Ўзбекистон | 19:00 / 04.08.2019
131552
5 дақиқада ўқилади

Ҳокимлар нега қонун олдида жавоб бермайди?

Фото: KUN.UZ

Бош вазир таъбири билан айтганда, ўзбек тилида янги сўз пайдо бўлди – «снос». Оддий халқ, тадбиркор ҳамда инвестор учун қўрқинч ва беҳаловатликни англатувчи янги сўз ҳокимларга асло таъсир қилмайди. Ҳарқалай, 3 август кунига қадар шундай эди.

Шавкат Мирзиёев йиғилишда Қашқадарё, Хоразм ва Фарғона вилоятларида бўлаётган бузишлар (янги тилда «снос» дейилади) аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлаётганини айтиб, ҳокимларга дакки берди.

Президент интернетда норозилигини билдириб чиқаётган халқнинг безовталигини ўқиб, билиб, кабинетида тинч ўтира олмаслигини қатъий таъкидлаганди.

Президент «Эрмановнинг қилган «қилиғи», Рўзиевнинг қилган хиёнати — бу маданиятсизлик», дея баҳолаганди. Уларнинг интернет орқали мурожаат қилиб, элга хатоларини тан олиши, ҳисобот бериши белгиланди. Кўп вақт ўтмай ҳокимлар бирин-кетин халқдан кечирим сўраб чиқа бошлади.

Ажабланарли жиҳати шундаки, қарийб бир ой давомида Риштон туманидаги бузиш ишлари ва жазирама иссиқда бошпанасиз қолиб, мутасаддиларнинг бепарволигидан азият чекаётган фарғоналиклар ҳақида кетма-кет мақолалар эълон қилинди. Фарғона вилоят ҳокими ўшанда вазиятга адекват муносабат қилмади. У хато ва камчиликни тан олмай, ўз билганча ишлайверди.

Хоразм вилояти ҳокими эса Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолалардан тегишли хулоса қилолмади, бу халқнинг ғазабини қўзитди. Икки ой бошпанасиз кўчадаги чайлада яшаётган аҳолига компенсация ҳам бермай келди.

Қашқадарё вилоятида тадбиркор ҳоким ўринбосарига бензин сепиб ўт қўйиб юборганида ҳам вилоят ҳокими воқеа жойига дарҳол етиб бормади.

Фақат давлат раҳбарининг сиёсий иродасидан кейин, унинг танбеҳларини эшитгач, юқоридан топшириқ олиб, халқдан кечирим сўраётган ҳокимлар аслида ҳам қилган ишидан пушаймонми?

Қонун устуворлигини таъминлаш асосий вазифаси бўлган прокуратура ходимлари нега вазиятга панжа ортидан қараяпти? Ахир мулк ҳуқуқини менсимай, одамларни бошпанасиз қолдирган, ўрнатилган тартибда халқни рози қилмай бузишларни бошлаган раҳбарлар жавобгарликка тортилмайдими? Биз Ўзбекистонда барчанинг қонун олдида тенг жавобгар эканига амин бўлдик-ку? Ҳокимлар кечирим сўраса, уларнинг қилмишлари унутиладими?

Аслини олганда, халқ сайламаган, халқ билан ҳисоблашмайдиган, Сенатдан ўрин эгаллаб, ҳам парламент, ҳам ижро этувчи ҳокимият вакиллари бўлмиш ҳокимлар фаолиятини танқидий кўриб чиқиш вақти келди. Улар нафақат маҳаллий депутатлар кенгаши раислиги, балки Сенатдаги ўрнини ҳам бўшатиши лозим. Қайси мантиқ билан қонун чиқариш ва уни ижро этишни бир шахс қўлига топшириш мумкин? Яна камига унинг дахлсизлик ҳуқуқи бор.

Гап ҳокимларнинг фундаментал инсон ҳуқуқларини ошкора поймол этиши ҳақида бормоқда. Ўрнатилган тартибда ишларни бажармай, давлат раҳбари сиёсатини халққа тескари тарғиб этиш ҳақида бормоқда. Модомики, Президент уларнинг фаолиятидаги камчилиги айтиб, кечирим сўрашга мажбур қилмаскан, вазият ўзгаришсиз қолармиди?

Шавкат Мирзиёев танқидий руҳда ўтган йиғилиш давомида Бош вазир Абдулла Арипов ҳамда Администрация раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга алоҳида топшириқ берганди.

«Бу масалалар ҳали тинчигани йўқ. Шунинг учун Арипов ва Низомиддиновга топшириқ: қайси вилоят ҳокимини ишдан олиш бўйича таклиф берасизлар», — уларга юзланганди президент.

Сир эмас, жамиятни қийнаб келаётган масалалар айнан Президент томонидан янграгач, уни кенг муҳокама қилиш урфга айланди. Бош вазир бу масалалардан шу вақтгача бехабармиди? Нега ҳокимларнинг ҳаддан ошиб кетиши, мамлакат обрўсига зарар етказадиган ишлар қилишига муносабат билдирилмади? Шу билан бирга, Президент Администрациясини бошқариб келаётган Зайнилобиддин Низомиддинов давлат раҳбари ҳамда мамлакат имижига путур етказаётган ҳокимларга қарата ўз вақтида бир сўз айтмаганмиди? Уларнинг жимлиги нимани англатиши бизга қоронғи, лекин халқ бундан умидвор эди.

Кечирим сўраш ўз йўлига, лекин ҳуқуқий фуқаролик давлатини қурмоқчи бўлаётган Ўзбекистон учун барча қонун олдида тенг жавобгар эканини билдириш зарур. Мавжуд вазият шуни талаб этади.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид