Жамият | 18:32 / 24.07.2019
39853
6 дақиқада ўқилади

Навоийда бошқача «қонунлар» амалдами ёхуд Конимех ҳокими нимани хаспўшламоқчи?

Kun.uz сайтида жорий йилнинг 17 июль куни «Конимех марказида объектлар бузилмоқда. Вилоят ҳокими тадбиркорларга зарарни тўлашдан бош тортмоқда» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.

Унда Конимех тумани маркази ва унинг атрофидаги дўконлар бузилаётгани, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари очиқчасига поймол қилинаётгани, компенсация берилмаётгани ҳақида баён этилган эди.

Ушбу танқидий мақола юзасидан Конимех туман ҳокимлиги муносабат билдириб, таҳририятга маълумотнома тақдим қилди.

Маълумотномада таъкидланишича, тадбиркорларнинг савдо дўконлари эгаллаган ер майдонларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш режалаштирилмаган.

Туман марказидаги аксарият савдо дўконлари 1990-1999 йилларда қурилгани, уларнинг қурилиш конструкциялари сейсмик талабларига, пойдевор, том ёпма қисми, деворлари шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига жавоб бермас экан.

Кўчмас мулк эгалари бўлган 60 нафардан зиёд киши ўзларининг ташаббуси билан туман ҳокими номига савдо дўконларини ўз ҳисобидан бузиб, қайта қуришга рухсат сўраб ёзма равишда мурожаат қилишган.

Шунингдек, муносабатда Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган 11-сон мажлис баёнида вилоят ҳокимлигига туман марказларини ободонлаштириш юзасидан тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда ижросини қатъий назорат остида бажариш топшириғи берилгани, ушбу топшириқ ижроси юзасидан Конимех тумани 4та сектор раҳбарлари томонидан 2019 йил «Обод туман маркази» дастури доирасида Конимех туманида амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича тармоқ жадвали ишлаб чиқилиб тасдиқлангани билдирилган.

Муносабат якунида Конимех тумани марказида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари доирасида савдо дўкони эгаларининг мулкларига зарар етказилмайди ва улар олиб қўйилмайди, улар ўзларининг ташаббуслари билан ва ўз ҳисобидан савдо дўконларни замон талабларига мос равишда реконструкция қилишади ва ушбу ишларга туман ва вилоят ҳокимликлари уларга амалий ёрдам кўрсатади, дейилади Конимех тумани ҳокими М.Эгамқулов имзолаган маълумотномада.

Ҳокимликнинг масалага тезкор билдирган муносабати таҳририят томонидан таҳлил қилинар экан, конимехлик тадбиркорларнинг Конституция ва қонунлар билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари қўпол равишда поймол қилинаётгани яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда.

Жумладан, ҳокимлик таъкидлаётганидек, 60 нафардан зиёд тадбиркорлар ўз ташаббуси билан ариза ёзган бўлса ёзгандир, шунинг учун уларнинг ҳуқуқлари бузилмаяпти, деб ҳисобланаётган бўлиши мумкин (ариза қандай йўл билан ёздириб олинаётгани бизга қоронғи). Бироқ, ўз хоҳиши билан ариза ёзмаган яна шунча тадбиркорлар-чи, наҳотки 60 нафардан зиёд тадбиркор розилиги барча масалани ҳал этган бўлса...

Бино ва дўконларнинг эскиргани, уларнинг деворлари шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига жавоб бермаслиги уларнинг бирор бир расмий ҳужжат ва огоҳлантиришларсиз бузиб ташланиши кераклигини англатадими?

Қачондан буён 4та сектор раҳбари келишиб тасдиқлаган тармоқ жадвали ҳуқуқий тусдаги ҳужжатга айланиб улгургани кишини ўйлантирмай қўймайди. Шу ўринда бу ҳақида вилоят, жуда бўлмаганда туман ҳокимининг қарори борлиги ҳақида айтилганда ҳам майли эди.

Ваҳоланки, «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 2-бандида ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгаси розилиги билан тегишли ҳокимликларининг қарорига кўра амалга оширилади.

Президент раислигида ўтган йиғилишда белгиланган вазифаларни бажаришга киришганликни иддао қилиш орқали ишлаб турган тадбиркорларнинг мулклари бузиб ташланиши давлат раҳбари олиб бораётган сиёсатга нисбатан халқ орасида норозилик келиб чиқишига сабаб бўлмайди, деб ким кафолат бера олади!?

Қолаверса, давлат раҳбарининг топшириқларини тадбиркорнинг бурнини қонатиш эвазига амалга оширилиши инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлган жамият қуриш сари олиб борилаётган сиёсатга мутлақо зид эмасми?

Ҳокимликнинг савдо дўкони эгаларидан уларнинг мулклари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилмаслиги ҳақидаги гапларини эса шахсан вилоят ҳокимининг тадбиркор билан суҳбатда барчанинг иморатлари бузиб ташланиши, уларга қурилиш қилиш учун бошқа ер майдони ажратилиши, бунинг учун бир сўм ҳам компенсация пули тўланмаслиги ҳақида айтган гаплари йўққа чиқаради. (Суҳбат аудиоёзуви таҳририятда мавжуд)

Шу ўринда Конимех туман ҳокимлигига дастлабки ҳамда мазкур мақолаларга нисбатан баландпарвоз гаплар билан эмас, ҳуқуқий жиҳатдан асосланган муносабат билдиришларини тавсия қилиб қоламиз.

Ҳолбуки, бош қомусимизда белгилаб қўйилганидек, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

На туманнинг секторлари раҳбарлари ва на вилоят ҳокими бировнинг мулкини қонун ҳужжатларини четлаб ўтиб бузишга ёхуд бузишга мажбур қилишга ҳақли эмас. Ёки Навоий вилоятида бошқача «қонунлар» амал қиладими?

Бардошбек Самад ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид