Ўзбекистон | 01:18 / 25.07.2019
18284
4 дақиқада ўқилади

Форишдаги ҳарбий тоғ полигони халқаро ҳарбий-тиббий эстафетани ўтказишга шай — фотогалерея

Жиззах вилоятининг Фориш туманида жойлашган Фориш ҳарбий тоғ полигонида V халқаро армия ўйинларининг ташкиллаштирилишига бағишланган пресс тур бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиздаги бир қатор ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этишди.

Ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов халқаро армия ўйинлари иштирокчи давлатлар қуроллик кучлари бўлинмалари ва жамоалари ўртасидаги спортнинг ҳарбий-амалий турлари бўйича ўтказиладиган халқаро комплекси мусобақа ҳисобланишини айтиб ўтди.

«ARMY» халқаро ўйинлари 2015 йилда Россия Федерациясига асос солинган. Дастлабки мусобақада 17 та давлатдан 57 та жамоа қатнашган. 2-Халқаро армия ўйинлари 2016 йилда ўтказилган 19 та давлатдан жамоалар қатнашишган. 3-Халқаро ўйинлар «ARMY–2017» 5 та давлат ҳудудида ташкиллаштирилган ва унда 28 та давлатдан 82 та жамоа қатнашган.

Ўтган йилги «ARMY–2018» 4-Халқаро армия ўйинлари 7 та давлат ҳудудида ташкиллаштирилиб, 32 та давлатдан 189 та жамоа қатнашган бўлса, бу йилги «ARMY–2019» ўйинлари 10 давлат ҳудудида бўлиб ўтади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Унда 85 та давлат иштирок этиши кутилмоқда. 6 мингдан ортиқ иштирокчи 32 комплект медаллар учун кураш олиб боришади.

25 июлдан 19 августга қадар ўтадиган мусобақада Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари 14 та йўналиш: «Қўшин разведкаси аълочиси», «Хавфсиз маршрут», «Эльбурс ҳалқаси», «Йўл патрули», «Содиқ дўст», «Мерганлар марраси», «Қурол устаси», «Мусаффо осмон», «Танк биатлони», «Артиллерия олови устаси», «Дала ошхонаси», «Ҳарбий ралли», «Рембат» бўйича иштирок этади. Шунингдек, «Ҳарбий-тиббий эстафета» мусобақасига мезбонлик қилмоқда.

Ўзбекистонда ўтадиган «Ҳарбий-тиббий эстафета» ҳарбий врачлар ва тиббий бўлимлар ўртасидаги ўқ отиш, махсус тиббий кўникмаларни (биринчи ёрдам, ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиш ва бошқаларни) бажариш бўйича мусобақадир. Мусобақа индивидуал маҳорат ва жамоа биринчилиги каби икки босқичда олиб борилади.

Фориш тоғ полигонида ташкиллаштириладиган 12 та давлат — Арманистон, Ангола, Вьетнам, Зимбабве, Мьянма, Озарбойжон, Тожикистон, Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирок этади. Венесуэла кузатувчи мақомида қатнашади.

Пресс тур давомида полигонда яратилган шароитлар, жумладан, янгидан барпо этилган ошхона, ётоқхоналар ва сузиш ҳавзаси, шунингдек, мусобақа ўтказиладиган майдонлар таништирилди. Бутун полигон ҳудуди текин вай-фай билан таъминланган. Кутубхона ўзбек, рус ва инглиз тилидаги китоблар билан таъминланган.

Энг қизиғи, хориждан ташриф буюрувчи меҳмонлар учун республикамизнинг ҳар бир вилояти удумларидан ҳикоя қилувчи махсус дўконлар тайёрлаб қўйилган. Бу ерда меҳмонлар миллий кийим кечаклар ва бошқа эсдалик совғалари харид қилишлари мумкин.

Хорижий меҳмонлар ва маҳаллий аскарлар учун нақд пул чиқарувчи, валюта айрибошловчи банкоматларгача ҳозирлаб қўйилган.

Генерал-майор Азизбек Икромов мусобақа ғолибига Chevrolet Gentra автомобили берилишини таъкидлаб ўтди.

Пресс-тур давомида журналист ва блогерларни Россиядан харид қилинган «Тайфун» ҳарбий машинасида полигонни айлантиришди. Ҳарбий машиналар ва ҳарбийлар иштирокида кўргазмали чиқиш намойиш этиб берилди.

Қайд этиб ўтиш жоизки, ўта қисқа муддат ичида Форишдаги ҳарбий тоғ полигонида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилганининг гувоҳи бўлдик. Жаҳон андозаларига мос равишда жиҳозланган, янгидан барпо этилган полигон биноларида ҳар қандай даражадаги меҳмонни кутишдан уялмаймиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ.

Мавзуга оид