Ўзбекистон | 19:13 / 13.08.2019
17637
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хусусий клиникада операция қилиниб, аҳволи оғирлашган қизалоқ ҳақида маълумот берди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

 Бугун, 13 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида брифинг ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбирининг “Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган, “Эрамед” клиникасида жарроҳлик амалиётини ўтказгандан сўнг аҳволи оғирлашган қиз бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги қандай маълумот бера олади?” – деган саволига вазирлик бошқарма бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов шундай жавоб берди:

– Сурхондарёлик қизалоқ масаласига келсак, албатта бу ҳолат вазирлик эътиборидан четда қолгани йўқ. Бугун махсус ишчи гуруҳ Сурхондарёга йўл олган, бу масалани ўрганмоқда, яқин кунлар ичида вазирлик номидан тўлиқ расмий маълумот берилади. 

Ижтимоий тармоқда берилган лавҳага келсак, унда беморнинг ҳозирги аҳволи кўрсатилган. Қизалоқнинг операцияга қадар ҳолати деярли ёритилмаган. Ҳолбуки, болада туғма юрак нуқсони касаллигининг оғир формаси бўлган, касаллик оқибатида болада жиддий кислород етишмовчилиги кузатилган, бу эса бошқа касалликларнинг авж олишига ҳам сабаб бўлган. Бемор бир неча марта вилоят ва республика даражасидаги тиббиёт муассасаларида тиббий-кўрикдан ўтган ва назоратда бўлган.

“Эрамед” хусусий тиббиёт муассасасида Ш.Менгқобилова бир ойдан ортиқ даволанган. Бу ерда зарур текширувлар амалга оширилганидан сўнг, ота-онасининг розилиги билан жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Ташкил этилган ишчи гуруҳига хусусий тиббиёт муассасасида юритилган тиббий ҳужжатлар ҳам тақдим этилди. Тез орада мутахассисларнинг бемор Ш.Менгқобилова билан боғлиқ якуний хулосалари вазирлик томонидан расмий эълон қилинади.

 Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда 3 ёшли қизини қучиб йиғлаган она фарзандининг хусусий клиникада операция натижасида ногирон бўлиб қолгани ва ҳаёти қил устида тургани ҳақидаги лавҳа тарқалган ҳамда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. 

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид