Спорт | 15:56 / 09.08.2019
3029
2 дақиқада ўқилади

Халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Fide World Chess Cup’да қатнашади

Бу йил кузда Россиянинг Ханти Мансийск шаҳрида шахмат бўйича “FIDE WORLD CHESS CUP” турнири ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу турнирда бутун дунёдан кучли шахмат усталари қатнашиши режалаштирилган.

Марказий Осиё 3.4 зона президенти Ҳусан Турдиалиев ташаббуси билан ФИДЕ президенти Аркадий Дворкович номига бир неча бор илтимоснома юборилди. Ушбу илтимосноманинг мазмунига кўра, ҳамюртимиз, шахмат бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, халқаро гроссмейстер, олимпиада чемпиони Нодирбек Абдусатторовнинг сўнгги йилларда кўрсатган натижалари ҳамда унинг имкониятларини ҳисобга олиб, “FIDE WORLD CHESS CUP”да қатнашиш учун муносиб номзод экани аниқ фактлар билан кўрсатилди. 

Мусобақа мезонига кўра, белгиланган квоталардан ташқари, ФИДЕ президенти ҳам 5 нафар иштирокчини мустақил тавсия этиш ҳуқуқига эга.  5 нафар иштирокчидан 4 нафари аллақачон маълум эди, охирги битта ўрин учун эса асосий даъвогарлар орасида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳамда Ҳиндистон вакили Ниҳал Саринлар номзоди илгари сурилган. 

Қилинган ҳаракатлар натижаси ўлароқ, халқаро гроссмейстер Юдит Полгар, халқаро гроссмейстер Владимир Крамник, ФИДЕнинг ижрочи директори халқаро гроссмейстер Виорел Балаган бошчилигидаги комиссия икки ёш гроссмейстерлар - Ҳиндистон вакили Ниҳал Сарин ҳамда Ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторовнинг натижаларини кўриб чиқиб, ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторовни “FIDE WORLD CHESS CUP” турнирида иштирок этишга тавсия қилишди. Шу тариқа, ватандошимиз ушбу нуфузли беллашувда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Ўзбекистон Шахмат федерациясининг хабар беришича, мусобақа 9 сентябрдан 4 октябргача Россия федерацияси, Ханта-Мансийск шаҳрида бўлиб ўтади. Бу нуфузли турнирда Ўзбекистон номидан шахмат бўйича 17-жаҳон чемпиони, халқаро гроссмейстер Рустам Қосимжонов ҳам иштирок этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид