Ўзбекистон | 21:44 / 12.08.2019
24734
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда илк бор бир вақтда энг қадимги иккита Қуръон намойиш қилинади

“Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” Маданий мерос ҳафталиги иштирокчилари 23 августда Ислом маданияти марказига ташриф буюриб, дунёдаги биринчи Қуръонлардан бирларини кўришлари мумкин бўлади.

Ҳафталик меҳмонлари Ўзбекистон мусулмонлар идорасига ташриф буюриб, у ерда бутун ислом дунёсининг улкан бойлиги – Усмон Қуръони ва Катта Лангар Қуръони билан танишишади. 

Усмон Қуръони

Усмон Қуръонини кўргани Тошкентга ҳар йили дунёнинг кўплаб давлатларидан юз минглаб мусулмонлар ва сайёҳлар келишади. Усмон Қуръони Қуръони Каримнинг сақланиб қолган энг қадимги нусхаси ҳисобланади. 1997 йилда ЮНЕСКО уни “Дунё хотираси” рўйхатига киритган. 

Шунингдек, Катта Лангар Қуръони ҳам ислом дини ва мусулмонлар учун улкан диний аҳамиятга эга. Бу қадимий китоб бутун инсониятнинг маданий ва тарихий меросини ташкил қилувчи қадриятларга киради.

Мутахассисларнинг баҳолашича, Катта Лангар Қуръонининг умумий ҳажми 206 саҳифадан иборат бўлган бўлиши мумкин. Бугунги кунда унинг фақатгина 97 саҳифаси сақланиб қолган. Айни вақтда ушбу ноёб қадимги қўлёзманинг қолган ярми тақдири номаълум қолмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид