Жаҳон | 19:58 / 11.08.2019
24205
2 дақиқада ўқилади

Ал-Қудсда мусулмонлар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди

Фото: Reuters

11 август Ал-Қудсдаги Ибодатхона тепалигида Қурбон ҳайит байрами намозини адо этгани йиғилганлар ва полиция кучлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. Бу ҳақда The Jerusalem Post нашри хабар берди. 

Маълум қилинишича, полициячилар муқаддас қадамжога кириш жойида мусулмон аҳоли ва яҳудийлар билан низо чиққач вазиятга аралишишларига тўғри келган. Одамларни тарқатиш учун шовқин-ёруғлик гранаталари қўлланган.

Тартибсизликлар оқибатида ҳам мусулмонлар, ҳам яҳудийлар орасида жабрланганлар бўлган.

Исроил нашрининг таъкидлашича, ислом байрамлари кунлари Ибодатхона тепалиги одатда мусулмон бўлмаганларга ташриф учун ёпиқ бўлади. Бироқ жорий йилда Ийд ал-Адҳа байрами ва яҳудий халқининг миллий мотам куни – Тўққизинчи ава нишонланиши бир-бирига тўғри келиб қолган. 

Натижада баъзи яҳудий ташкилотлар ҳукуматдан уларга тепаликка киришни таъминлаш илтимоси билан мурожаат қилган. Бироқ полиция хавфсизлик нуқтаи назаридан яҳудийларга Қурбон ҳайитни нишонлагани 80 минг мусулмон йиғилган ушбу қадамжога киришни тақиқлаган.

Бу орада фаластинликлар орасида исроилликлар тепаликдаги Ал-Ақсо масжидини штурм билан эгаллаб олмоқчиликлари ҳақида гап юрган. Шу сабабли тепаликка йиғилган мусулмонлар тарқалмаслик ва яҳудийларга унинг ҳудудига киришга йўл қўймасликка чақирилган. Сўнгра икки томон ўртасида тўқнашувлар бошланиб кетган.

Мавзуга оид