Ўзбекистон | 15:20 / 31.07.2019
221142
4 дақиқада ўқилади

Бош вазир: Тонировка бўйича ҳам тегишли қарорга қўл қўйдик

Шу йил 27 июнда имзоланган «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган видеоселекторда Бош вазир Абдулла Арипов тонировка масаласида ҳам гапирди.

Бош вазир аҳоли томонидан турли муносабатларга сабаб бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақда ҳам тўхталаркан, автомобилларнинг кундуз куни чироқ ёқиб юриши ҳақидаги қоидани эслатиб, жамоатчилик фикри инобатга олинган ҳолда тартиб ўзгартирилганига эътибор қаратди. Шунингдек, «тонировка» масаласини эсга олди.

«Бундан ташқари, эрта-индин эшитасизлар, «тонировка» бўйича ҳам тегишли қарорга қўл қўйдик. Яхши хушхабар, ўйлайманки, халқимиз томонидан ижобий кутиб олинади», дея ҳукумат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2018 йил 18 июлдаги «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2018 йил 1 августдан бошлаб, жисмоний ва юридик шахсларга туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилди. 

Тўлов 1 йил муддатга жисмоний шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баравари (18 245 700 сўм), юридик шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 120 баравари (24 327 600 сўм), Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 140 баравари (28 382 200 сўм) миқдорида белгиланган.

Ўтган вақт давомида депутатлар ва блогерлар бир неча марта ҳукуматнинг бу қарорига ўзгартириш киритиш зарурлиги ҳақида чиқишлар қилиб келишди.

Бироз олдинроқ Ўзбекистон Республикаси президенти хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров тонировка масаласи бўйича ўз фикрини билдирганди.

«Фикримча, тонировка мавзуси Ўзбекистон шароитида долзарб ва ўринли кўтарилган. Чунки юртимизда иқлим шароити ёз ойлари, айниқса, чилла пайти жуда оғир бўлади. Масаланинг муҳим эканлигини ҳамда Интернет тармоқлари орқали жамоатчилик, блогерлар ва депутатлар мурожаатларини инобатга олиб, биз мутасадди давлат идораларига бу масалани амалиётга жорий қилиш юзасидан тегишли тавсиялар бердик. Ҳозирда тонировка мавзуси бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ҳар томонлама кўриб чиқилмоқда.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, шуни алоҳида айтмоқчиманки, бизда ушбу йўналишда ҳамма зарур чоралар ишлаб чиқилган ва ижроси таъминланган. Автоулов тонировкаси хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда ва таъминлашда бизга тўсиқ бўлолмайди», - деганди у инстаграмдаги саҳифаси орқали.

Маълум бўлишича, ҳозирда ички ишлар органларининг тонировка ўрнатадиган жойларида ҳамда тўлов учун банкларда тегишли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, тонировка нархлари орқа ойна (лобовой) учун текин бўлади, орқа ён ойна (орқа эшик) учун эса қуйидагича нархлар белгиланади:

жисмоний шахсларга - ЭКИҲ 10 баробар (2 млн 230 минг сўм);
юридик шахсларга - 20 баробар (4 млн 460 минг сўм);
хорижий ташкилотларга - 30 баробар (8 млн 920 минг сўм).

Олд ва орқа ён ойналар учун (барча ён ойналар):

жисмоний шахсларга - 90 баробар (20 млн 070 минг сўм);
юридик шахсларга - 110 баробар (24 млн 530 минг сўм);
хорижий ташкилотларга - 130 баробар (28 млн 990 минг сўм).

Мавзуга оид