Жамият | 22:00 / 29.07.2019
37061
3 дақиқада ўқилади

«Глушитель», жуда кўп камера, фақат трамвайга очиқ йўл – Самарқандда кириш имтиҳонлари қандай ўтмоқда?

Бугун, 29 июль куни бутун Ўзбекистон бўйлаб ОТМларга кириш имтиҳонлари бошланди. Биласиз, ҳозир имтиҳонлар олдинги каби бир кунда эмас, 15 кун давомида ўтказилади. Аввал ҳамма ОТМ учун бирор мактаб ёки қандайдир бино ажратилар ва белгиланган олийгоҳга имтиҳон топширганларнинг бари ўша ерга йиғиларди. Бундай ҳолатда қинғирлик қилиш осон эди. Аммо ҳозир тестлар бошқача ўтади.

Абитуриентлар вилоят ёки шаҳар марказидаги бирор бинода тўпланиб, имтиҳон топширишади. Битта бинода бир неча хил олийгоҳга ҳужжат топширган абитуриентлар бир вақтнинг ўзида имтиҳон топширишлари мумкин. Самарқанддаги тестлар олимпия заҳиралари спорт коллежида ўтказилмоқда.

Имтиҳонлар эрталаб ва тушдан сўнг икки сменада ўтказилди. Ташкилотчиларнинг айтишича, бинолардаги абитуриентлар ёшига қараб бўлинган ва бу тест жараёнидаги шаффофликни таъминлаш учун муҳим. Биз куннинг иккинчи ярмида тест жараёнларини кузатиш учун борганимизда, анча абитуриентлар ҳамон имтиҳон топшираётган эди.

Коллеждаги икки йирик залда кўплаб назоратчилар абитуриентларнинг тест ишлаш жараёнини текшириб туришибди. Назоратчилар мактаб, коллеж ва ОТМ ўқитувчиларидан танланган. Залда кондиционерлар ўрнатилган ва тест ишлаш учун барча шароит бор.

Имтиҳон ўтказилган залда жуда кўп назорат камералари борлигини айтиш керак. Шунингдек залда ўрнатилган «глушитель» эътиборни тортди. Назоратчиларнинг айтишича, абитуриент телефон олиб кирганда ҳам бунинг фойдаси йўқ, чунки «глушитель» хонада мобил алоқани «бўғиб қўйган». Бундай замонавий технологияларнинг борлиги эса тестлар тўғри ўтишига замин яратади.

Тестдан чиқаётган абитуриентларнинг айтишича, саволлар олдинги йилларга қараганда соддароқ. Балки ўша тест топширганларга шундай туюлгандир, буниси бизга қоронғу. Коллеж ҳудудида жуда кўп ИИБ, Миллий гвардия ва бошқа орган ходимлари хавфсизлик ҳамда тестларга аралашув ҳолатларини назорат қилишмоқда.

Коллеж шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирида жойлашгани боис кўчада машина қатнови тўхтатилган. Фақат трамвай юриб турибди. Самарқанд шаҳрида мавжуд бўлган иккита трамвай линиясининг бири бўлган бу маршрутда шаҳарнинг серқатнов ерларига етиб олиш мумкин бўлгани боис тест топширувчиларнинг келиб-кетишида муаммо бўлгани йўқ. Шу тариқа тестларнинг биринчи куни ўтди. Kun.uz воқеаларни кузатиб боради.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Мавзуга оид