Иқтисодиёт | 11:50 / 23.07.2019
27599
2 дақиқада ўқилади

Ботир Хўжаев: энергоресурслар нархини оширмай туриб иқтисодиётда ўсишга эришиш мумкин эмас

22 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев иштирокида «Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, шунингдек, истеъмол саватчаси ҳисоби ҳамда тирикчилик учун зарур энг кам миқдор» мавзусида ОАВ вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди.

2030 йилгача мўлжалланган Миллий ривожланиш концепцияси билан таништираркан вазир тарифлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Ҳозирги нархлар билан иқтисодиётда ўсишни режалаштириб бўлмайди. Мисол учун, биз минг кубометр газни хорижга 128 доллардан экспорт қиляпмиз, аҳолига эса худди шу газ 41 доллардан етказиб бериляпти. Шунингдек, бизда газ қазиб олиш таннархи ҳам жуда баланд. 2030 йилгача саноат ҳажми режамизга кўра ҳар йили 4 фоиздан ошиб борсагина биз белгиланган мақсадимизга эришамиз», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Саноат корхоналарига юқори тарифлар белгилай туриб, қандай қилиб ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мумкинлиги ҳақидаги саволга Ботир Хўжаев шундай жавоб берди: «Иқтисод қилиш орқали. Менга телевизор орқали намойиш қилинадиган бир ролик жуда ёқади. Бир хонадонда барча чироқлар, газ ёниб турибди, жўмракдан сув беҳуда оқиб ётибди. Шунда барча нарса ўчирилиб, иқтисод қилиш зарурлиги уқтирилади. Тарифлар ошиши айнан энерготежамкор технологиялар қўлланишига сабаб бўлади. Биз 2022 йилгача энергия тежамкорлиги концепциясини ишлаб чиқариш устида ишлаяпмиз. Лекин энергоресурслар нархлари кескин ошиб кетишини кутиш тўғри бўлмайди. Сабаби, биз аҳолининг имкониятларини ҳам унутмаслигимиз лозим. Бу босқичма-босқич амалга оширилади».

Энергоресурслар тарифларини белгилаш нималарга асосланиши тўғрисидаги саволга вазир «иқтисодиёт вазирлиги бу жараёнда иштирок этмайди» деган жавоб билан чекланди.

 

Мавзуга оид