Газ ўрнига кўмир: Энергетика вазирлиги ўтиш натижалари ҳақида маълумот берди
Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ва иссиқхона хўжаликларини ёнилғи ўрнида кўмирдан фойдаланишга ўтказиш ишлари давом этмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Мазкур чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.05.2017 йилдаги ПҚ-3012 сонли «2017 — 2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилмоқда.
Ҳужжатда 2017 — 2021 йилларда ғишт, цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарни, иссиқхона хўжаликларини босқичма-босқич муқобил ёнилғи турларига (кўмир) ўтказиш кўзда тутилган.
«Ушбу мақсадда, биринчи навбатда, республиканинг барча вилоятларида тадбиркорлар иштирокида кўмирдан ёнилғи сифатида фойдаланишнинг афзалликларини тушунтириб берувчи ишчи гуруҳлари ташкил этилди.
Иккинчидан, кўмирдан фойдаланишнинг фойдалилигини ўрганиш мақсадида махсус таҳлилий ишлар ўтказилди. Шу мақсадда, бир қатор иссиқхона хўжаликлари ва ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарда тажриба ўтказилди. Натижада, табиий газ ўрнига кўмирдан фойдаланилганда 45-55 фоиз миқдорида ёнилғини тежаш мумкинлиги ҳақида хулосага келинди.
Учинчидан, табиий газ етказиб бериш тақчил, вақт ўтгани сари ушбу муаммо чуқурлашиб бораётган ҳудудларда кўмирга бўлган эҳтиёж ўрганиб чиқилди. Бу жойларда кўмир нафақат қулай, балки зарурий муқобил ёнилғи экани маълум бўлди. Унга бўлган эҳтиёж ойига 411 тоннани ташкил этади.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3012 сони қарори ижросини таъминлаш доирасида мамлакатда кўмирдан фойдаланиш учун зарур бўлган иситиш қозонларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бошланди. Ушбу мақсадда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан учрашувлар ўтказилди ва натижада Чирчиқ шаҳрида кўмир қозонлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди», - дейилади вазирлик хабарида.
Билдирилишича, 2018 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ғиштнинг 33 фоизи табиий газ ўрнига кўмирдан ёнилғи сифатида фойдаланаётган корхоналарда ишлаб чиқарилди. Ушбу даврда мавжуд иссиқхона хўжаликларининг 27 фоизи кўмирдан фойдаланишга ўтказилди.
2019 йилнинг беш ойи давомида яна 94 та ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар кўмирдан муқобил ёнилғи сифатида фойдаланишга мослаштирилган, 115 та иссиқхона кўмирдан фойдаланишга қарор қилган ва унга ўтишни бошлаган.
Қайд этилишича, фақатгина Ўзбекистондаги ғишт ишлаб чиқарувчи ва иссиқхона хўжаликларини тўлиқ кўмирдан фойдаланишга ўтказиш мамлакатга ҳар йили миллиарддан ортиқ куб. м. табиий газни тежаш имконини беради. Ёнилғи таннархининг тушиши эса ишлаб чиқарувчилар учун ҳам катта фойда келтиради, дейилади маълумотда.
Мавзуга оид
14:36 / 13.11.2024
Имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган кўмирни сотаётган шахслар ушланди
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024
Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
16:23 / 28.10.2024