар етишмаслиги ҳақида гапирганди. Институт фаолияти мисолида бунга қандай қарайсиз?
- Кўпинча амалий тадқиқотлар деганда ишлаб чиқаришнинг бугунги муаммоси ечимини таклиф қилувчи ишлар тушунилади. Аслида амалий тадқиқотлар анча кенгроқ, яъни бугунги муаммолардан ташқари, мавжуд шароитлардан фойдаланиб, бутунлай янги маҳсулот яратишга ҳам йўналтирилган бўлиши керак. Илм фан соҳасида эришилган илғор натижалар биринчи навбатда мамлакатда тегишли соҳанинг ривожланиш даражасига қараб ўз самарасини кўрсатади. Бу борада физика фанида олинган натижаларга Ўзбекистонда талаб етарли эмас. Лекин бу тадқиқотлар олиб борилиши ортиқча дегани ҳам эмас. Аксинча, соҳани фаннинг энг илғор ютуқлари асосида ташкил қилиш ва ривожлантириш лозим. Шу ўринда яна бир ҳақиқатни эслатиб ўтмоқчиман, энг илғор амалий натижалар, аввало, энг чуқур фундаментал билимга асосланади. Шу сабабли, тадқиқотлар ҳар томонлама олиб борилиши мақсадга мувофиқдир.
- Институтда илмий фаолиятингизни қандай олиб боряпсиз? Лабораториянгиз, илмий ишингиз, тадқиқотларингиз билан бўлишсангиз.
- Бизнинг лаборатория, асосан, қуёш энергетикаси муаммолари билан комплекс шуғулланишни ўз зиммасига олган. Барча лойиҳаларимиз қуёш энергетикаси атрофида қурилган. Биз ўз тадқиқотларимизни бошлаганимизда, мўлжал сифатида янги авлод қуёш элементлари — SHJ (silicon heterojunction) технологиясини олдик. Бу тип қуёш элементини танлаб олинишига сабаб — Ўзбекистон иқлими. Яъни, бизда юқори ҳароратда ишлай оладиган қуёш элементларига эҳтиёж катта. Бу каби элементларни ишлаб чиқариш учун эса моносилан гази талаб қилинади. Бу маҳсулотсиз янги авлод қуёш элементининг аморф кремний қатламларини ҳосил қилишнинг иложи йўқ. Шу сабабли, энг аввало, биз моносилан олиш технологиясини яратишдан бошладик. Бизнинг бу технологияни яратиш давомида олиб борган тадқиқотларимиз жаҳонда кремний ва кремний маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар орасида етакчиларидан бири Жанубий Кореянинг OCI йирик компаниясини хам қизиқтириб қўйди. Улар ўз қизиқишини бизнинг илмий тадқиқотларга 500 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция кўринишида билдиришди.
Технология яратилиб, синовдан ўтказилгач, уни АҚШ, Япония, Корея, Европа Иттифоқи ва Тайван каби давлатларда патентладик. Аммо қуёш панеллари ишлаб чиқариш билан қуёш энергетикасининг барча муаммолари ҳал бўлиб қолмайди. Панелларнинг юзасини чанг қоплаб қолиши қуёш панелининг самарадорлигини тушириб юборади. Шу сабабли, лабораториямизда чангдан ҳимояловчи ўта шаффоф супер гидрофоб қатламлар яратиш устида ишлар олиб борилаяпти ва ҳозирда яхши натижаларга эришганимизни тасдиқловчи кўплаб намуналарга эгамиз. Энг қизиғи бу каби қатламлар моносилан технологиямиздан чиқадиган ёндош маҳсулотдан олинади. Айнан шу маҳсулот бошқа бир катта муаммога ечим бўлиш арафасида турибди. Қуёш панеллари ишлаб чиқадиган энергияни истеъмолчига етказилмаган қисмини аккумуляция қилиш зарур. Бугун бу мақсад учун литий ион аккумуляторлари ишлатилади. Аммо бу аккумуляторларнинг яроқлили муддати қуёш элементиникига қараганда анча қисқа. Жуда катта миқдордаги энергияни сақлашда ҳам бу тип аккумуляторлар ишончли эмас. Шу сабабли бош тип аккумуляторлар - ваннадий оксиди асосидаги суюқ аккумуляторлар истиқболи тахмин қилинмоқда.
Биз айнан шу аккумуляторларни яратиш устида иш олиб боряпмиз. Бу соҳадаги бизнинг илмий янгилигимиз бу каби аккумуляторлар учун мембраналарни юқорида айтилган ёндош маҳсулотимиздан олишдир. Кейинги йил биз ўзимиз яратган илк 5 кВатт аккумулятор намунасини тақдим қилишни мақсад қилганмиз. Бизнинг фалсафамиз бир катта лойиҳа атрофида муаммоларга комплекс ечимни таклиф қилишдан иборат.


Бундан ташқари, ўзимнинг индивидуал тадқиқотларим ҳам бор. Айни дамда таянч докторант сифатида кремний нанозарраларини чангли плазмада ҳосил қилиш устида ишлаяпман. Бу тадқиқотларим қуёш элементларида люменофор ва шунингдек, медицинада организмда дори ташувчи контейнерлар учун зарур бўлган нанозарраларни ҳосил қилишга қаратилган.
- Бугун инновация ҳақида кўп гапирилади. Фанни инновациялаштириш, тизимли ривожлантириш учун нималар қилиниши керак, деб ҳисоблайсиз?
- Фанни тизимли ривожлантириш учун, энг аввало, фан тизимини барқарор қилиш керак. Фанни базавий молиялаштиришга қаратилган қарор айнан шу барқарорликни таъминловчи ислоҳотлардан. Бундан ташқари, техник базани тубдан янгилаш зарур. Ўзбекистонда фаолият юритаётган лабораториялардаги кўп қурилмалар бугунги фан талабига жавоб бермайди. Шуни таъкидлаш керакки, яқин икки йил ичида лаборатория қурилмалари харидлари тўғрисида қарорлар чиқди ва аниқ манбага эга маблағ ажратилди. Лекин қурилмалар билан таъминлангани билан реагентлар масаласи очиқ қолмоқда. Реагентлар узоқ муддатли режа асосида харид қилиниши тўғри эмас.
Фан бугунги кунда шиддат билан ривожланяпти. Янги ғояларни генерация қилиш ҳам тезлашиб кетди. Бу вақтда жаҳонда рақобатбардош бўлиш учун тезлик ва эгилувчанлик жуда муҳим. Ҳозирги кунда четдан келтириладиган кўп реагентлар масаласи миллий фанимиз “оёғига болта уряпти”. Масалан, Европа лабораторияларида янги илмий ғоя учун керак бўлган реагентларни ўша куниёқ буюртма бериб, эртаси куниёқ қабул қилиб олиш мумкин. Биз эса, реагентларни импорт қилиб олиб келишдаги бюрократик тўсиқларда жуда кўп вақт йўқотамиз. Бу аҳволда рақобат бой берилиши табиий.
Тизимли ўзгаришни хоҳласак, тадқиқот мавзуларига нисбатан муносабатимизни ҳам ўзгартиришимиз лозим. Бугун аксарият тадқиқотларимиз ривожланган давлатларга бой бериб бўлинган соҳаларга қаратилган. Менинг фикримча, биз у соҳаларга минг урғу берсак ҳам, ривожланган давлатларга етиб олиб, улар билан рақобат қила олмаймиз. Шу сабабли, тадқиқотларимизни кўпроқ ривожланиш бўсағасида турган истиқболли йўналишларга йўналтиришимиз лозим. Келажаги бутун дунёда истиқболли деб баҳоланаётган графен, углерод нанотрубкалари, фуллерен ёки карбид кремний каби материалларга йўналтирсак, наноматериаллар ёки ноёб хусусиятли янги материаллар синтези, умуман нанотехнологияга кўпроқ урғу берсак, келажакда рақобат қила оламиз.
Мен ўз соҳам доирасида мисол келтирдим. Аслида, турли фан йўналишларининг ҳар биридан бу каби истиқболли, лекин унчалик ҳам “теша тегмаган” тадқиқот объектлари етарлича. Жиддий, тизимли ўзгаришни хоҳласак, аввало, барқарорликни, кейин техник базани, сўнгра эгилувчанликни таъминлайдиган механизмни яратишимиз талаб қилинади.
- Ҳеч бир соҳа ўз-ўзича ривож топмайди, жумладан, илм-фан ҳам. Сизнингча, фаннинг ривожи қайси соҳаларнинг ҳам ислоҳ қилиниши талаб қилади?
Илм-фан, асосан, икки соҳага жуда боғлиқ: фанга кираётган кадрлар ва фандан чиқаётган ғоялар. Оддийроқ қилиб айтганда, фан олий таълим ва саноатга ўта боғлиқ. Афсуски, бугун таълимимизга мос фан, фанимизга мос саноатимиз бор. Бугун олий таълимда таълим даражаси ҳар доимгидан кўра паст. Таълим ўз моҳиятини шаклга бой бериб бўлди. Олий таълим муассасаларимиздан саноқли билимли кадрлар етишиб чиқяпти. Аммо илмий текшириш институтларининг ҳам бунга қўл қовуштириб қараб ўтириши тўғри эмас. Институтимиз мисолида айтаман, биз Тошкент Давлат Техника Университетининг 6 та кафедраси филиалини институтимизда ташкил қилдик ва таълим жараёнида қатнашишни мақсад қилдик. Шулардан Зиёмуҳаммедова Умида раҳбарлик қилаётган материалшунослик кафедраси ҳамкорликни фаол олиб бораяпти. Бугунги кунда технологиялар ривожланишининг жадаллигини ҳисобга олган ҳолда институт ҳодимлари томонидан айнан энг янги технологиялар ҳақида маърузалар ўқиляпти ва дарсликлар ҳам айнан шу технологияларга бағишлаб тузиляпти. Аммо, шу билан бирга, афсус билан айтаманки, талабаларнинг билими ҳавас қилар даражада эмас. Шундан таассурот уйғотяптики, олий таълим йил сайин эмас, кун сайин деградацияга учрамоқда. Бу, албатта, аянчли ҳолат. Илм-фан бундан етарлича зарар кўради.
Фан учун “ёқилғи бўлиши” керак соҳалардан яна бири бу — саноат. Афсуски, бизнинг саноат технологик жиҳатдан анча қолоқ. Энг аянчлиси — технологик қолоқ бўлган саноат секторларига илм-фаннинг мослашиши. Бугун биз технологик ечимини қидираётган технологиялар дунёнинг ривожланган давлатларида эскириб бўлган ва уларнинг илм-фан соҳаси бутунлай бошқа тадқиқотлар билан овора. Бугун Ўзбекистон фани ўта илғор илмий янгилик яратса ҳам, мамлакат саноат сектори уни ўзлаштира олиши факт эмас.
Яна бир мантиқсиз ва аянчли нуқтага тўхталиб ўтмоқчиман. Бугун таянч докторантлар ўз ишларини ҳимоя қилишда, илмий натижаси бирор бир саноатда қўлланилганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этишлари лозим. Ўта илғор янгиликни саноатимиз ўзлаштира олмаса-чи? Шу сабабли, илмий раҳбарлар докторантларга мавзу берганда айнан саноатимизнинг майда муаммочаларига ечим бўладиган, аммо жаҳон миқёсида ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган мавзуларни танлашга ҳаракат қилишади.
Умуман олганда, таълим, саноат ва илм-фан бир-бирига боғлиқ равишда ривожланадиган соҳалар эканлигини бугун ривожланган давлатлар мисолида кўришимиз мумкин.
- Инновация бир томондан илм-фан иккинчи томондан иқтисодиёт, саноатнинг боғланиши учун дастак бўлиб ривожланишга хизмат қила оладими?
- Инновация, аслида, янгиланиш дегани. Доимо янгиланиш, изланиш бор жойда ўсиш бўлади. Инновациялар ишлаши учун иложи борича иқтисодни эркинлаштириш, унга таъсир этувчи салбий ричагларни юмшатиш талаб этилади. Энг асосийси, инновацияга антоним бўлган монополиядан холи иқтисодни яратишимиз керак. Тадбиркорлар рақобатда пишсин, инновация ҳақида бош қотирсин, илм-фанга мурожаат қилсин. Акс ҳолда, фан ва саноат орасидаги жарлик яна ҳам чуқурлашиб бораверади. Айнан иқтисодий реформалар бу икки соҳа орасида кўприк ярата олиши мумкин.
- Монополиянинг иқтисодиётга таъсири ҳақида ўқиганмиз, эшитганмиз, хабаримиз бор, лекин унинг инновация ва илм-фанга ва шу орқали саноатга таъсирини тушунтириб берасизми?
- Иқтисодни фан ва технологиялардан айри кўрмаган бўлар эдим. Бугун ривожланган давлатларда қурилган замонавий иқтисод анъанавий саноат ва табиий ресурсларга эмас, балки юқори технологик ишлаб чиқариш ва хизматлар, шунингдек, интеллектуал салоҳиятга таянади. Фан доимий равишда инновацияларни бозорга тақдим этиб туриши учун “фан талаб” иқтисодиёт шаклланиши зарур. Бу каби иқтисоднинг двигатели эса рақобатдир. Умуман олганда, инновацияга инвестиция киритишдан асосий мақсад, энг аввало рақобат устунлигига эришишдир. Рақобат устунлигига инновацияларни жорий қилган ҳолда маҳсулот сифатини ошириш, тан нархни пасайтириш, маҳсулотларнинг кенг ассортиментини шакллантириш орқали эришилади. Бунинг учун, биринчи навбатда, бозорда рақобатнинг ўзи бўлиши керак. Бозорда барча иштирокчилар тенг ҳуқуқий имкониятга эга бўлсагина ғоялар ишлай бошлайди. Аксинча, танланган ўйинчиларга турли имтиёзларни жорий қилиш эса, инновацияларга бўлган талабни кескин тушириб юборади. Бу эса ўз навбатида заиф саноат шаклланишига ва иқтисодий кўрсатгичларга салбий таъсир ўтказишига олиб келади. Буни монопол компанияларимизнинг маҳсулотларини ташқи бозорга экспорти мисолида кўришимиз мумкин.
- Юқорида ривожланган иқтисод интеллектуал салоҳиятга таянишини айтдингиз. Нима сабабдан фан соҳасида кўпгина кадрлар чет элга ишлагани кетишни маъқул кўради? Қандай қилиб бу ақлий интеллект чиқиб кетиш (Утечка мозгов) ларнинг олдини олса бўлади?
Бунга бир нечта сабаблар бор. Аввалари маош масаласи асосий сабаб эди. Жуда яқин келажакда Ўзбекистон олимлар маоши бўйича анча рақобатбардош бўлиши кутиляпти. Бугун ҳам бу томонлама сезиларли ўзгариш бор. Айни дамда асосий сабаб сифатида замонавий лабораториялар етишмаслиги ва илмий мактаблардаги ғоялар танқислигини кўрсатишим мумкин. Бир тарафдан лабораторияларимизнинг замондан ортда қолганлиги фан соҳасида ишлаб юрганларни ғояларини амалга ошириш имкониятини чеклаб қўйса, иккинчи томондан ғояларнинг қизиқ ва долзарб эмаслиги янги билимли кадрларни жалб қилишда тўсқинлик қилмоқда. Бу пайтда эса, чет эл лабораториялари иккаласини ҳам таклиф қила олади. Умуман олганда, бугун иммиграцияни чеклаш мантиқсиз тадбир. Инсон доимо ўзига яхши шароитга интилади. Фан бошқа соҳалардан фарқли равишда иммиграциядан фойда ҳам кўриши мумкин. Миялар сизиб чиқишини дарҳол тўхтата олмас эканмиз бундан тўғри фойдаланиш йўлини ўйлашимиз керак. Чет эл лабораторияларига кетаётган ҳар бир кадрларимиз билан кўприкни сақлаб қолишимиз ва улар орқали ривожланган дунё фанига интеграция қилишни ўрганишимиз лозим.




Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди
Мавзуга оид
15:11 / 19.02.2025
Олимлар 2040 йилда Ернинг ички ядроси ҳаракатдан тўхташи ҳақида огоҳлантирди
16:51 / 21.09.2024
Илм-фанни молиялаштириш: таклиф қилинаётган янги тизим самара берадими?
17:12 / 20.06.2024
Ғурури топталганига чидолмай, ривожланган халқ — Японияда илмга муносабат ҳақида
08:22 / 08.06.2024