Ўзбекистон | 20:00 / 24.07.2019
31809
4 дақиқада ўқилади

«Лукойл»дан 146 долларга газ олиб, 40 долларга сотдик — «Ўзтрансгаз» раиси ўринбосари газ экспортининг ички истеъмолга таъсири ҳақида гапирди

Бугун, 24 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзтрансгаз» АЖ мутасаддилари томонидан ташкил этилган тадбирда аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, экспорт масалалари ва тизимдаги қатор муаммолар ўзаро муҳокама этилди.

Тадбирда бошқарув раиси ўринбосари Муродулла Бошманов табиий газ экспорти бўйича маълумот берди.

«Табиий газ экспорти ички истеъмолга таъсири бўляпти. «Лукойл» компаниясидаги қарздорлигимиз шунга сабаб бўлди. Аслида, бундай бўлиши керакмас. Ўтган йили баланс кўрсаткичларидаги айрим хатоликлар туфайли ушбу вазият юзага келди. «Лукойл»дан 146 АҚШ долларига газ олиб, 40 доллардан сотдик. Натижада биз зарар кўрдик. Бу хато бизники ва уни ўзимиз тўғирлашимиз керак. Аҳолининг газ истеъмолига таъсир ўтказмаслигимиз керак», - дея Бошмановнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон табиий гази қайси давлатларга экспорт қилинаётгани маълум қилинди. Унга кўра, «Ўзтрансгаз» АЖ айни вақтда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитойга табиий газ етказиб бермоқда. Шу йилнинг бошидан экспорт кўрсаткичлари физик ҳажмда 6454,7 млн куб метрни ташкил этди. Йил якунида эса бу рақам 15 565,0 млн куб метрга етиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Reuters агентлиги шу йилнинг март ойида Ўзбекистон «Лукойл»дан 2018 йилда газ етказиб бергани учун 600 миллион долларга яқин қарз бўлиб қолгани ҳақида хабар берган эди.

Бу хабар ортидан, апрель ойи бошида Бахтиёр Анорқулов «Ўзтрансгаз» компанияси раисининг молия бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимидан озод этилди.

«Лукойл»нинг қазиб олиш бўйича катта вице-президенти Азат Шамсуаров қарздорлик маҳсулотни бўлишиб олиш тўғрисидаги келишувда қазиб олинган газ тўлиқ экспорт қилиниши кўзда тутилган бўлса ҳам, Ўзбекистон қазиб олинган газнинг бир қисмини ички бозорга олиб қолгани сабабли вужудга келганини маълум қилганди.

«Ўзбекнефтгаз» ўша вақтда ҳеч қандай изоҳ бермаган эди.

Май ойи бошида Ўзбекистон энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзатом» агентлиги бошлиғи Жўрабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекнефтегаз»нинг «Лукойл»дан қарздорлиги бўйича изоҳ берганди.

«Бу икки компаниянинг ўзаро муносабати ва бу муносабатлар ўзаро бир-бирини тушуниш асосида муваффақиятли кечмоқда. Истеъмол ўсиши муносабати билан газ олинган. Аммо вазият назорат остида. Томонларнинг келишувига мувофиқ муносабатлар тартибга солинмоқда. Қарз билан боғлиқ муаммо йўқ», – деганди Мирзамаҳмудов.

Маълумот учун, «Лукойл» Ўзбекистонда Қандим-Ҳавузак-Шоди-Қўнғирот ва Жануби-Шарқий Ҳисор лойиҳаларида маҳсулотларни бўлиб олиш шарти билан иш олиб бормоқда. Лойиҳаларда ишлаб чиқарилган газ асосан Хитойга етказиб берилади.

«Прайм» агентлиги маълумотларига кўра, мартда «Лукойл» Ўзбекистон билан Қандим лойиҳасидан йилига 5 млрд куб метргача газни ички бозор учун экспорт нетбэкига 12,5 фоизлик чегирма билан етказиб беришга келишган.

Июнь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сенатдаги чиқиши вақтида «Лукойл» компаниясидан 600 млн доллар миқдоридаги қарздорлик ҳақида гапирганди. Президент масъуллар маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим имзолаш олдидан миллий манфаатларни ҳисобга олиши кераклиги, лекин бу ҳолатда миллий манфаатлар ҳисобга олинмаганини айтган.

Мавзуга оид