Ўзбекистон | 20:13 / 02.08.2019
148899
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев ва бошқа мулозимларга суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2 август куни бўлиб ўтган ёпиқ суд мажлисида Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев ва унинг шерикларига нисбатан суд ҳукми ўқилган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси маълум қилмоқда.

Манба маълумотига кўра, Т.Жўраев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167- («ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш»), 206- («ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан чиқиш»), 210- («пора олиш») ва 243- («жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш») моддалари билан айбдор деб топилган ҳамда 13 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Т.Жўраевнинг ўринбосари Ўткир Абдуллаев ЖКнинг 210-моддаси билан айбдор деб топилиб 10 йилга, вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси Баҳодир Хўжақулов ЖКнинг 206-, 210-, 243-моддалари билан айбланиб 7 йилга, мутахассис Ботир Абдуллаев ЖКнинг 210- ва 243-моддалар билан 7 йилга қамалган бўлса, Тўлқин Сулаймоновга 210- ва 243-моддалар билан билан 5 йилга озодликдан чеклаш жазоси ҳамда энг кам иш ҳақининг 300 баробари миқдоридаги жарима тайинланган.

Kun.uz маълумотига кўра суднинг якуний ҳукми эълон қилингунга қадар озодликда юрган Ў.Абдуллаев бугун суд залидан қамоққа олинган. 

Маълумотларга кўра, тергов материалларида «Жиноий гуруҳ раҳбари» дея кўрсатилган Туробжон Жўраев Самарқанд шаҳрида кўп қаватли турар жойлар қуриш учун пудратчилардан жами 2 млн 140 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 13 июлида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Фейсбук»даги саҳифасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар йирик коррупцион схемага чек қўйгани ҳақидаги лавҳа эълон қилинган эди.

2018 йил 24 декабрда Самарқанд вилояти собиқ ҳокими Туробжон Жўраевга нисбатан тергов якунланиб, иш судга оширилгани хабар қилинган эди.

Ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири лавозимида ишлаган Туробжон Жўраев Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига ҳам раҳбарлик қилган. 2008 йилдан 2011 йилгача у Сурхондарё вилояти ҳокими бўлган. 2011 йилда уни қўшни Қашқадарё вилоятига ўтказишган. 

2013 йилнинг сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти И.Каримов Т.Жўраевнинг фаолиятини кескин танқид остига олиб, уни Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан бўшатган эди.

Шундан сўнг Т.Жўраев узоқ вақт раҳбарлик лавозимида ишламаган. Ўшандаёқ у коррупция ва порахўрликда айбланган эди. Бироқ, 2017 йилнинг апрелида Т.Жўраев Тошкент вилоятининг Бекобод туман ҳокими лавозимига тайинланди.

Орадан бир ойча вақт ўтгач, 2017 йилнинг июнида унга Ўзбекистоннинг ташриф қоғози бўлмиш Самарқанд вилояти раҳбарлиги ишониб топширилди. Туробжон Жўраев вилоятда таниш-билишчилик ўрнатиб, пул таъма қилишни бошлаб юборган. Тергов давомида Туробжон Жўраевнинг ўзи ҳеч нарсани рад этмаган. Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Ўткир Абдуллаев ва ҳокимликнинг яна икки ходими қурилишга оид турли фирибгарликларда иштирок этишган.

Мавзуга оид