«Ўзбек тилида пайдо бўлган янги сўз» — Бош вазир селекторда «снос» масаласига тўхталди
Шу йил 27 июнда имзоланган «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган видеоселекторда Бош вазир Абдулла Арипов «снос» масаласига тўхталиб ўтди.
«Ўзбек тилида янги сўз пайдо бўлди – «снос». Президентимиз мазкур масала юзасидан жуда катта эътироз билдирди, бу бўйича янги қарор лойиҳасини тайёрлаяпмиз. Асоссиз бузилишлар тақиқланди. Жойларда маҳаллий раҳбарлар, ёмон ниятда қилмаган, яхши ниятда бўлса-да «Обод қишлоқ»деб одамларнинг уйини бузиб юборган ҳолатлар бор.
Бундан кейин бузиш бўйича унинг қанчалик зарурати, эҳтиёжи, қурилиш нормалари, архитектура нормалари ва ҳоказолар бўйича менинг биринчи ўринбосарим Очилбой Раматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ кўриб чиқади. Иқтисодий жиҳатдан тўғрилиги бўйича Молия вазири, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги ишчи гуруҳ кўриб чиқади. Ундан кейин бош вазирга киритилиб, қабул қилинган қарор бўйича амалга оширилиши мумкинлигини эълон қилдик. Буларни расмийлаштириш бўйича бугун-эрта ҳукумат қарори қабул қилинади», — дея бош вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ўзбекистонда 2018 йил 29 мартидан президент фармони асосида «Обод қишлоқ» дастури асосида ҳудудларда аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида инфратузилмаларни янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Лекин айрим ҳолларда жойларда маҳаллий раҳбарларнинг аҳолига компенсация маблағларини тўламасдан бузиш ишларини бошлаши кузатилмоқда. Интернетда тез-тез турли ҳудудларда аҳолига нисбатан адолатсизлик қилинган ҳолатлар ёритилмоқда.
Июль ойида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида ва Хоразм вилоятининг Урганч тумани ҳудудида бу борада аҳоли ва ҳокимлик ўртасида жиддий можаролар юзага келди.
26 июль куни Урганч шаҳридан кўчириб юборилган аҳоли норозилик акциясига чиқиб, Урганч-Хонқа йўлини тўсиб қўйгач, 27 июль куни президент келиб чиққан тушунмовчиликни жойига чиқиб ўрганиш, таҳлил қилиш ва ижобий ҳал этиш учун бош вазир Абдулла Ариповни мазкур ҳудудга юборди. Бош вазир Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган одамлар билан учрашди ва улар билан суҳбатлашди, уларга компенсация маблағлари тўлаб берилди.
Мавзуга оид
15:37 / 07.11.2024
Хоразмда кийим-кечак бозорида ёнғин содир бўлди
18:33 / 04.11.2024
Абдулла Арипов Шанхайда Хитой бош вазири билан учрашув ўтказди
18:17 / 04.10.2024
Бош вазир Абдулла Арипов шахмат федерациясига раислик қилади
22:17 / 01.10.2024