Жамият | 21:35 / 15.08.2019
15054
4 дақиқада ўқилади

Булунғурдаги хавфли кўприк маҳалла аҳолисини хавотирга солмоқда. Туман ҳокими муаммони бартараф этишга ваъда берди

Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти, Булунғур туманидаги «Чорбоғ» маҳалласи аҳолисидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда маҳалла орасидан ўтган «Булунғур» ариғидаги кўприкнинг аҳволи ва у аҳолига, айниқса ёш болаларга хавф туғдириётганлиги баён этилган.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Булунғур туманида бўлдик ва «Чорбоғ» маҳалласи аҳолиси билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

«Маҳалламиздан ўтган «Булунғур» ариғидаги кўприкдан фарзандларимиз 68-умумий ўрта таълим мактабига қатнайди. Аммо кўприк талабга жавоб бермайди ва болалар учун жуда хавфли. Шунинг учун биз ота-оналар хавотирда яшаймиз. Туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилдик. Ҳашар йўли билан қилинглар, дейишди. Ҳашар билан қилганимиз шу ахир. Бундан ортиғини қилолмаймиз. Баҳорда сув жуда кўп келиб кўприкни ҳам кўмди. Болалар ҳафталаб мактабга бормади. Янги ўқув йили яқинлашяпти. Шунинг учун бу муаммо ўқув йили бошлангунга қадар ҳал бўлишини истардик», – дейди маҳалла аҳолиси биз билан суҳбатда.

Ўрганишимиз давомида кўприкнинг аҳволини кўздан кечирдик. Ҳақиқатан ҳам кўприк болалар учун жуда хавфли. Сув тез оқади. Кўприкдан ўтилгандан кейин ҳам мактабгача «Булунғур» ариғи ёқалаб юрилади. Ёғингарчилик вақти ариқ ёқасидаги йўл ҳам буткул лойга айланар экан.

Маълум бўлишича, шу йил баҳорда ёғингарчилик кўп вақти ариқдан сув тўлиб оққан ва кўприкдан ўтишнинг умуман имкони бўлмаган. Шу боис ўқувчилар ҳафталаб дарсга бора олишмаган.

Буни мактаб директори Турғун Ҳайдаров ҳам тасдиқлади.

«Мактабимизга юздан ортиқ ўқувчи «Чорбоғ» маҳалласидан қатнайди. Ўқувчилар ўша кўприкдан ўтиб келишга мажбур. Ҳақиқатан ҳам ўқувчилар баҳорда ҳафталаб дарсга келишолмади», – дейди биз билан суҳбатда Ҳайдаров.

Ушбу муаммо юзасидан ўрганишимиз давомида иштирок этган  туман ҳокимлигининг қурилиш масалалари бўйича бош мутахассиси Алишер Элмуродовдан изоҳ сўрадик.

Туман ҳокимлиги мутасаддиси бу масалани туман ҳокими ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда ўрганилиб, муаммони бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилишини билдирди.

Мақолани тайёрлаш жараёнида маълум бўлишича, ўрганишимиздан кейин Булунғур туман ҳокими Б.Баҳрамов ва тегишли ташкилотлар вакиллари бу маҳаллага бориб вазиятни ўрганган.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг бизга маълум қилишича, туман мутасаддилари ҳолатни ўрганиш вақтида сиғими 10 куб бўлган ариқдаги кўприк ҳақиқатан ҳам таъмирталаб аҳволда эканлиги, ундан маҳалла аҳолиси доимий фойдаланиши, хусусан маҳалла ёшлари 68-умумий ўрта таълим мактабига мазкур кўприк орқали қатнашлари аниқланган.

Кўприкдан фаол фойдаланилиши ва таъмирталаб аҳволда эканлиги инобатга олиниб, кўприк жорий йилнинг 25 август санаси, яъни халқ таълими тизимида янги ўқув йили бошланишига қадар таъмирланиб, фойдаланиш учун хавфсиз ҳолатга келтирилиши белгиланган. Мазкур масала туман ҳокимининг шахсан назоратига олинди.

Аммо туман мутасаддилари масаланинг яна бир томонига эътибор қаратишини истардик. Кўприк ўнгланганидан кейин ариқ ёқалаб юриладиган йўлак ўрнига юз-икки юз метр тўғридан йўлак қилиб берилса, ўқувчиларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган бўларди.

Kun.uz туман ҳокимлиги белгиланган муддатда муаммони бартараф этишига ишонч билдиради ва лозим бўлса, бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

 

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид