Ўзбекистон | 10:34 / 07.08.2019
10459
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Гастрономик туризм ассоциацияси очилди

Фото: Depositphotos

6 август куни Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси анжуманлар залида тегишли идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида Гастрономик туризм ассоциациясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда йиғилганларга ассоциациянинг мақсади, фаолияти ва аъзолик шартлари бўйича тақдимот ташкил қилинди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарига кўра, ассоциация фаолиятини йўлга қўйишдан мақсад гастрономик туризм йўналишида турли тадбирлар, жумладан кўргазма, фестиваль, форум, семинар, илмий анжуман, давра суҳбати, танлов ва шу каби бошқа тадбирларни ташкил этиш, ассоциация қошида халқаро грантлар ҳомийлигида ўзбек миллий кулинарияси тарихи, бугуни ва келажаги бўйича гастрономик туризм тараққиёти учун хизмат қилувчи турли лойиҳаларни амалга оширишдан иборатдир. 

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, ассоциация Ўзбекистонда сайёҳлик мавсумини узайтириш мақсадида ҳар йилнинг ноябрь ойида мунтазам равишда “Лаззатли Ўзбекистон” халқаро миллий таомлар фестивалига мезбонлик қилади, фестивалга халқаро туристик агентликларини мунтазам жалб этиб боради ва тадбир доирасида Ўзбекистон бўйлаб ҳудудий гастрономик турларни ташкил этади. 

Шунингдек, ассоциацияга аъзо ресторанлар ва уларнинг ходимлари орасида “Хорижликлар эътирофига сазовор бўлган йилнинг энг яхши ресторани, “Йил официанти”, “Йил ресторан менежери”, “Йил бош ошпази” номинациялари бўйича тақдирлаш маросимлари ўтказилади. 

Мавзуга оид