Жаҳон | 15:05 / 15.08.2019
62611
8 дақиқада ўқилади

Наполеон чиндан пакана бўлганми? У ҳақидаги 7 афсона

Фото: GETTY IMAGES

Роппа-роса 250 йил аввал, 1769 йилнинг 15 августида Наполеон Бонапарт таваллуд топганди.

У нафақат ҳарбий даҳо, балки буюк ижтимоий ислоҳотчи ҳам бўлган. Янги давр бошланишига туртки бўлган Наполеон шахсий намунаси орқали янги ғояни илгари сурди: агар буни уддалай олса, ҳар ким ўзи истаган шахсга айланиш ҳуқуқига эга. 

Шу каби шахслар доимо афсоналар билан йўғрилади.

1. Наполеон пакана бўлган

Стереотип шунчалар илдиз отганки, ҳаттоки «Наполеон комплекси» ибораси пайдо бўлди - гўё ўз шахсиятини намоён қилишга ўчликнинг кучайиши паст бўйли йигитларга хос эмиш.

Умуман олганда, Наполеоннинг бўйи 169 сантиметрга тенг эди. Ўша даврдаги француз эркакларининг ўртача бўй кўрсаткичи 165 сантиметрни ташкил этган.

Наполеон ўша даврларда баланд бўйли деб ҳисобланган Веллингтон герцогидан 6 сантиметрга паст, адмирал Нельсондан эса 7 сантиметрга баланд бўлган.

Черчилл ва Пушкин Наполеонга нисбатан уч сантиметрга, Сталин 4 сантиметрга паст бўйли бўлишган, аммо улар тарихда пакана сифатида қолмаган.

Уни бир умр таъқиб қилган «митти капрал» лақаби Италияга юриш вақтида пайдо бўлган. Ўшанда Наполеон 26 ёшда эди. Аскарлар унинг ёшини назарда тутишган.

Наполеоннинг паст бўйли бўлгани ҳақидаги яна бир миш-мишли ҳолат - маршал Пьер Ожеро билан бўлган машҳур суҳбатда Италия армиясининг янги қўмондони шундай дейди: «Сиз мендан баланд бўйли экансиз, аммо жасоратингизни менга кўрсатмасангиз, ушбу фарқни йўққа чиқараман». Бироқ, Ожеро чиндан ҳам, ҳамма тасдиқлаганидек, гигант бўлган.

Афсонанинг келиб чиқиши сабаби нима?

Наполеон ва Британия вазири кичик Уильям Питт дунёни бўлиб олмоқда ва унда француз императорининг тасаввурдаги бўйи акс эттирилган

Биринчидан, ўрта асрлардаги узунлик ўлчов бирликларидаги тафовутлар. Французлардаги фут ва дюм инглизларникидан бирмунча катта бўлган. Наполеоннинг омма ичида машҳур бўлган бўй кўрсаткичи - 5 фут 2 дюм - британияликлар учун 169 ни эмас, 157 сантиметрни ташкил этади. Қолганини карикатурачилар ўзларидан «қўшишган».

Иккинчидан, унинг шахсий қўриқчиларини ташкил этувчи гвардия гренадери аскари бўйи камида 5 фут 10 дюм (178 сантиметр) бўлиши ҳақида буйруқ бериб Наполеоннинг ўзи афсонага сабаб бўлган.

Нима учун? У маршал ва адъютантларни олтин кашта ва патлар билан безанган ҳолда кийинишга ундаб, ўзи оддийгина кулранг тусли кийим ва уч қиррали шляпа кийиб олгани ҳам бунга сабаб бўлгани эҳтимолга яқин. Контраст фонда унинг қомати диққатни яққол жалб қилган ва ажралиб турган.

2. Наполеон ўз фамилиясидан «у» ҳарфини олиб ташлаб, уни француз тилига мослаштирган

Наполеон ҳеч қачон «Буонапарт» бўлмаган, худди Гитлер - «Шикльгрубер» бўлмагани каби.

Унинг корсикалик аждодлари фамилияси  Bonaparte бўлган. Фамилия бўлажак императорнинг туғилганлик гувоҳномасида ва у ўқиган Бриенн ҳарбий мактаби кадетлари рўйхатида ўзгаришларсиз қайд этилган. 

Наполеоннинг ота-онаси ҳужжатларда Buonaparte ҳолида учраб туради.

Аммо фамилияга «у» ҳарфини ўғил эмас, машҳур Тоскани графлик оиласи фамилиясига алоқадор бўлиш учун унинг отаси қўшган.

3. Наполеон буғдойранг эди 

Унинг ҳаёти даврида фотографиялар мавжуд эмасди, аксарият суратлар ва китоблардаги иллюстрацияларда эса у қора сочли ва қора кўзли қилиб тасвирланган. Корсика, Ўрта Ер денгизи, жанубга хос ташқи қиёфа.

Аслида эса, Наполеон сочлари тўқ малла тусда, кўзлари мовий рангда бўлган. Бу ҳақда маршал Жюнонинг рафиқаси герцогиня д'Абрантес ва французлар императорини Тильзитда Александр I билан музокаралари вақтида кўрган Денис Давидов ўз мемуарларида ёзиб қолдиришган.

Давидов Наполеоннинг бурни катта кўринмагани, тўғри ва кичик бўлганини тасдиқлаган.

Корсикада қўнғир ва малла сочлилар кам эмас. Олимлар бунга оролни изоляция қилиш натижасида қадимги генлар сақланиб қолишини сабаб қилиб кўрсатишади. 

4. Наполеон Гизадаги катта сфинкснинг бурнини унга замбаракдан ўқ отишга буйруқ бериб синдирган

Бу ҳақида Миср гидлари саёҳатчиларга ҳикоя қилишади. Аммо кўплаб суратлар ва ёзма манбалар шуни исботлайдики, сфинкс ўз бурнидан анча аввалроқ маҳрум бўлган. Унинг сабаби, катта эҳтимол билан, шамол ва ҳаво ҳароратининг кескин ўзгаришларидир.

Наполеон бундай буйруқ бериши мумкин эмасди, чунки у Қадимий Миср меросини қадрлаган ва уни ўрганишга замин яратган. Юриши давомида Франция академияси томонидан танлаб олинган турли мутахассисликдаги изланувчилар гуруҳини ўзи билан олиб кетган.

Юриш вақтида тўсатдан колоннага турк кавалер-мамлуклари ҳужуми бошланганда Наполеон бор овози билан ўзининг афсонавий буйруғини берган: «Эшаклар ва олимлар ўртага».

5. Француз императори француз талаффузида равон сўзламаган

Бу эса ҳақиқат. Оилада унинг ота-онаси италянча гаплашган.

Наполеон  кўплаб соҳаларда жуда кўп билимларга эга бўлиб, ҳамма нарсада қобилиятли ва иқтидорли ҳисобланган. Моҳир деб ҳам аташ мумкин, бироқ тил ўрганишда эмас - мактабда лотин тилига тоқат қила олмаган бўлса, ёшлик йилларида немис тилини ўрганишга ҳаракат қилган. Муқаддас Елена оролида инглиз тилини эгаллашга киришган, аммо улгурмаган.

У албатта, француз тилини яхши ўрганган, лекин талаффуздаги муаммолардан умрининг охиригача қутула олмаган - худди Екатерина II ва Сталин каби.

6. Наполеоннинг  «олтин карвони»

Афсонага кўра, Наполеон Россиядан чекиниш вақтида Вязьма яқинидаги Сёмлевский кўлига Москвада тўплаган хазинасини чўктириб юборган: олтин тангалар ва ёмбилар, черков анжомлари, заргарлик буюмлари ва ҳаттоки Буюк Иваннинг қўнғироқ минорасидаги хоч.

Наполеон Бонапарт Аркол кўпригида, сурат муаллифи Антуан-Жана Гро

Кўл бир неча бор ўрганилган бўлиб, сўнгги марта 1979 йилда ғаввослар ёрдамида ҳам ҳеч нарса топилмаган.

Хазина ҳақидаги маълумотнинг ягона манбаси генерал Филипп де Сегюранинг 1824 йилда эълон қилинган мемуари бўлиб, ундан Вальтер Скотт муаллифлик қилган Наполеоннинг биографиясига кўчириб ёзилган.

Шунга қарамай, ишқибозлар хазина борлигига ишонишда давом этмоқдалар: Сёмлевский кўли тубидаги лой қатлами 16 метрга етган ва сувда кумуш ионлари кўпайиши қайд этилган.

7. Наполеонни инглизлар заҳарлашган

Наполеон 51 ёшда вафот этган. Унинг сочларида ва Муқаддас Елена оролидаги хонаси деворларидаги гул қоғозларда маргимуш излари топилгани маккорона қотиллик юз бергани ҳақидаги фикрларга сабаб бўлган.

Аммо Наполеон даврида маргимуш тиббиёт ва саноат соҳасида ҳозиргидан кўра анча кенг қўлланган. Наполеон ва ўша даврдаги бошқа одамларнинг сочларини таққослаганда улардаги маргимуш миқдори деярли бир хилни ташкил этган - ҳозирги одамники билан солиштирганда тахминан юз баробар юқори.

Аломатларни ўрганиб чиққан тиббиёт ходимларининг фикрига кўра, Наполеон жигар раки сабабли ўлим топган.

Мавзуга оид