Ўзбекистон | 16:09 / 05.08.2019
107752
2 дақиқада ўқилади

«Улар ҳозир қамоқда ўтирибди» - Алламжонов Facebook ва YouTube блокланиши ҳақида

Фото:YouTube/ Alter Ego

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов Alter Ego дастурида интервью берди. Унда у Facebook ва YouTube’нинг блокланиши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

“Агентлик раҳбари бўлиб тайинланганимдан сўнг Facebook ва YouTube’нинг ёқилиши бўйича маълум бир ҳаракатларни амалга оширдик. Блоклаган шахслар ҳозир қамоқда ўтирибди. Бунда мантиқ шундан иборат бўлганки, уларнинг фикрига кўра, жуда кўп салбий маълумотлар мавжуд эди. Ва улар Facebook ҳамда YouTube’ни ёпиш орқали салбий маълумотлар оқимини камайтириш мумкин, деган қарорга келишган. Бу борада жуда жиддий мунозаралар бўлди. Мен салбий маълумотлар билан қарши далиллар ва қарши фактлар орқали курашиш кераклигини айтдим.

Бу тўғри йўл, бошқа йўл йўқ. Бугунги кунда интернетни ўчириб қўйсангиз, ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Хўш, Facebook ўчирилди. Охир-оқибат нима бўлди? Ҳамма VPN’дан фойдаланишни бошлади. VPN эса барча хавфсизлик тизимларини бузади. У ҳамма манбаларга кириш имкониятини очади. Агар ҳамма VPN’дан фойдаланишни бошласа, унда давлатда назорат қилиш воситалари қолмайди, масалан, террористик сайтлар, конституцияга қарши турли ҳаракатларга тарғиб қилувчи ёки гиёҳванд моддалар савдоси бўйича сайтлар. Ахир, ҳозирда буларнинг барчаси сайтлар орқали амалга оширилмоқда. Агар ҳар бир фуқаро ҳар қандай тўсиқдан ўтиб кетадиган VPN’га эга бўлса, унда ўз давлатингизни қандай ҳимоя қила оласиз? Биз буни тушунтирдик ва бунга эришдик”, - дейди К.Алламжонов.

Мавзуга оид