Жамият | 19:57 / 10.08.2019
118727
3 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: Ҳар бир оила ўз оила боши билан фаровон ҳаёт кечирсин

Ўзбекистон президентининг қизи, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева ўзининг Фейсбукдаги саҳифаси орқали барча ўзбекистонликларни, дўст ва яқинларини Арафа куни билан муборакбод этди. 

“Қадрли юртдошлар! Дўстларим, кўплаб фолловерларим! Барчангизни оила аъзоларим номидан Арафа куни муносабати билан табриклайман!

Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи. Лекин меҳр-оқибат, урф-одатларимиз ва қолаверса, муқаддас динимиз билан боғлиқ барча қадриятларимиз абадий сақланиб қолади.

Энг асосийси, бахтимизга ота-онамиз, яқинларимиз соғ бўлишсин. Ҳар бир оила ўз оила боши билан фаровон ҳаёт кечирсин.

Ҳаж сафарини ўтаётган ватандошларимизни эса Аллоҳ зиёратларини қабул қилиб, эсон-омон ўз яқинлари бағрига етиб келишларини насиб этсин!

Арафа муборак, дўстларим!”, деб ёзди у ҳамда мазкур постига Шавкат Мирзиёев ва Зироатхон Мирзиёеваларнинг биргаликда тушган суратини жойлади.

Фото: Facebook /Saida Mirziyoyeva

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити муносабати билан табрик йўллаганди.  

Табрикда жумладан, шундай дейилади: “ Муҳтарам ватандошлар! Халқимиз бутун мусулмон уммати билан биргаликда катта шод-у хуррамлик ила кутиб олаётган Қурбон ҳайити билан сизларни, гўзал диёримиздаги барча мўминларни чин қалбимдан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни билдираман.

Асрлар давомида эл-юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаб келаётган ушбу қутлуғ байрам барчамизга муборак бўлсин!

Яратганнинг неъматлари зиёда бўлаётган ва шукроналик ҳислари қалбларимизни нурафшон қилаётган ушбу айёмда узоқ ва яқин ҳудудларда жойлашган барча мусулмон мамлакатларининг халқларини, хорижий дўст ва ҳамкорларимизни қутлаб, уларга тинчлик, бардавом тараққиёт ва фаровонлик ёр бўлишини тилаймиз.

 “Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин”, деган олижаноб эътиқод билан яшаётган халқимиз доимо омон бўлсин!

Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан хотиржамлик, аҳиллик, файз-у барака ҳеч қачон аримасин!

Эзгу интилиш ва ишларимизда Яратганнинг ўзи ҳамиша мададкор бўлсин!”.

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 11 август куни нишонланади.

Мавзуга оид