Ўзбекистон | 18:04 / 16.08.2019
76477
7 дақиқада ўқилади

Kun.uz ходимларига тажовуз: АОКА, Журналистлар уюшмаси, Халқаро пресс-клуб ва депутатлар ҳодисани қоралаб чиқди

Фото: KUN.UZ

Kun.uz сайти вакилларининг журналистлик фаолияти давомида Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокими ўринбосари томонидан тазйиққа учрагани ҳақида материал эълон қилинганди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.

“Афсуски, бундай ҳолатлар айрим мансабдор шахсларнинг қонунлардан бехабарлигини кўрсатиб қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мансабдорларнинг ОАВ вакилларига нисбатан номуносиб ҳаракатларини қоралайди. “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, давлат идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари журналистга тазйиқ ўтказганлик, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик, журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйганлик учун жавобгарликка тортилади.

Жамиятимизда қонун устуворлигини таъминланиш энг муҳим ва устувор вазифа сифатида яна кун тартибига чиқмоқда. Зотан, у хоҳ мансабдор шахс, хоҳ оддий фуқаро, хоҳ журналист ёки блогер бўлсин, қонун олдида ҳамма баробардир.

Ўзбекистон Республикасида сўз эркинлигини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида давлат органлари вакилларининг журналист ва блогерлар билан конструктив муносабатда бўлиши, эркин ахборот олиш имкониятини таъминлаши жуда муҳим. Чунки матбуот ва сўз эркинлиги жамият тараққиётининг энг муҳим омилидир”, - дейилади агентлик муносабатида.

Бундан олдин, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳабовни таҳририят ходимларига давлат органи ходимига хос бўлмаган тарзда муомалада бўлгани, бу билан чекланмай, ижодий жамоа ходимларидан видеотасвирга олмасликни талаб қилиб, операторга ташлангани, таҳририятга тегишли техник воситани синдириб ташлаганини кескин қоралаб чиққанди.

“Бу каби иллатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари – журналистлар эркин фаолият юритиши таъминланишига путур етказиб, очиқлик сиёсатига, мамлакатимиз тараққиётига рахна солади. Шундай экан, Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳабов қонун олдида жавоб бериши керак ва шарт. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси тегишли идоралар – мазкур масалага масъуллардан тезкор чоралар кўрилишини ва бу ҳақда ОАВ вакилларига маълумот бериб борилишини сўрайди”, - дейилган уюшма баёнотида.

Шунингдек, Халқаро пресс-клуб ҳам ҳоким ўринбосари томонидан тадбиркорлар ва Kun.uz интернет нашри мухбирларига нисбатан амалга оширилган қўпол ҳаракатларини кескин қоралади.

“Халқаро пресс-клуб Давлатимиз Раҳбари ўзининг шу яқин кунларда қилган қатор нутқларида ижроия ҳокимият мутасаддиларига, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиш ва очиқ бўлишни таъкидлаётган бир вазиятда, жаноб Ваҳобовнинг ушбу ҳаракатини номақбул деб баҳолайди.

Умид қиламизки, ваколатли ташкилотлар Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг ҳаракатларига амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий баҳо бериб, ушбу нохуш ҳодисани эътиборсиз қолдирмайди”, - дейилган ХПК муносабатида.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг фикрича, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиқиб, Олмазорнинг зўравон ҳокими ўринбосари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши, ўзини кўча зўравонидек тутиб, ҳокимият номига доғ туширгани, раҳбарликка ноқобиллиги учун лавозимини тарк этиши керак.

Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши депутати, ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари ўринбосари Нуриддин Зайнитдиновнинг айтишича: “қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар, давлат хизматчиси ҳисобланган мансабдор шахс томонидан ахлоқ-одоб қоидалари ва амалдаги қонунчилик доирасида иш олиб бориши, ОАВ вакиллари билан очиқ ва ошкора мулоқотни таъминлаши лозим эди”.

“Мана шундай мансабдорларнинг “хурмача қилиқлари” ва “доноларча иш тутишлари” олиб борилаётган сиёсатга доғ бўлмоқда ва халқимизнинг давлат хизматчиларига бўлган ишончини йўқолишига сабаб бўлмоқда.

Тегишли органлар ва Ҳалқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши ушбу ҳолатларга ўз муносабатини билдиради ва белгиланган чораларни кўради деб умид қиламиз.

Журналистларга ҳужум ҳолати юзасидан туман ҳокимининг ўринбосари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиши ва бошқа ҳолатлари бўйича жавоб бериши ва эгаллаб турган лавозимдан озод этилиши лозим деб ҳисоблайман”, - дейди депутат.

Қонунга кўра, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга.

Журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади.

Журналист ахборот тўплаш ва текширув ўтказиш ҳуқуқига эга.

Журналист ўз текширувларининг натижаларини оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишга, уларни давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларга ихтиёрий равишда тақдим этиши мумкин.

Журналист текшируви даврида у кўлга киритган материаллар ва ҳужжатлар олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас. 

Давлат журналистга ахборотни эркин олиши ва тарқатишини кафолатлайди, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди.   

Журналистнинг журналистлик фаолиятига аралашиш, ундан ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида олган бирор бир маълумотни талаб этиш тақиқланади.  

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари журналистга тазйиқ ўтказганлик, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик, журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйганлик учун жавобгарликка тортиладилар.

Журналистнинг белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг журналистлик касбига доир фаолияти билан боғлиқ ҳолда шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Мавзуга оид