Жамият | 10:00 / 06.08.2019
9223
4 дақиқада ўқилади

Республика ДСЭНМ Тошкент шаҳрида юқумли касалликларнинг тарқалиш ҳолати бўйича маълумот берди

Республика давлат санитария эпидемиология назорат марказида «Тошкент шаҳрида юқумли касалликлар бўйича олиб борилаётган профилактика чора-тадбирлари самарадорлигини баҳолаш» мавзусида брифинг бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳрида қизамиқ, менингококк инфекцияси, вирусли гепатит, ўткир юқумли ичак касалликларининг тарқалиш ҳолати ва ундан профилактика қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

Брифингда маълум қилинишича, 2019 йилнинг январидан ҳозиргача республика бўйича 279та қизамиқ ҳолати қайд этилгани лаборатория шароитида тасдиқланган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2017 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистон қизамиқ ва қизилчадан холи ҳудуд сифатида расман тан олинган эди. 2018 йилдан бошлаб эса аҳоли ўртасида қизамиқ ҳолати қайд этила бошланган.

«Жойларда қизамиқ белгилари билан келган беморларга ўз вақтида аниқ ташхис қўйилмаслиги ҳолатлари учрамоқда», дейди Республика ДСЭНМ иммунопрофилактика бўлими врачи Лаъли Саидғаниева.

Шунингдек, менингококк инфекцияси ҳам тез-тез учраётгани маълум қилинди. Республика эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори Нурмат Отабековга кўра, ҳар 100 минг аҳоли ўртасида 5тадан ортиқ менингококк инфекцияси қайд этилса, бу меъёридан ортиқ ҳисобланади. Тошкент шаҳри туманларида эса худди шундай ҳолат кузатилган. Умумий ҳолларда 5-6 ёшдаги болаларда учрайдиган мазкур касалликнинг 30 ва ундан юқори ёшлиларда ҳам қайд этилиши ҳолатлари мавжуд.

«Мазкур касалликнинг тарқалиши олдини олиш мақсадида янги уюшган жамоалар — армияга чақирилганлар, ўқишга янги қабул қилинганлар, ҳаж сафарига борадиганлар кабиларда эмлаш ишларини олиб бориш лозим», дея таъкидлайди Отабеков.

Республика ДСЭНМ бош врачи ўринбосари Ботир Қурбоновнинг қайд этишича, Тошкент шаҳрида учраётган вирусли гепатитнинг 98 фоизини гепатитнинг А тури ташкил этади. «Гепатит А билан кўпроқ мактабгача бўлган ёшдаги болалар касалланмоқда. Улар мактабга чиққач, ўзининг тенгдошларига ҳам касалликни юқтириши эҳтимоли пайдо бўлади. Шу боис вирусли гепатит А касаллигига қарши эмлаш кампаниясини ташкил этиш муҳим», дейди Қурбонов.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида 2019 йилнинг биринчи ярмидаги ҳолатга кўра ўткир юқумли ичак касаллиги билан оғриганларнинг 36,9 фоизини 1 ёшгача бўлган чақалоқлар, 34,7 фозини 12 ёшдаги болалар, 18,5 фозини 3-6 ёшдагилар, 9,9 фоизини 7-14 ёшлилар, 0,6 фозини эса катталар ташкил этади. Ичбуруғ касаллигининг юқишига асосан мева ва сабазавотлар (56,2 фоиз), сут ва сут маҳсулотлари (26,5 фоиз) ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари (17,3 фоиз) ташкил этади.

«Ичбуруғнинг болалар ўртасида кўп учраши поликлиникаларда ёш оналарга тушунтириш ишлари етарли даражада олиб борилмаётгани сабаб бўлмоқда. Шахсий гигиена қоидаларига етарли даражада риоя этилмаслиги ҳам ичбуруғга йўл очиб беради. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, ташишда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши қатъий назоратга олиниши керак», дейди Республика ДСЭНМ эпидемиология бўлими врачи Азиз Нишонов.

Мавзуга оид