Ўзбекистон | 22:27 / 25.07.2019
13563
10 дақиқада ўқилади

«Арзон нарх билан жамиятни тўйдириб бўлмайди». Эксперт маҳсулотни сақлаш ва саралаш тизими ҳақида маълумот берди

Kun.uz'да «Совутгичлар масаласи. Бозорда нарх тушиши учун нима зарур?»  номли мақола эълон қилинган эди. Шундан сўнг, совутгичлар тизими ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун соҳа бўйича эксперти, Global cold chain alliance («Халқаро совуқ занжир иттифоқи» ) дастурининг Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги вакили Мўминжон Исомиддинов билан суҳбатлашдик. 

—  Аввало, совутгичлар қурилиши ва уларнинг ишлаш тизими ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

—  Совуқ занжирда 3 та тизим - 3 хил совуқхона мажмуалари бор. Биринчиси саралаш ва қадоқлаш марказлари (Packhouse) - маҳсулот етиштирувчиларга тегишли бўлади. Маҳсулот етиштирилгандан сўнг бир неча кун ичида мана шу турдаги совуқхонада сараланиб, экспортга йўналтирилиши керак. Чунки ҳозирги кунда бирор маҳсулот даланинг ўзида тўғридан тўғри машинага юкланиши керак эмас. Ўзбекистонда ҳам айнан шу тур ишлаши керак. Сабаби биз дунё бўйича маҳсулот етиштирувчи 12та давлатдан биримиз.

Фото: Global cold chain alliance

Совуқхонанинг иккинчи тури эса логистик марказлар дейилади. У Қозоғистон каби транзит зоналарда жойлашган бўлади. Бу ерга юк келади ва йиғилади. Distibution centre деб ҳам номлаш мумкин бўлган бу каби совуқхона турларида маҳсулот яна машиналарга ортилиб, турли манзилларга юборилади.

Фото: Global cold chain alliance

Учинчи тур эса истеъмол давлатларидаги совуқхоналар ҳисобланади. Бу ерда сараланган, қадоқланган тайёр қишлоқ хўжалик маҳсулоти эҳтиёжга қараб турли муддатгача сақланади. Унинг 80 фоизгача ҳажми маҳсулотни сақлаб туришга ихтисослашган бўлади.

Фото: Global cold chain alliance

Юқоридаги 3 хил совуқхоналарнинг қурилиш тизими ҳам бир-биридан фарқ қилади. Ҳозир Ўзбекистонда 1 миллион 200 минг тонна атрофидаги сиғимга эга совутгичлар мавжуд бўлса, уларнинг 90 фоизи охирги тур – истеъмолчи совуқхоналари шаклида қурилган. Ваҳоланки, Ўзбекистон маҳсулот етиштирувчи ва экспорт қилувчи давлат. Шундай бўлса-да, бор-йўғи 2-3 фоиз маҳсулотни саралаш ва қадоқлашга мослаштирилган совуқхоналаримиз бор.

Фото: Global cold chain alliance

Packhouse'лар сиғимининг 60-70 фоизи юкни қабул қилиб, саралаб, сўнг кейинги экспорт босқичига чиқариб юбориш учун мўлжалланган бўлади. Демак, умумий совуқхонанинг сиғими 1000 тоннани ташкил қилса, фақатгина 250-300 тонна маҳсулот сақланиши мумкин, холос.

Масалан, ўртача 20 тонна юкни териб, саралаб, совитиб экспортга чиқариш учун 100 киши ишлаши керак. Агар совуқхона сиғими 1000 тонна бўлса, унга жойлаштириладиган ўртача 250-300 тонна маҳсулотни саралаш учун қанча одам ишлаши зарурлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Кўп ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши учун эса совуқхона ҳудуди маҳсулот сақланадиган ҳажмдан анча катта бўлиши талаб этилади.

—  Ўзбекистон истеъмолчи эмас, маҳсулот етиштирувчи давлат бўлишига қарамай мамлакатдаги совуқхоналарнинг асосий фоизи истеъмолга тайёр маҳсулотларни сақлашга ихтисослаштириб қурилганини қандай изоҳлаш мумкин?

—  Бу ерда кўп нарса яхши маълумотга эга кадрларга бориб тақалади. Саралаш механизмига ўтишимиз учун эса шароит етарли. Фақат маҳсулот ҳажми билан ишлашга кучимиз етмаяпти.

Ҳозирги кунда бизда мавжуд совуқхоналар 60 фоизгача ўз функциясини бажара оляпти, холос. Масалан, 10 кун ичида 10 тонна юкни экспортга чиқаришга мўлжалланган бўлса, улар шу муддатда фақат 6 тоннани совитиб чиқаришга қурби етади.

Сабаби кўпчилик истеъмол учун ишлатиладиган учинчи турдаги совуқхоналарни қуриб қўйган. Оқибатда эса стандартларга тўғри келмаса ҳам,саралаш ишлари даланинг ўзида амалга ошириляпти.

Аслида эса, 10-15 кун муайян маҳсулотнинг пишиш ва терилиш даври бўлиб, у шу қисқа муддат ичида махсус Packhouse'ларда сараланиб, совитилиб, экспортга йўналтирилиши зарур.

Айни пайтда давлат 200-250 минг гектар ҳудудда 20 миллион тонна маҳсулот етиштиряпти. Бу майдон яна ошиши режалаштирилмоқда. Агар бу мақсад амалга ошса, Ўзбекистонда 100 миллион тоннагача маҳсулот етиштирилиши мумкин.

Мамлакат эҳтиёжи эса 12 миллион тонна билан қопланади. Унинг 4 миллионга яқини мавсум пайти истеъмол қилинади, деб ҳисобласак, қишки ойлар учун маълум миқдордаги сабзавот ва мевани сақлаб қўйганда ҳам, меваларнинг тахминан 80 фоизини узилгандан сўнг, тезда саралаб четга чиқаришга талаб бор. Бу ўз-ўзидан маҳсулотни сараловчи биринчи турдаги совуқхоналарга талаб юқорилигини англатади.

—  Совутгичлар қурилишида жой танлаш масаласи Ўзбекистон шароитида тўғри ҳал этилганми?

—  Совуқхоналар, аввало, маҳсулот экспортга чиқадиган жойларда қурилади. Бунинг учун бутун бир инфратузилма – йўллар, ишчи кучи, қадоқлаш материаллари, боғлар, далаларга эга бўлиш керак. Мана шу инфратузилма Фарғона водийси ҳудудида шаклланиб бўлди.

Лекин бунга тескари ҳолатлар ҳам бор. Масалан, баъзи ҳудудларида 5 минг тонналик совутгичлар энг яқин боғдан 160 километр узоқликда қурилган. Бу ерда мантиқнинг ўзи йўқ. Чунки совуқхоналар дала ва боғларга жуда яқин ерларда қурилиши керак.

Ўсиш даражасига қарайдиган бўлсак, 2011 йилда Ўзбекистонда ишлаб турган совуқхоналар ҳажми атиги 60 минг тоннани ташкил қилган бўлса,2018 йилгача бу рақам тахминан 20 баравар ўсишни қайд қилиб, 1 миллион тоннадан ошди.

Packhouse'га эҳтиёжнинг баландлиги эса 2011 йилда Ўзбекистоннинг етиштирган маҳсулоти 11-12 миллион тоннадан 2018 йилда 20 миллион тоннага етгани ва бу ҳажм яна кўпайиши мақсад қилингани билан изоҳланади.

—  Совутгичи бор тадбиркорлар, истеъмол совуқхоналаридан ҳам фойда қила олишяптими?

—  2011 йилда 1 килограмм маҳсулотни совитиб бериш 100 сўмга нархланган бўлса, 2018 йилда ҳам шундайлигича қолган. Тадбиркор зарарига ишлагандан кўра ишламасликни афзал кўради. Демак, истеъмол шаклидаги совуқхона талабга жавоб бермаяпти.

Лекин унинг ўрнига саралашга ихтисослашган совуқхона (Packhouse)лар қурилса, саралаш, қабул қилиш, совитиш ва сақлаш учун ҳар бир функция учун тадбиркор 100 сўмдан жами 400 сўм олиб фойдага кириши мумкин.

Бу усулда совитиш тизими ҳам тез ишлайди. Агар ҳозир мавжуд совуқхоналаримизда маҳсулот 4 кун совитилиб, кейин экспортга жўнатилаётган бўлса, Packhouse'лар ёрдамида 4 кунда 4 мартагача маҳсулотни совитиб чиқариш мумкин. Бу эса 400 сўмни 4 га кўпайтирдингиз дегани. Ҳар бир килограмм маҳсулотни сақлаб 100 сўм олган яхшими, уни тезда совитиб, саралаб, қадоқлаб, 1600 сўм олган фойдами?

—  Маҳсулотларимизнинг айни пайтда дунё бозори талабларига жавоб бериш даражасини қандай баҳолайсиз?

—  Ҳозир экспорт қиладиган маҳсулотларимиз асосан Россия талабига жавоб беради, холос. Жаҳоннинг мукаммал бозорларига жавоб берувчи фоиз эса жуда кам. Хитой, Ҳиндистон каби давлатлар ҳам Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қизиқмоқда. Чунки экологик муаммолар туфайли дунёда маҳсулот етиштирадиган давлатлар камайиб бормоқда.

Бироқ яқинда чет эллик мутахассислар маҳсулотнинг далада сараланаётганлигига салбий фикр билдириб кетишди. Ҳозирги совутгичларимиз ичкарида саралаш ва қадоқлашни ташкил қилиш учун ўзига 100 нафар ишчини сиғдира олмайди. Чунки Ўзбекистондаги қурилган асосий совутгичлар сараланган, қадоқланган юкни сақлаш учун мўлжалланган, саралаш учун эмас. Шунинг учун ҳам биз бутун совутгичлар тизимини ўзгартиришимиз керак.

—  Совуқхоналар боғлар ва далалар яқинида қурилишини ҳисобга олсак, уларнинг ишлаш тизимида электр токи билан боғлиқ муаммолар йўқми?

—  Совуқхонанинг энг катта кушандаси – электр токи. Биринчидан, нарх тарафидан, иккинчидан, мунтазамлиги жиҳатдан. Агар бир марта узилиш бўлдими, дарров совуқхонадаги маҳсулотнинг сифатига таъсир қилади.

Ўтган 2 йилда электр узилиши билан боғлиқ муаммолар камайган. Нарх борасида эса, менимча, ҳукумат бу йўналишдаги тадбиркорларга имтиёз бериши керак. Чунки тадбиркор аввал маҳсулотни кимдандир сотиб олиши керак. Ундан олдин эса етиштириш керак. Совуқхонанинг асосий харажати электр энергия билан боғлиқлигини ҳисобга олсак, имтиёз билан мева ва сабзавотнинг таннархини ҳам арзонлаштириш мумкин.

Лекин бизда,аксинча, совуқхоналар учун электр энергия нархи оширилган. Бу бозордаги нархга ҳам тескари қилиши мумкин.

—  Совуқхоналарнинг бозордаги нархни барқарорлаштириши борасидаги аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

Аслида, тадбиркор бойиса, унинг ўз соҳасига қизиқиши ошаверади. Масалан, биринчи совутгич қурганда 75 сўмдан олма олиниб, 2000 минг сўмдан сотилган. Кейин бошқалар ҳам буни кузатиб, совуқхона қуришади. Лекин бу сафар олма 2 минг сўмдан арзон бўлади. Бозор ўз-ўзидан нархни назорат қилишни бошлайди.

Маҳсулот олинадиган ва қайта сотиладиган нархнинг орасида камида бир баравар фарқ бўлиши керак. Шунинг учун мен ҳамиша нархни тушириш масаласига қарши чиққанман. Қачонки нархни туширсак, занжирдаги битта босқични истаймизми, йўқми, синдирамиз. Чунки совуқхоначилар ҳам ҳамма нарсани фойда кўриш учун пулга сотиб олган. Тадбиркор маҳсулотни 100 сўмга сотиб олиб, уни маълум пайтдан сўнг яна 100 сўмга сотиши зарар эмасми? Майли, маълум фоизга ошсин, муҳими шу пул Ўзбекистонга кириб келади, шу ерда айланади. Бозорда маҳсулот таъминоти яхшиланади, тадбиркор ҳам кредитини ёпади. Бошқача қилиб айтганда, жамиятда қон айланади.

«Арзон нарх билан жамиятни тўйдираман», деган хато фикрдан воз кечиш керак. Сабаби мажбурий арзон нархни ушлашга ҳаракат қилиндими, демак, тадбиркор, фермер, икки ўртада қадоқловчи ҳам синади. Келаси йил улар ўз ишларидан воз кечиши мумкин. оқибатда бозорга пул киришида муаммолар пайдо бўлади.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди