Иқтисодиёт | 15:30 / 15.08.2019
39661
6 дақиқада ўқилади

Германияда гўшт неча пул ва немислар уни қимматга сотиб олишга тайёрми?

Германияда вегетарианлар сони ошиб бормоқда ва гўшт истеъмол қиладиган немислар сони камаймоқда. Аммо шунга қарамай, жон бошига ҳисоблаганда ГФРда гўшт истеъмол қилиш дунёдаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар юқори туради, деб ёзади DW.

Ёз фасли Германияда барбекю (чўғ ёки оловда гўштли таом тайёрлаш) мавсуми ҳисобланади. Савдо тармоқлари буни жуда яхши билади ва шу боис пештахталар турли гўшт маҳсулотларига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ тўлиб кетади. Музлатгичларда тайёр қирқилган, қадоқланган, маринадланган, сихларга жойланган гўшт маҳсулотлари тоғдай уйилади. Шу билан бирга, нархлар Европа ўлчовлари бўйича ҳайратланарли даражада арзон бўлади.

Aldi дискаунтери ярим кило антрекотни етти евродан таклиф қилади. Чўчқа ёки мол гўшти қиймасининг бир килосини тўрт евродан сал арзонроққа сотиб олиш мумкин. Бу нима: акциями ёки мавсумий чегирма?

Йўқ. Германияда гўшт барча супермаркетларда арзон нархда сотиладиган маҳсулотлардан бири ҳисобланади.

Гўшт ишлаб чиқаришдаги миллиардлаб евролик айланмалар

Гўшт нархи арзонлигининг асосий сабаби шундаки, Германияда ЕИнинг бошқа мамлакатлари билан солиштирганда, гўшт ишлаб чиқариш унчалик серхаражат эмас, бозорга эса улкан ҳажмда гўшт маҳсулотлари чиқарилади. Бу саноат немис иқтисодиётининг муҳим соҳаларидан бири ҳисобланади. 2018 йилда Германиядаги энг йирик 25та гўшт ишлаб чиқарувчи корхонанинг айланмаси қарийб 27 миллиард еврони ташкил этди.

Ҳаттоки Германияда ишлаб чиқарилган гўшт-сут маҳсулотларининг катта қисми хорижда сотилса ҳам мамлакат бозорида таклиф ортиғи билан бўлади. Аммо бизнес барибир бизнес ва даромад олиш учун тежамкорлик қилишга тўғри келади. Шу боис чорвачилик фермалари ва кушхоналар ишчиларининг маоши бошқа соҳалардагиларникига нисбатан анча кам.

Улкан оғилхоналарда ҳар бир жонивор учун жуда кичик ҳудуд ажратилган. Бечора жонивор бу ҳудудда айланиш тугул ҳаттоки бирор ҳаракат ҳам қилолмайди. Бу атайлабдан – жонивор тезроқ семириши ва тезроқ кушхонага жўнатилиши учун қилинган.

Жон бошига бир йилда 80 килограмм гўшт

Германияда гўшт истеъмол қилиш ўзига тўқлик белгиси деб ҳисобланган даврлар ҳам бўлган. 1961 йилдан 2011 йилгача бўлган давр ичида мамлакатда жон бошига гўшт истеъмол қилиш йилига 64 килодан 90 килога етган.

Аммо кейин бу кўрсаткич пасайиб борди ва ҳозирда йилига 60 килога яқин кўрсаткични ташкил этади. Бундан ташқари, статистика бўйича ҳар бир немисга уй ҳайвонлари учун озуқа сифатида қайта ишланадиган яна 20 кило гўшт тўғри келади. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича бир киши йилига ўртача 40 килога яқин гўшт истеъмол қилади.

Федерал статистика идораси маълумотларига кўра, 2019 йилнинг биринчи ярмида 3,9 млн тонна гўшт тайёрланган. Бу жаҳоннинг бошқа мамлакатларига таққослаганда энг юқори кўрсаткичлардан бири. Ҳозирда Германияда немисларнинг ўзлари истеъмол қилганига нисбатан кўпроқ гўшт маҳсулотлари тайёрланади. 

Гўшт нархини ошириш ташаббускорлари ва уларга қаршилар

Германия аҳолисининг аксарияти қийноққа солинган жониворлар суратлари чоп этилган мақолаларга эътибор бермасликка ҳаракат қилади. Харидорлар супермаркетда экологик соф маҳсулотлардан кўра арзон гўшт сотиб олишни афзал кўришади. Албатта, эко-маҳсулотлар нархи ўртача тўрт баравар қиммат туради.

Аграр соҳадаги сиёсатчилар ҳамда экология ва жониворлар ҳимоячилари гўшт маҳсулотларига қўшимча қиймат солиғини 7 фоиздан 19 фоизга кўтаришни таклиф қилишмоқда. Солиқ кўтарилиши натижасида бюджетга тушган қўшимча маблағ эса жониворларни сақлаш шароитларини яхшилашга, масалан, чорва ва паррандалар сақланадиган биноларни қайта қуриш ва қайта жиҳозлашга сарфланиши таклиф этилмоқда. 

Аммо бу таклиф танқидлар остида қолди. Таклифга қарши чиққанларнинг айтишларича, солиқ кўтарилиши ижтимоий нуқтаи назардан адолатсизлик бўлади. Чунки нархлар даромадидан қатъи назар барча фуқаролар учун ошиб кетади. Дарҳақиқат, ҚҚС 19 фоизгача ошадиган бўлса, антрекот 7 эмас, 7,78 евро бўлади. Бир кило колбасанинг нархи эса 3,73 ўрнига 4,15 евро бўлади.

Бунинг устига, агар гўшт яримфабрикатлари, сут ва тухум ҳам қимматласа, ҳар бир маҳсулотга қўшилган центлар ой охирига бориб бир неча еврога айланади. Бу эса кам даромадли оилалар бюджетини издан чиқариши мумкин, деб ҳисоблашмоқда гўшт учун солиқ оширилишига қарши бўлганлар.

Аммо юқори даромад оладиганлар-чи? Агарда гўшт сотиб олиш учун ойига бир неча евро қўшимча харажат қилишга тўғри келса, улар гўшт истеъмол қилишни камайтиришадими? Кўплаб сиёсатчилар бунга шубҳа қилишмоқда.

ЕИнинг бюджет бўйича комиссари Гюнтер Эттингер Евроиттифоқнинг алоҳида мамлакатларида бундай чора кўришдан огоҳлантирмоқда ва гўшт бутун Европа бозоридаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири эканлигини таъкидламоқда. Унинг фикрича, ҳаттоки агарда Германияда гўшт учун солиқ оширилса ҳам қўшни давлатларда у арзонлигича қолади. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид