Ўзбекистон | 14:17 / 05.08.2019
42584
6 дақиқада ўқилади

Қўшкўпир туман ҳокимлиги судда ютқазди. Фермер ўзига нисбатан босимлар бўлаётганини айтмоқда

Республиканинг турли ҳудудларидан ҳокимият томонидан фермерларга қарашли ерлар олиб қўйилиши масаласида таҳририятга мурожаатлар келиши давом этмоқда. Бу сафарги мурожаат Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида истиқомат қилувчи фермер оиласидан келиб тушди.

Фермер Расул Худойбергановнинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 9 январида «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида уларнинг ерлари 100 гектар қилиб қайта ташкил этилган. Шундан 50 гектарига ғалла, 8 гектарига пахта экилган ва қолган қисми бошқа фермерчилик тармоқлари учун фойдаланилмоқда. Туман ҳокими Жўрабек Раҳимов фермернинг пахта экилган дала қисмига ўз эътирозини билдириб, «яхши парваришланмаган» дея у билан тузилган шартномани бекор қилиш бўйича судга берган.

«Ҳоким ҳеч қандай суд қарорисиз бизни ўз еримизга киритмай қўйди. Шу сабабли бир неча ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Ҳоким эътироз билдираётган далалар қарор асосида бу йил, эндигина бизга қўшиб берилди. Ерни яхшилаб ўрганишимга ҳеч бўлмаса, бир йил керак бўлади. Ҳоким бўлса, ерга эътибор бермагансан, деб бизни судга берди.

4 июль куни бу иш бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди. Қонун бўйича ҳокимият аввалига огоҳлантириш бериши, камчиликларни тўғрилашимиз учун вақт бериши керак экан. Улар бу талабларни бажармаганди. Шунинг учун суд даъво аризасини қаноатлантирмади.

Ҳоким қабулига кирсам «Сен фермерлик қила олмайсан. Сенинг фаолиятингни тугатамиз», деди. 1999 йилдан бери оиламиз фермерлик билан шуғулланиб келади. Ўтган йили сув муаммоси бўлиб озгина қийналдик, лекин эл қатори режани 80 фоизга бажардик. Ундан аввалги йиллар режаларни ортиқча қилиб топширганман. Барча техникаларим мавжуд. Туман ҳокими ғалла режасини ҳам тўлдира олмайди деди. Лекин ортиқчаси билан бажардим. Ўзимга ҳам қолди», - деди Расул Худойберганов.

Шундан сўнг, иккинчи тарафдан изоҳ олиш мақсадида туман ҳокими Жўрабек Раҳимов билан суҳбатлашдик. Унинг сўзларига кўра, фермерлар агротехника қоидаларини қўпол равишда бузгани сабабли туман қишлоқ хўжалиги бўлими салбий хулоса берган. Туман ер ресурслари ва давлат кадастри ҳам пахта етиштириш, ғўза тарбияси масаласида ҳокимга тегишли тақдимнома киритган. Шулар асосида ер ижара шартномасини бекор қилиш учун фермер судга берилган. Лекин суд даъво аризасини кўриб чиқиб, уни қаноатлантиришдан рад этган. Эндиликда фермер фаолиятини давом эттириши мумкин.

Суҳбат давомида фермернинг отаси айнан ўша вақтда айрим мутасаддилар билан содир бўлган воқеани туман ҳокимига тушунтириб берди. Унинг таъкидлашича, мақбуллаштириш жараёнларидан сўнг, ерни олаётган вақтида туман ҳокими хизмат сафари билан Туркияда бўлган. Чигитнинг ҳолати яхши бўлишига қарамай, туман қишлоқ хўжалиги бўлими ва бошқа бўлимлардан бир неча киши фермернинг дала майдонига бориб, чигитни қайтадан эктиришган.

Орадан вақт ўтиб, яна айрим мансабдорлар келиб ҳеч қандай суд қарорисиз далолатнома тузиб уларни даладан ҳайдаб чиқарган. Кейин туман прокурорига ёзма мурожаат қилган. Туман прокурори суд қарорисиз фермернинг ерини тортиб олиниши мумкин эмаслигини, ҳокимликнинг бунга ваколати йўқлигини тушунтирган.

«Сиз қонунан ўз фаолиятингизни давом эттиришингиз керак. Сизга берилган ердан олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бутун халққа берилиши лозим. Йилдан йилга пахта ва ғалла нархи ошириб келинмоқда. Юқори ҳосил олиниб фермер ҳам бой бўлсин, халққа ҳам берилсин. Фермерликни ривожлантириб кўп тармоқли фаолиятга ўтиш керак.

Сизга тазйиқ ўтказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Агар сизга ҳар қандай кўринишда босим бўладиган бўлса, менга айтинг. Сизни қўллаб-қувватлашга тайёрман. Ҳалол фермерлар ҳимоямизда. Қўлимиздан келган барча кўмакни беришга доим тайёрмиз», - дея ваъда берди туман ҳокими.

Ўтган йили Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Бекобод туманига ташрифи чоғида вилоятда фаолият юритаётган фермерлар билан суҳбатлашганди. Ўшанда президент мамлакатнинг асосий даромади қишлоқ хўжалигидан эканини таъкидлаганди.

«Фермер далага чиқдими, меҳнати самарасидан уй, машина олсин, фарзандларини ўқишга киргизсин, уйлантирсин», деганди давлат раҳбари. Шунингдек, фермерларга давлат томонидан етарли шарт-шароитлар яратиб, мутасаддилар уларни қўллаши зарурлиги айтилганди.

Давлат раҳбари фермерларни ўз ҳимоясига олаётган замонда нега Қўшкўпир туманининг баъзи раҳбарлари шу каби фермерлар фаолиятига тўсиқ бўлиб келмоқда? Давлат раҳбари кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантиришни доим таъкидламоқда. Расул Худойберганов ҳам мана шундай фермерлар тоифасидан бўлсада, нега ҳокимлик айрим мансабдорлари фермерга сунъий босимлар ўтказиб, уни судма-суд югуртирди? Фермер ер билан шуғуллансинми ёки судга бориб ўзини ҳимоя қилсинми? Нега давлат раҳбари бошлаган ислоҳотлар жойлардаги раҳбарлар онгига сингимаяпти? Туман ҳокими фермерни ўз ҳимоясига олишга ваъда берди. Унга керакли имкониятларни яратишда кўмаклашишга ваъда берди. Ҳокимлик фермерни яна судга берадими ёки уни қўллаб-қувватлайдими?

Kun.uz воқеалар ривожини кузатади.

Зафарбек Солижонов журналист,
Мирраҳимов Мирвоҳид тасвирчи

Мавзуга оид