Жамият | 15:25 / 24.07.2019
157309
10 дақиқада ўқилади

Орган ходимлари кимни ҳимоя қилиши керак: зўравон ҳокимними ёки ўз ҳақини талаб қилаётган халқни?

Сўнгги кунларда вилоятларда бузилиш ишлари ҳамда ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органларининг бу билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди.

Ғалати ишлар бўляпти-да, чиндан ҳам.

Кўриб чиқамиз. Ғиждувон тумани прокурори туман деҳқон бозорида қарийб 13 йилдан буён фойдаланиб келган дўконлари бузилаётгани ва эвазига етарли компенсация тўланмаганидан ёзғираётган тадбиркорлар ҳузурига келган вилоят бизнес омбудсманини танимасдан «НЕГА ХАЛҚНИ КЎТАРЯПСИЗ?» деб, туман ИИБ бошлиғига «обор буни», деяпти.

Яккабоғда туман мутасаддилари ички ишлар ходимлари қуршовида туриб компенсация тўловларисиз иморати бузилаётган тадбиркорнинг қария отасига қараб «НЕГА ХАЛҚНИ КЎТАРЯПСИЗ?» деб бақиришяпти.

Хўш, бу билан улар халқ кўтарилишига сабаб бор дейишмоқчими?

Мушоҳада қилайлик: маҳаллий ҳокимликлар президент ва ҳукумат қарорларини менсимасдан, халқнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқини поймол қилиб, уларни рози қилмасдан, прокуратура ва ички ишлар органлари орқасига биқиниб олгани учун ҳам халқ норози бўлмаяптими?!

Халқ тўлаётган солиқлар эвазига маош олиб, форма кийиб, яна ўша халқнинг тарафини олиш ўрнига, уларни тепиб эзғилаётган прокуратура ва ички ишлар органларининг лоқайдликлари ва ўз касбига хиёнат қилаётганидан халқ норози бўлмаяптими?!

Ахир қурбақани боссангиз ҳам «вақ-қ» этган овоз чиқади! Аммо булар — инсон-ку?!

Ғиждувонда яна бир қизиқ ҳолат гувоҳи бўлдим: туман ИИБ бошлиғининг эътиборини ўзига қаратишни истаган кекса онахон унинг билагидан тутмоқда. ИИБ бошлиғи эса ўшқиряпти: «Тегманг формамга! Формани менга давлат берган! Тегманг формамга! Ҳаққингиз йўқ!!! Тегманг формамга! Тегманг формамга! Тегманг формамга! Тегманг формамга! Тегманг формамга! Тегманг формамга! Тегманг формамга!!!». Онахон анграйганча нарироқда қолиб кетган бўлса-да…

Қашқадарёнинг Касбисида кун иссиғида фермерларга семинар ўтиб, жазирамада одамларнинг қўлига кишан солиб, автобусга қаматган туман ИИБ бошлиғи-чи? Фермерларни ургани учун судланган Қарши туман ИИБнинг собиқ раҳбари-чи?

Жойларда бундай раҳбарлар қачон пайдо бўлди? Ким етиштирди, ким тарбиялади уларни? Энг қизиғи, улар ё жазоланмайди, ё жазодан осонгина қутулиб қолишади. Хўрланган фуқаро эса чапак чалганча қолиб кетаверади. Боз устига, «нима қила олдинг?» деб шикоят қилган фуқарони мазах қилишади.

Нега туман ҳокимлари жафокаш ва меҳнаткаш халқнинг мулкини кунпаякун қилишдек қабиҳ ишларини амалга ошириш учун аслида халқни ҳимоя қилиши керак бўлган орган ходимларидан фойдаланмоқда? Нега улар ўзининг қонуний ҳақини талаб қилган сабрли ва бардошли одамларимизни «кўтарилиш»да айблашмоқда?

Президентимиз баланд минбарлардан халқнинг тилини топиш, уларни рози қилиш ҳақида қанча куйиниб гапирса, айрим жойларда ўчакишгандек бу гапларнинг ғирт тескарисини қилишмоқда. Энди айтинг: президент бошлаган ислоҳотларнинг душманлари аслида шулар эмасми?

Уларнинг бундай хатти-ҳаракатидан хабар топган қайси хорижий инвестор юртимизга қадам босади? Ким пул тикади, исталган онда сармоясидан ажралиб қолиши мумкинлигини билса? Ким иш бошлайди додига қулоқ солиши керак бўлганларнинг ўзи рейдерликнинг тепасида турган бўлса?!

Ҳолбуки, кўчмас мулкнинг бузилиши, ер участкалари давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши эвазига компенсация тўлови норматив ҳужжатларимизда ўз аксини топган. Лекин ҳокимлар учун бу қарорлар мутлақо аҳамиятсиз кўринади. Улар ўзлари ўйлаб топган қонун-қоидалар билан ҳаракат қилишмоқда. Бу йўлдан уларни қайтариши керак бўлган прокурорлар эса томошабин. «Онангни қози сўкса, дардингни кимга айтасан?», дегани мана шу бўлса керак.

Яна бир вазият: Қашқадарёнинг Яккабоғида ҳам, Бухоронинг Ғиждувонида ҳам ҳокимлик вакиллари «ҳақингни ажратмоқчимисан, қўлингдан келса ана судга бер», дейишмоқда тадбиркорларга. Бу билан улар судларимизнинг чалажон эканлигига ишора қилиб, барибир ўзлари истаган ҳал қилув қарорини чиқариб олишига мутлақ ишонишларини намойиш этишмоқдами?

Фуқароларнинг объектини ёзма огоҳлантиришсиз, дарҳол бузиш учун келган Яккабоғ туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаевнинг ёнидаги мутасадди аҳолига қарата шундай тушунтирмоқда: «Оғзаки мурожаат билан ёзма мурожаат, оғзаки огоҳлантириш билан ёзма огоҳлантириш теппа тенг. Биз сизларни огоҳлантирганмиз».

Яъни, оғзаки огоҳлантирганмиз, демоқчи. Содда ва сабрли халқни лақиллатишнинг усулига қаранг!

Лекин у арбоб билмайдики, фақат мурожаатларгина оғзаки қабул қилинади. Ташкилот томонидан мурожаатларга барча жавоблар ёки давлат ташкилоти томонидан бериладиган билдиришномалар ва огоҳлантиришлар ёзма равишда берилиши шарт!

Хусусан, ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунча 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларни қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Кейинчалик суд ёки бошқа масалаларда ҲУЖЖАТ бўлиши учун.

Бу — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги №97-сонли «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра тасдиқланган, «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низом»да ўз аксини топган.

Ҳукуматнинг шу қарорида объектларни бузиш қандай мақсадларда амалда оширилиши ҳам санаб ўтилган:

  • мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;
  • халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
  • фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;
  • автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
  • аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни қуриш бўйича бажариш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ер участкаларини олиб қўйиш билан боғлиқ объектларни бузишга кўчмас мулкнинг бозор қиймати ҳамда олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №5495-сонли фармонида ҳам бу тартиб яна бир марта такрорланган:

  • ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг БУЗИЛИШИга кўчмас мулкнинг БОЗОР ҚИЙМАТИ ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР ўрни ТЎЛИҚ ҚОПЛАНГАНИДАН КЕЙИН рухсат берилади;
  • жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.

Қолаверса, сўнгги воқеалар президентнинг қулоғига етиб борган шекилли, 23 июль куни ўтказилган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тадбиркорларнинг бино-иншоотларини бузиш ва бунинг учун компенсация тўлаш борасида тизимли ёндашув йўқлиги танқид остига олинди.

«Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман — асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт», — деди давлат раҳбари.

Президент аҳоли пунктларини истиқболда ривожлантириш режаларини ҳисобга олмасдан, катта ҳудудларда жойлашган иншоотлар бузиб юборилаётгани оқибатида жуда кўп миқдорда компенсация тўловлари келиб чиқаётганини, ҳокимликлар бузиладиган биноларнинг ўрнида янги корхоналарни қуриш бўйича инвесторларни топиб, компенсация тўловини уларнинг ҳисобидан тўланишини таъминламаётгани сабабли ушбу харажатлар давлат бюджети зиммасига тушаётганини таъкидлаб ўтган.

Умид қиламизки, президентнинг бу гапини маҳаллий ҳокимликлар «ҳаммасини тўғри қилаётган эканмиз, имкон қадар компенсация тўламасдан бузиш керак экан», деб тушунишмайди. Чунки етказиладиган зарар аввало маҳаллий органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланишини унутмайлик.

Фуқароларнинг умиди эса мавжуд қарорлардан: улар фуқароларни тўлиқ ҳимоя қилиши, уларга етказилган зарар қай тариқа тўланиши назарда тутилган бўлса-да, афсуски маҳаллий ҳокимликлар буни мутлақо эътиборга олишаётгани йўқ. Ҳа, улар ўзлари тўқиб чиқарган қонун-қоидалар бўйича ҳаракат қилишмоқда. «Қонун-қоидаларга амал қилинг, ахир», деганларнинг рўпарасига шу халқнинг солиғидан маош олиб юрган прокурор ва милиция ходимлари чиқмоқда: «Амал қилмайди, нима гапинг бор?» дегандек қилиб.

Бу абсурд, парадокс ва жинниликка кимдир нуқта қўйиши керак. Ёки шу орган ходимларининг энг каттаси чиқиб айтсин: «Нуқта қўймаймиз, нима гапинг бор?!» — деб. Ҳаммамизнинг унимиз ўчсин.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид