Ўқишга топширган абитуриентлар рўйхатдан ўтмай қолган. Муаммо марказида яна «Нархоз»
Таҳририятга икки абитуриент мурожаат қилди. Самарқандлик бу абитуриентлар имтиҳонга кириш учун керак бўладиган ДТМ варақасини ололмаётганини маълум қилди. 2000 йилда туғилган мурожаатчилар шу йил коллежни битириб, биринчи марта ўқишга топширган ва табиийки янги тартибдаги ҳужжат топшириш қоидаларини билмайди. Бу эса уларга қимматга тушган...
Самарқандлик ёш йигитлар Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўқийман деб орзу қилган ва ўша машҳур «Нархоз»га ҳужжат топширган. Аммо тестга тайёрланишни давом эттираётган абитуриентлар ДТМ варақасини олиш вақтида муаммога дуч келган.
Абитуриентларга ҳужжат топширганлигини исботловчи қоғоз беришган ва унда на исм-фамилия, на қайси факултет танлангани кўрсатилмаган. Қоидаси шунақа бўларкан деб ўйлаган ёш йигитлар Самарқандга қайтиб кетган. Уларга ДТМ қоғозини DTM.uz сайтидан олишларини айтишган, аммо ДТМ сайтига паспорт серияларини киритишса, хатолик деган ёзувни кўраверишган. Яъни ҳужжат топширган абитуриентлар рўйхатдан ўтганлар қаторида бўлмаган.
Бу борада давлат тест марказига мурожаат қилганимизда, муаммо уларда эмаслигини, ҳужжат қабул қилган оператор абитуриентларнинг маълумотларини киритишда хато қилганини айтишди. Бу муаммонинг ечимини қандай ҳал қилиш мумкинлигини сўраганимизда, давлат комиссиясига мурожаат қилиш кераклигини айтишди. Мурожаатчи йигитларнинг айтишича, улар ДТМга ҳам, Олий таълим вазирлигига ҳам боришган ва ҳар сафар «Айб ўзларингизда, мана, қўл қўйгансизлар-ку», деган жавоб олишган.
Юқорида айтганимиз ҳеч қандай аниқ маълумот киритилмаган ҳужжатга абитуриентлар «Маслаҳатчига эътирозим йўқ», деб ёзиб қўл қўйишган. Мурожаатчиларнинг айтишича, ўша маслаҳатчи битта намуна кўрсатиб, унда нима ёзилган бўлса, шуни кўчириб ёзиш кераклигини айтган. Қабулда ўтирган одамнинг гапига ишонган абитуриентлар унга эътирози йўқлигини ёзиб берган.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети қабул комиссияси расмийларидан бири Kun.uz'га мурожаат қилган абитуриентларга энди ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини, ягона чора Россия университетларидан бирининг «Нархоз» қошида очилган факультетига ҳужжат топшириш эканини айтган. Аммо рус тилини билмайдиган бола русча факультетга қандай имтиҳон топширади?
Хуллас, операторлар бу йигитларнинг маълумотларини ДТМ базасига киритмаган ва шу сабаб ёш йигитларнинг йиллар давомида қилган тайёргарлиги ҳавога учиши мумкин. «Ўқишга тайёрланиш учун 25 миллион атрофида пул сарфладим, энди эса имтиҳонга ҳам кира олмайсан дейишяпти. Бормаган жойим қолмади, фойдаси бўлмади. Тошкентга бориб ҳамма тегишли идораларга кириб чиқдим, ҳамма «Бу менинг ишим эмас» дейди. Тошкентда бир кун туриш учун ҳам фалон сўм кетади, у ерга бориб келишнинг ўзи ҳам харажат...»,- дейди биз билан суҳбатда бўлган Мардонов Иззатилла.
Мурожаатчиларнинг айтишича, «Нархоз»га ҳужжат топширганлар орасида юқоридаги муаммога яна 5-6 нафар абитуриент дуч келган. Мурожаатчилардан иккинчиси Ҳамидов Сардор. Бу абитуриентларнинг исми-фамилиясини бежизга келтирмаяпмиз, ушбуни ўқиётган масъуллар уларнинг муаммосини ўрганиб, имтиҳонгача ҳал қилишларига умид қиламиз. Ахир биргина хато энди ўқишга топшираётган ёш йигитларнинг ҳаётига жуда салбий таъсир қилиши мумкин.
Шу ўринда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳар йили тест олдидан ҳар хил можаролар кўп бўлишини айтиш керак. Яқинда университетнинг Самарқанддаги янги филиалида қабул тугаши арафасида «кутилмаганда» янги факультет пайдо бўлиб қолганини унутмаган бўлсангиз керак.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Мавзуга оид
17:00 / 07.06.2024
Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди
16:35 / 15.04.2024
Ўзбекистон–Тожикистон олийгоҳлари ректорлари 2-форуми ўтказилди
22:14 / 27.02.2024
ТДИУ ректори: “Сергелига кўчиш масаласи олдимизга қўйилмаган”
18:05 / 08.02.2024