Ўзбекистон | 19:30 / 27.07.2019
119420
2 дақиқада ўқилади

Яккабоғ тумани ҳокими ишдан олинди, Туймаевга нисбатан жиноят иши очилди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими Шоҳмурод Холбоевич Донаев лавозимидан озод этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси хабарига кўра, Бош вазир Абдулла Арипов раислигида снос масаласида ўтказилган йиғилишда Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини ноқонуний равишда бузишга бўлган хатти-ҳаракати ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш хулосаларига кўра, туман ҳокими Шоҳмурод Донаев ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев Хуррамович ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли бинони экскаватор рулига ўтириб, ўзи бузмоқчи бўлганида, тадбиркор унинг устига бензин сепиб, ёқиб юборган эди.

Сайтимизда аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Эски Яккабоғ қўрғончасида «Обод қишлоқ» дастури бўйича олиб борилаётган ишлар ва нотураржой иморатларининг бузилиши ва унга тадбиркорлар томонидан бўлаётган кескин норозилик бўйича суриштирув ва таҳлилий мақолалар эълон қилинган эди.

Бугун, 27 июль куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев бўлаётган воқеалар билан яқиндан танишиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Яккабоғ туманига келиб, «Эски Яккабоғ» қўрғончасига ташриф буюрган ва бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашган, уларнинг муаммо ва мурожаатларини тинглаган, якунда тадбиркорнинг дўкони бузилмайдиган, моддий зарар қопланадиган бўлганди.

Мавзуга оид